Россияда ҳарбийликка ёлландиган фуқароларимизни Ўзбекистонда нима кутади?
Сўнгги кунларда Россиянинг Украинага ҳужум қилаётган ҳарбийлари орасида шартнома асосида хизмат қилиб келаётган ўзбекистонликлар ҳақида маълумотлар тарқалмоқда. Бу қанчалар рост?
Россиянинг Москва шаҳрида бир неча йилдан бери мигрантлар ҳимояси билан шуғулланиб келаётган ҳуқуқшунос Ботир Шерматов айни ҳолатлар кузатилганини тасдиқлади.
“Донбассдаги аскарлар орасида ҳам ўзбекистонликлар борлиги ҳақида эшитдик”, дейди Б.Шерматов. Ўзбекистонликлар Россия армиясида ва Суриядаги жангчилар орасида топилганини ва бу ҳақида оммавий ахборот воситаларидаги хабарларга кўзи тушганини айтади. Шерматовнинг айтишича, шартнома асосида аскарликка ёлланиш янгилик эмас.
“Бизга мурожаат қилган одам йўқ. Лекин бу нафақат ҳозирги ҳолат, бундан олдин 2014 йилдан бери тарихан олиб қаралса бор. Чунки Донбассда ҳам кўрдик ўзбеклар чиққанини, Сурияда кўрдик борганларини, яъни террористлар сафида эмас, балки Россия тарафида бўлиб ҳарбий хизматчи сифатида қатнашганларини ОАВ орқали эшитганмиз. Бундай ёллашлар у томонларда яхши йўлга қўйилган. Россияда расмий тан олинмаса ҳам, шунақанги норасмий фирмалар ҳам очилган. Чет давлатлардан шунақа ҳарбий хизмат қилганларни, тажрибаси бор одамларни ишга олиш йўлга қўйилган. Бу нарса бўлиб келган. РФ ҳукумати Россия армиясида хизмат қилган чет эл фуқароларига енгиллик берган ҳолда қонун билан Россия фуқаролигини беришни йўлга қўйган. Лекин, бу ерда бир нарсани таъкидлаб ўтиш керакки, Ўзбекистон “Жиноят кодекси”нинг 154-моддасига кўра, чет давлатларнинг қуролли кучларида ихтиёрий бепул хизмат қилган фуқаролар ҳам жазоланади. Ундан ташқари, пулга ёлланиб ишлашга ҳам жиноий жавобгарлик бор. Буни эсдан чиқармаслик керак.
Икки фуқаролик қилсак бўладими, деб кўп сўрашади. Биз айтамизки, 27 ёшга тўлмаган эркак фуқаролар эҳтиёт бўлсин. Тўғри, Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиб кетмай Россия фуқаролигини олса бўлади. Лекин 27 ёшга тўлмаган бўлса, уни Россия армиясига олиб кетиб қолиши мумкин. Бу ҳолат эса кейинчалик Ўзбекистонга келганда жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади. Шундан эҳтиёт бўлиш керак. Ёллаш бўлаётганини эшитиб турибмиз, лекин бўлмагани яхши. Бу бизни урушимиз эмас. Фуқароларимиз у ерга тирикчилик қилгани борган. Урушда қатнашиб қанчалик тирикчилик қилиш мумкин?! Бу ҳар томонлама ўзининг ҳаётини ҳам, ундан ташқари Ўзбекистонга келганида ҳам зарарли ва хавфли нарса”, дея сўзини якунлади ҳуқуқшунос Ботир Шерматов.