The Wall Street Journalнинг навбатдаги мақоласида АҚШ, Ғарб, Россия ва Яқин Шарқ давлатларининг нефть олди-сотдиси ҳақида ҳам гап боради.
Вашингтоннинг минтақавий ҳамкорлари АҚШнинг Москвага қарши чиқиш чақириқларини рад этмоқда.
Байден маъмурияти ўзининг Яқин Шарқдаги энг яқин ҳамкорларини Украинани Россия билан чуқурлашаётган урушда қўллаб-қувватлашга ва иқтисодий тангликни юмшатишга ёрдам беришга ундамоқда.
Форс кўрфазининг нефтга бой монархияларидан тортиб то Исроилгача бўлган АҚШ ҳамкорлари бетарафликни сақлаб қолмоқда. Шу билан бирга Россиянинг минтақада таъсири ортиш фонида Москвани танқид қилишда давом этаяпти.
OПEKнинг амалдаги пешқадами Саудия Арабистони Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан нефть етказиб бериш борасида хавотирлар туфайли бир баррели 100 доллардан ошиб бораётган оддий (ишланмаган) нефть нархини юмшатиш учун АҚШнинг кўпроқ нефть етказиб бериш сўровини рад этди. Бирлашган Араб Амирликлари АҚШнинг чақириғига эътибор бермади ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Россия босқинини қораловчи резолюциясидан тийилди.
Украина элчиси Евген Корнийчукнинг сўзларига кўра, ҳатто АҚШнинг минтақадаги энг яқин иттифоқчиси бўлган Исроил ҳам Украинанинг қурол-яроғ ва бошқа ҳарбий жиҳозлар (дубулға ва ҳимоя камзули) сўровини рад этган. Исроил расмийларига кўра, агар Исроил Москвага қарши турган томонларни танласа, Суриядаги Россия кучларини қўллаб-қувватлаган Эрон жангарилари билан тўқнаш келиши мумкин.
АҚШ мулозимининг айтишича, минтақадаги дипломатик жараён Вашингтон кутгандан кўра эҳтиёткорроқ.
"Биз Россия ва Путинга максимал босим ўтказишимиз билан бирга АҚШ ва жаҳон иқтисодиёти учун хавфни камайтиришга эътибор қаратмоқдамиз", деган Вашингтон расмий вакили. Шунингдек, у Саудия Арабистони ва бошқа давлатлар билан юқори даражадаги музокараларни ўзаро ишонч ҳосил қилиш деб ҳисоблайди.
Саудия Арабистони АҚШнинг қўшимча нефть етказиб бериш бўйича олдинги сўровларини рад этган бўлса-да, нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти расмийлари сешанба куни Халқаро энергетика агентлиги аъзоларининг фавқулодда вазиятда 60 миллион баррель нефть чиқаришга қарши ҳаракатларига қарши тура олмаслигини айтишди. АҚШ ва Қатар расмийлари ўртасидаги музокаралардан хабардорларга кўра, АҚШ томонидан НАТОга аъзо бўлмаган асосий иттифоқчи сифатида эълон қилинган Қатар (бу унвон Саудия ёки Амирликларга берилмаган) Россиянинг табиий газ таъминотида узилишлар бўлса, баъзи газ юкларини Осиёдан Европага йўналтиришга тайёрлигини билдирган.
Шунга қарамай, Украина босқинчилиги АҚШ ва унинг араб ҳамкорлари ўртасидаги хавфсизлик учун нефть олди-сотдиси қанчалик таранглашганини ва Американинг минтақадаги қудратини сақлаб қолишига шубҳалар пайдо бўлгани билан изоҳланади. Ўтган ёзда АҚШнинг Афғонистондан чиқиб кетиши ва унинг узоқ муддатли ташқи сиёсатдаги мақсади Хитойга қаратилиши унинг кўплаб минтақавий ҳамкорларини янги хавфсизлик ва иқтисодий алоқаларни излашга ундади.
Сўнгги йилларда Россия бу бўшлиқни тўлдиришга уринмоқда. Москва Яқин Шарқнинг асосий нефть ишлаб чиқарувчилари билан шартномаси хом ашё нархининг ошишига ёрдам берди. Саудия Арабистонининг асосий суверен жамғармаси ва нефть компанияси билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Россия Сурия ва Ливиядаги фуқаролар урушига аралашиб, қўшнилари таҳдиди остида бўлган Форс кўрфази давлатларига АҚШ қуролларига муқобил вариантларни таклиф қилди.
“Саудия Арабистони ўзи етакчилик қилаётган нефть картели, OPEK ва Россия ўртасидаги келишувни хавф остига қўймоқчи эмас”, дейди Ар-Риёд расмийлари.
Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси, қироллик ҳукмдори Муҳаммад бин Салмон ўтган ҳафта (таҳ. - 27 февраль) Франция президенти Эммануел Макронга Ар-Риёд Москва билан нефть қазиб олиш даражаси бўйича келишувни давом эттиришга содиқлигини айтган.
АҚШнинг Ар-Риёдга нисбатан босимлари, 2018 йилда саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилишида ўша вақтдаги АҚШ президенти (таҳ.-Дональд Трамп) томонидан шаҳзода Муҳаммаднинг иштироки рад этилгани бугунга келиб Байден ва шаҳзода ўртасидаги муносабатлар бир мунча мураккаблашишига олиб келди.
“Байденнинг шаҳзода Муҳаммад бин Салмонни Саудия Арабистонининг амалда етакчиси сифатида тан олишдан бош тортиши шаҳзоданинг Путин тарафини олиш қарорини осонлаштиради”, деди саудиялик маслаҳатчи.
“Байден маъмурияти саудияликлар билан муносабатларни тиклаш устида ишламоқда, Ар-Риёдга юқори даражадаги делегациялар юборди ва жаноб Байден Саудия Арабистони қироли Муҳаммад билан 24 февраль куни телефон орқали мулоқот қилди”, деб айтган АҚШ расмийси.
БАА Вашингтондан узоқлашаётганининг яна бир белгиси сифатида Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси, мамлакатнинг амалдаги ҳукмдори Шайх Муҳаммад бин Зоид ал Наҳаён сешанба куни Путин билан телефон орқали икки томонлама муносабатлар, энергетика бозори ва Украинадаги вазият ҳақида гаплашган. Шунингдек, БАА давлат ахборот агентлигига кўра, Шайх Муҳаммад вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга чақирган.
Шу билан бирга сешанба куни БАА украиналик сайёҳлар учун Яқин Шарқ савдо ва туризм марказига визасиз саёҳат қилишни тўхтатган эди. БААда қолиш ҳуқуқига эга бўлган Украина фуқаролари бир ой давомида энди мамлакатга ташриф буюриш учун визага ариза бериши лозим.
"Исроил ўлчовли ва масъулиятли ёндашувни қўллади. Бу бизга нафақат ўз манфаатларимизни ҳимоя қилиш, балки фойдали бўлиш имконини беради.", деди Исроил Бош вазири Нафтали Беннет. Шунингдек у икки томонлама мулоқот қилиш кераклигига урғу берган.
“Уруш қанчалик узоқ давом этса, АҚШнинг минтақадаги ҳамкорлари ва иттифоқчилари Вашингтон билан яқинроқ келишиш учун шунчалик кўп босимга дуч келишади. Россия минтақа билан алоқаларини кучайтирган бўлса-да, Москва Ар-Риёд ва Абу-Дабига узоқ муддатли ҳарбий ёрдамни таклиф этмайди”, деди Яқин Шарқ институтининг профессори Янг хоним. Унинг айтишича ҳозир ҳам келажакда ҳам Россия бундай қилолмайди.