Хусусий бозорга таъқиқ қўйиш коррупция аломатларидан далолат эмасми?

17.01.2021 04:32 - 174

Кеча Насафньюс тармоғи орқали “Қашқадарё вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи: «Ҳамма «дамас»дан норози бўлди” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.

Унда Қашқадарё вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Нарзулла Намозовнинг «Дамас»лар фаолияти бўйича қуйидаги фикрлари берилган:

«Мана ҳозир 50 та автобусни бўйнимга олиб, 14 миллиардга халқ учун олиб келдим. Ким учун, халқ учун, ўзим учун олиб келганим йўқ. Ўйлайсизлар, фойда кўради дейсизларми? Баллонни қўйсангиз, ёғи келади, ёғини қўйсайиз, бошқа «запчасти» келади. Ҳамма нарсани ўзига яраша муаммоси бор. Бизларни ҳам тўғри тушуниш керак.

Мана автобус, дамас деяпсизлар? Биз жамоат транспортига 800 та автобусни бердик. Кредит олиш учун тушунтирдик. Вилоят ҳамма ҳокимларидан йиғилишга сўради. Ҳамма «Дамас»дан норози бўлди. Ҳамма норози бўлди. Чунки жамиятга дамасчиларни ҳеч қандай фойдаси тегмаяпти. Фақат ўзини банд қилади. Бир сўм тушуми йўқ, ойлик иш ҳақи йўқ.

Бизлар автобус қўёлмаймиз, эртага агар дамасларга рухсат берворса ҳозир. Ўзи заводларимизга автобус тиқилиб кетди. Нима учун олмайди тадбиркор? Қопламайди»,- деди Нарзулло Номозов.

Аввало, Нарзулла Номозов иқтисодни яхши тушунадиганга ўхшамайди. “Ўйлайсизлар, фойда кўради дейсизларми?”, деганда зарар кўрсак ҳам қилаяпмиз демоқчими? Бозор иқтисодиётида фойда бермайдиган ишдан нима наф? Транспорт бошқармаси умумий сиёсат юритиш, соҳада ишлаётганларга амалий ёрдам бериш ўрнига нима учун автобусларни кредитга сотиб олиб, бизнес фаолияти билан машғул бўлаяпти. Бир пайтнинг ўзида хусусий бозорга таъқиқ қўйиш билан шуғулланишининг ўзиёқ коррупция аломатларидан далолат бермайдими?

“Чунки жамиятга дамасчиларни ҳеч қандай фойдаси тегмаяпти. Фақат ўзини банд қилади. Бир сўм тушуми йўқ, ойлик иш ҳақи йўқ”. Аввало, одамлар ўзини ўзи банд қилиб юрган бўлса, дўппини осмонга отиш керак. Улар нафақат ишлаб рўзғорини боқаяпти, аксарияти лицензия ҳам олиб ишлаётган эди. 

«Дамасчи»лар фойдали ва одамлар учун қулайлигини, керак бўлса уйингиздан айтган манзилингизгача етказиб қўйишини, қимматбаҳо машинада давлат ҳисобидан юрган ўша туман ҳокимларингиз билмаётган бўлса, демак уларнинг ҳам тафаккур кўзи ёки кўр, ёки жамоат транспортидан ҳам мўмай фойда олиш илинжида “янги нимадир” ўйлаб топиш билан банд. Энди амал-тақал қилиб, тирикчиликнинг ягона манбаидан ҳам маҳрум бўлган оилани қандайдир дафтарларга киритиб давлат ёрдам бериши керакми?!

Н.Намозов агар ташкилотининг фаолияти нимадан иборат эканлигини билмаса, Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлигини ташкил этиш бўйича Президент фармон ва қарорларини яхшилаб ўқиб чиқиши керак. Унда “транспорт ва логистика хизматлари бозорини ривожлантиришни рағбатлантириш, уларнинг барча тоифадаги истеъмолчилар учун оммабоплигини таъминлаш” кераклиги жуда чиройли қилиб ёзиб қўйилган.

Шу куннинг ўзида Қашқадарё вилоят транспорт бошқармаси бўлим бошлиғи Озод Ҳайитовнинг “дамас”лар бўйича  интервьюси ҳам телеграм каналларида пайдо бўлди: 

“Дамас”ларга чеклов қўйилмайди, пандемия сабабли махсус комиссия томонидан қабул қилинган 45-сонли йиғилиш баёни сабабли белгиланган Дамасчилар фаолияти республика бўйича вақтинчалик тўхтатилиб турилибди. Бундан кейин “Дамас”лар ишламайди ёки йўл қўйилмайди, дегани эмас. Бу вақтинчалик тартиб”.

Ресублика Махсус комиссиянинг 45-cонли баённомаси қачон чиққанку, унинг муддати қачонгача ҳеч ким билайди. Очиқ маълумотлар базасидан бу ҳужжатни топиб ҳам бўлади. Лекин одамлар яшаши керак, бозорга чиқиши шарт, ишга бориши лозим. “Дамас”га рухсат берилмаса, улар қандай борсин?

“Тақиқлар ва ман этишлар” ёндашувдан қачон воз кечамиз? Ва ниҳоят вилоят ҳокими бошқарма бошлиғининг бундай бир томонлама ва ҳеч бир на иқтисодий ва инсоний мезонларга мос келмайдиган қарашларидан хабардорми?

- Хабар йўлланг: @rost24_uz_bot
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар