Пандемияда Кореядан қайтган фуқаролар ўз иш жойларига қачон қайта олади?

14.01.2021 09:50 - 157

Кореядан ўз оиласини кўриш учун 541 нафар фуқароларимиз келишганди. Пандемия сабабли улар ўз иш жойларига қайтиб бора олишмаган.

Пандемия сабабли нафақат Корея республикасидаги балки бошқа мамлакатдаги ҳамюртларимиз ҳам анчайин муаммолар билан тўқнаш келишди. Улардан бири карантин сабабли рейсларнинг бекор бўлиши бўлди. Улар энди қачон яна ўз ишларини давом эттиришлари мумкин? Иш берувчи билан тузилган шартномалар тақдири нима бўлади? Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Корея республикасига эркин ёллаш тизими бўйича ишга жойлаштириш бўлими бошлиғи ўринбосари Нурали Баратов билан бевосита Кореяга юбориш бўйича пандемия шароитида қандай ишлар ташкил этилганлигини юзасидан суҳбатлашдик.

– Бу йил пандемия сабабли Ўзбекистон фуқароларини жўнатишда муаммолар бўлди. Биз 90 нафар ишчини юбора олдик. Булар асосан биринчи марта шартномаси чиққанлар. Пандемия бошланишидан олдин, 541 нафар фуқароларимиз таътилга чиқиб Кореядан ўз оиласини кўриш учун юртимизга қайтиб келишган. Пандемия шароити бўлишига қарамасдан 152 нафар юртдошимизни ўз иш жойига қайта юборилишига эришилган.

– Кореяда ишлаб келган ва энди ўз иш жойига кетолмаётган фуқароларимиз қайтиш учун нима қилишлари керак?

– Биринчи навбатда, иш берувчиси билан боғланган ҳолда, Иш жойига қайтиб боришлари ҳақида маълумотнома беришлари керак. Бунда боргандан сўнг 14 кун карантинга олиниши, ўзини ўзи изоляция қилиши шарт бўлади. Изоляцияга олинадиган жойнинг аниқ манзили берилиши керак, ҳамда, иш берувчилар билан мунтазам алоқада бўлиб турилиши лозим.

Биз деярли 400 кишининг рўйхатини бергандик, лекин улардан 152 нафарини Корея томони тасдиқлаб берди. Корея талабига асосан ҳар ҳафтада 10 кишининг рўйхатини бераяпмиз. Уларда ўзини ўзи изоляция қилиш манзиллари кўрсатилган. Ҳозир тегишли ташкилотлар билан музокара олиб бораяпмиз. Лекин, Корея учун Ўзбекистон қизил ҳудуд саналади. У яшил рўйхатга ўтказилса ишлар анча осонлашади.

– Шартнома бўйича бажарилиши керак бўлган ишларни бажариш имкониятига эга бўлмаган фуқароларнинг шартномалари нима бўлади? Тузилган шартномалар тўхтатиладими?

– Биз Кореяга кетувчи фуқароларни уч тоифага ажратиб олдик. Яъни шартномаси биринчи чиққан фуқаролар, шартномаси олдинроқ чиққан 4 йилу 10 ой ишлаб қайта шартнома тузган фуқаролар ҳамда учинчи тоифа таътил олиб юртга келган фуқаролар.

Шуни эслатиб ўтмоқчимизки, Корея республикасида бевосита биз билан ишлайдиган ташкилот - Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати билан музокаралар олиб бориш жараёнида шартномаси чиққан фуқароларнинг виза муддатларини узайтириш бўйича ишлар давом этмоқда. Бундан ташқари шартномаси бекор бўлган фуқароларга яна қайта шартнома тузиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда. Ҳозирда 865 нафардан ортиқ меҳнат мигрантига биринчи марта шартномалар келган бўлиб, шулардан 200 нафардан ортиғининг шартномаси бекор бўлди. Улардан 80 фоизига яна қайта шартнома қилинишига эришдик.

Тўрт йиллик шартномаси тугаган фуқароларимиз эса иш салоҳияти юқори бўлганлиги туфайли катта муаммо туғдирмаяпти. Уларга Корея республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси орқали қайта виза бериш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

– Кореяга ишга юбориш учун бошқа хусусий бандлик агентликларида ҳам ҳуқуқ борми?

– Кореяга ишга боришга Е-9 визаси берилади. Бу жараён Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати билан ҳамкорликда олиб борилади. Икки давлатнинг меҳнат вазирлиги ўртасида бу борада меморандум тузилган. Бунда учинчи томон қўшилиши тавсия этилмаган. Кореяга кетишни хоҳлаган фуқаролар фақат Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан юборилади. Бошқа ҳеч қанақа хусусий бандлик агентлиги бундай ваколатга эга эмас. Фирибгарликка учрамаслик учун бунга алоҳида эътибор қаратишларини сўраган бўлардик. Хусусий агентликлар айнан Е-9 виза турини олиши анча қийин масала. Айрим хусусий агентликлар бу визани ҳам бердик, деб эълон қилишганди. Лекин, улар бугун алдагани учун тегишли ташкилотлар олдида жавоб беришаяпти.

– Бу йил Кореяга ишлашга бормоқчи бўлган фуқароларнинг имконияти қандай? Улар имтиҳон топшириши, янги шартномаларга эришишлари мумкинми?

– Сир эмас, Кореяга бориб ишлаш, ҳам иқтисодий ҳам касбий салоҳиятини оширишга интилаётганлар сони йил сайин кўпаймоқда. Шуни ҳисобга олган ҳолда, ҳозирда икки мамлакат ўртасида, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, қурилиш соҳаларига кўпроқ ишчиларни жалб этишни ривожлантиришга қаратилган музокараларимиз давом этмоқда. Бу борада бирор ўзгариш бўлиши билан албатта фуқароларимизга хабар бериб борамиз, албатта пандемия шароитидан келиб чиққан ҳолатда улар ташкил этилади.

Кореяга кетмоқчи бўлганларнинг тест топширишлари эса Корея инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан шу йилнинг биринчи ярим йиллигида ўтказилиши мумкин. Лекин, Пандемия шароитини ҳисобга олган ҳолда ҳаммаси ташкил этилади. Саналар ўзгариши мумкин.

Ҳозир биз айнан Кореяга ишга боришни истовчи фуқароларни кетишидан олдин бепул корейс тилига ўқитишни режа қилганмиз. Ҳар бир ҳудудда мономарказларимиз бор.

– Кореяда ишловчи фуқароларимиз дуч келадиган муаммолар ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз?

– Корея республикаси хавфсиз ва қонун устувор ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари биринчи ўринга қўйилган давлатлардан бири ҳисобланади. Энг долзарб муаммолардан бири шуки, Кореяга ишга борган фуқароларимиз ўзининг таниши билан бирга ишлаш мақсадида иш жойини ўзгартириш ҳолатлари кузатиляпти. 4 йил-у 10 ой ишлаганидан кейин Ўзбекистонга келса муаммо бўлмайди. Лекин, агар у ерда қолиб кетса, шартномада кўрсатилган иш жойини ўзгартираверса бизга бўлган ишонч ҳам камаяди. Кореяда қонуний уч марта иш жойини ўзгартириш мумкин, аммо, ноқонуний ўзгартираётган фуқаролар сабабли Корея иш берувчиларида ўзбек мигрантларига бўлган талаб сусайиб кетмоқда. Агар фуқароларимиз талабларни ўз вақтида бажарса ишонч ҳам ортади. 

Эслатиб ўтамиз, бироз аввал Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Бандликка кўмаклашиш, тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш бошқармаси 2020 йилнинг ўтган 11 ойи мобайнида 467 минг нафардан ортиқ меҳнат мигрантлари қайтиб келгани ҳақида хабар берган эди. Унда қайд этилишича, Россиядан – 257 минг, Қозоғистондан – 129 минг, Туркиядан – 14 минг, Корея ва бошқа давлатлардан – 66 мингдан ортиқ ватандошлар қайтган.

- Хабар йўлланг: @rost24_uz_bot
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар