Бемашаққат етук олим бўлишни истайсизми?

27.11.2020 12:11

Ҳаётимизда эҳтиёж тушадиган ҳар бир илм ва касбни ўрганиш бир кун келиб уни татбиқ этиш учун вазиятни юзага келтириши мумкин. Хўш, биз учун ахборот қабул қилувчи аъзо саналган қулоқларимиз ва кўзларимиз узатган маълумотларни онгимиз орқали қай йўсинда таҳлил қилиб, қай тарзда сақлаб қоляпти?..

Эътибор қилинг, бугун кўплаб ёшлар илм ўрганиш борасида яхшигина ҳаракат қилишса-да, хотира жиҳатдан панд еяётганидан нолишади. Илмнинг кераксизи бўлмайди, фақат бизнинг бугунги ва эртанги кунларимизга асқатиши мумкин бўлганларни ажрата олишимиз ва хотирамизга биз олаётган ахборотларни сақлаб қолишда бироз кўмак бериб туришимиз керак бўлади. Аслида дуч келишимиз мумкин бўлган саволларнинг жавоби умримиз давомида воқеа тарзда юз беришига нима дейсиз?

Ҳинд киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Харобадан чиққан миллионер” фильмини эсланг. Фильм қаҳрамони берилган саволларга ўзи дуч келган воқеаларни саралаб эслаб, ундан жавоб топади. Бундай қобилиятни ҳар биримиз шакллантиришимиз мумкин. Бунинг учун эса маълум қоидаларни ва онгимизга хизмат қилувчи омилларни қўллашда беқунтлик қилмаслигимиз лозим. Шундай экан, илм олишда ва ҳаётий ҳодисаларни саралаб эслаб қолишда керак бўладиган муҳим жиҳатларга эътибор қаратинг. (Бунда хотирани кучайтирувчи маҳсулотларни тавсия қилиш фикридан йироқмиз)...

ЎЗИНГИЗГА САВОЛ БЕРИНГ...

Аксарият кишилар илм излашни айнан бирор олийгоҳда таълим олиш билан қиёслашади. Бу нотўғри, сиз ўзингизни ва онгингизни ривожлантириш учун қўлингизга тушган ва сизни қизиқтирган китобни ўқиб ҳам илм сари интилишингиз мумкин-ку! Ўзингизга савол бериб кўринг, бирор китоб ўқиётганингизда ёки ҳодисага дуч келганингизда, нега айнан шу китобни ўқияпман, бу ҳодисага нега мен дуч келдим, дея.

Кўп ҳолларда бу саволга ўзингиз ҳам жавоб тополмайсиз. Демак, онгингиз айни жараёндан манфаат кутмаяпти, ҳатто ҳодисадан ҳам. Унда китобни ўқишдан аввал ёки ҳодиса юз берган жойдан ният қилинг: “Буни мен эртага маълум бир вақтда таҳлил қиламан, бу менинг эртаги кунимга керак”, дея.

Агар уша кунги – ёдга олишингиз керак бўлган омилни ёддан чиқармасангиз, унинг деталлари – ўқиган ёки дуч келган вақтингиз, атрофдаги муҳит кабилари билан кўз ўнгизга келтиринг.

Мабодо бу ёдингиздан кўтарилса, ниятингизни амалга ошира олмасангиз, унинг ортга сурилишига ўзингиз сабабчи бўласиз, бу ўзингизни койишга арзиса керак?!

Аммо бу ҳаётимизда юз бераётган барча ҳодисаларни эслаб туриш керак дегани эмас. Уларни саралаб, баъзи кераксизларини ёддан чиқаришга ҳаракат қилиш лозим. Хусусан салбий хотираларни ёдга солувчи ҳодисаларни шундай унутингки, гўё бу сизнинг ҳаётингизда юз бермагандек ва буни шунчаки бирор газета ёки журналлардан ўқигандек ҳис қилишга урининг. Шунда фикрингиз теранлашиб, онгингиз ҳордиқ олиши учун ёрдам берган бўласиз.

ЎЗ ТАБИАТИНГИЗ ВА ТОИФАНГИЗНИ БИЛАСИЗМИ?

Бирор илмдан, китобдан ёки ҳодисадан хулоса чиқара олишни машқ қилинг ва чиқарган мулоҳазаларингизга амал қилишни имкон қадар бажаринг. Донишмандлар кишиларни уч тоифага тақсимлаганлар: бири бутун ва тўлиқ киши, иккинчиси ярим киши, учинчиси эса ҳеч нарса бўлмаган киши.

Биринчи тоифага кирувчилар қадри бутун ҳисобланиб, улар тўғри фикрловчи ва мулоҳазага эга саналади. Шундай бўлса-да, маслаҳат билан иш юритишни канда қилишмайди.

Иккинчи тоифа кишилари фикри бўлса ҳам маслаҳатлашмайди, ўзгалар мулоҳазаси билан қизиқмайди. Фикри тез ўзгариб, нима фойда, нима зарарлигини ажратолмайди ва ўзбошимча бўлишади.

Учинчи тоифа кишиларининг мулоҳазаси бўлмайди, маслаҳат билан иш кўрмайди ва уларни ўзгалар фикри қизиқтирмайди.

Демак, инсон оила ва жамиятда ўз мавқеига эга бўлишида юқоридаги тоифаларнинг қайси бирига тегишли эканини англаб, ўз хатоларини тузата олиш йўлида ирода топиши лозим. Бу ҳам инсон онгининг ўз-ўзини мулоҳаза эта олишида муҳим бир синовдир.

АҚЛСИЗЛИК ВА ЖИННИЛИКНИНГ ДАЛОЛАТИ БОР

Ўзни алдамай тан олиш керак, кўпчилигимиз бир китобнинг сарлавҳаси қизиқ туюлса, уни узоғи билан йигирма саҳифасини ўқишгагина сабр топа оламиз. Бу пайтда ёки уйқу босади, ёки бошқа бирор юмушни ундан кўра муҳимроқ дея ўйлаб қоламиз. Китобдан кулминация ёки охир-оқибат деган жиҳатларни изламанг. Бу фикрингизни бетартибликка олиб келади, холос.

Донишмандларимиз китобга ҳурмат билан муносабатда бўлишни илм йўлидаги ишлардан санашган. Хусусан, ўқилса-ўқилмаса ҳам китоблар томон оёқ узатмасликни, динга оид китобларни бошқа китоблардан биландроқ қўйиш, уни бекордан-бекорга варақламаслик, шунингдек, хат битиш, ёзиш жараёнида эса майда ҳарфларда ёзмаслик, қисқартма сўзлардан фойдаланмаслик, турли ортиқча белгилар қўлламаслик каби жиҳатлар ҳам онг фаолиятига салбий таъсир этар экан. Бу ишлар сиздан сабр талаб қилиши тайин, албатта бу машаққатдек туюлади...

Имом Зарнужий ҳазратлари ўзининг “Илм олиш сирлари” китобида келтирган ҳикматли сўзларга эътибор қаратинг: “Бемашаққат, меҳнат қилмай, қийинчилик кўрмай чўқур билим эгаси, мунозара ўтказа оладиган етук олим бўлишни истайсанми? Билгилки жинниликнинг турлари ҳам жуда кўп. Яъни, бундай йўл билан илм талаб қилиш ақлсизлик ва жинниликдан далолатдир...”.

Шундай экан, инсон ўзининг салоҳиятини юксалтириш учун арзимас бўлиб туюлса-да, юқорида келтирилган сўзларга эътиборли бўлиб, дангасаликдан узоқ юриши лозим.

Дарҳиқиқат, бир пайтлар айрим кишилар орасида “Ўқиб, дунё олиб берармидинг?” деган жайдари фикрлар ҳам йўқ эмас эди. Ўқиб дунёни эмас, ўзингизни бироз бўлса-да, кашф этсангиз, мана шунинг ўзи бир етукликдир. Илмга қизиқмасликнинг ўзи бир дангасалик саналади.

Тадқиқотлардан маълум бўлишича, дангасалик, эринчоқлик каби иллатлар асосан илм ва унинг фазилати тўғрисида фикр юритмаслик ёки буларни йиғиштириб қўйиш туфайли ҳосил бўлар экан.

Нақл қилинишича, дангасалик инсонга ҳаёсизлик, ожизлик ва айбу-нуқсон келтирар экан. Келинг, “Харобадан чиққан миллионер” бўлолмасангиз ҳам илмнинг ўзи бир ҳазина эканини англашга урининг. Ана шундагина сиз ўзингиз истаган мавқеини забт эта оласиз.

Абдулазиз Рустамов, 

журналист

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар