АГАР ФИКРЛАШГА МАЙДОН ҚОЛМАС ЭКАН, МАМЛАКАТ РИВОЖЛАНМАЙДИ

28.02.2022 17:09

Тошкент тиббиёт академияси профессори Зарифбой Ибодуллаев Facebookдаги саҳифаси орқали илмий жамоатчиликка мурожаат билан чиққан эди. У кенг жамоатчиликнинг ва қатор оммавий ахборот воситаларининг эътиборини тортди. Мурожаатнинг айрим жиҳатларини кўриб чиқайлик.

МУРОЖААТДАН ИҚТИБОСЛАР

“Келинг, ҳақиқатга тик қарайлик! Ўзбекистон илм-фани тобора жар ёқасига яқинлашмоқда. Илмга кириб келаётган ёш олимлар орасида плагиатлик авж олди. SCOPUSда мақола чиқариш худди Шўролар даврида қандай бўлмасин пахта планини бажариш каби бўлиб бормоқда. Илмий Кенгашда Ректорлар кафедра мудирларига очиқдан-очиқ «Кўпроқ мақола ёзинглар ва бизнинг институт ТОП 1000таликка кириши керак» деб қайта-қайта ёшлар олдига режалар қўйиб ташламоқда. Натижада деярли 80−90% илмий мақола ҳаводан олиб ёзиб ташланмоқда.

Илм қила оладиган ходим ҳам, қила олмайдигани ҳам диссертация ёқлашга ундалмоқда. Мана 30 йилдирки, ҳеч ким кафедралар моддий-техник базасини яхшилаш ҳақида қайғурмайди ёки ёлғондан қайғуради. 

Яна қайтариб айтаман: илм-фанда плагиатлик очиқчасига авж олди ва энг ачинарлиси бундан ҳеч қайси Устоз ва ҳеч қайси шогирд уялмаяпти. Плагиатлик оддий ҳолга айланиб қолмоқда.

Ўзбекистон тақдири ва унинг келажагини ҳокимлар ёки сиёсатчилар эмас, илм-фан белгилаб беришини биздан яхши биладиганлар бўлмаса керак. Кўриб турганингиздек, Давлатни талон-тарож қилган, юртга миллиардлаб талофатлар келтирган ва оддий ҳалқни уй-жойдан маҳрум қилган бу сиёсатчилар ўзларининг жирканч кирдикорларини ёпди-ёпди қилиш мақсадида Фанлар Академияси ходимларини тулки ва кўрсичқон инини излаб топишга юборишган. Бу воқеани мен мисли кўрилмаган бедодлик ва шармандалик деб ҳисоблайман. Бундайлар учун на олимнинг, на илм-фаннинг қадри бор.

Биз олимлар токайгача индамай келамиз? Барча йўналиш олимлари учун ишлар тиқилиб ётибди-ку! Уларни нега дадил-дадил Президент Маъмуриятига олиб чиқмаймиз? Фанлар Академияси нега ухлаб ётибди? Фанлар Академияси мени фикримча аллақачон қариялар уйига айланган! Бирорта оламшумул янги кашфиёт йўқ! Ўзбек олимлари нега бу аҳволга тушиб қолди? Қани Яҳё Ғуломовлар? Қани Иброҳим Мўминовлар? Қани Обид Содиқовлар? Қани Ҳабиб Абдуллаевлар? Қани Ўктам Ориповлар? Қани Комилжон Аҳмаджонович Зуфаровлар? Қани Восит Воҳидович Вохидовлар? Қани Саъди Сирожиддинов ва Тошмуҳаммад Саримсоқовлар?! Қани Ёрқин Тўрақуловлар? Қани Ҳамид Сулаймоновлар? Қани Хадича Сулаймоновалар? Қани Бўривой Аҳмедовлар? Қани Пўлат Қирғизбоевич Ҳабибуллаевлар?

Нега шундай муқаддас юрт тақдирини бир ҳовуч лаганбардор, коррупционер ва ҳалқ олдида бир пуллик обрўси йўқ баъзи ҳоким ва вазирларга топшириб қўйдик? Вилоят ҳокими қайсидир туман аҳолиси унга ёқмагани учун, ушбу туманни харитадан ўчириб ташлайман деса, яна бири ўзи ҳақида шеър айттирса, яна бири президентга ёқиш учун бир муддат темир вагонга кириб яшаса, бошқа бири ўқитувчиларни бутун юртга калака қилса, бошқа бири пиёда юрсанг Дубайга юбораман деса ва ҳ.к. ва ҳ.к. Қани сиёсий илм? Қани фаҳм-фаросат? Қани мантиқ? Ҳамма ёқни ёлғон босдику! Уялмайсизларми?

Ўзбекистон фақат маҳалладан иборат эмас-ку ахир! Илм-фан деган нарса ҳам бор-ку ахир! Барча соҳа олимлари учун ечимини кутиб ётган ва ўша муаммолар ечилмаса, юрт равнақи ҳақида гапирмаса ҳам бўладиган аччиқ-аччиқ ҳақиқатлар бор. Илтимос! Ҳурматли олимлар! Сиёсатга қул бўлмайлик, юрт равнақи учун хизмат қилайлик! Бор ҳақиқатни президентга етказайлик. Биз нотўғри йўлдан кетмаяпмиз-ми?”

МУРОЖААТГА МУНОСАБАТ

Жамият бу муаммолар ҳақида фикрлашга тушди ва аксарият халқ, жумладан илм аҳли халқимизнинг чекига тушган табиий ва техноген фожеалар даврида ҳам олимнинг қилган фидоийлигини,  куюнчаклигини, оғир пандемия даврида ҳам муҳим муаммоларни кўтарганини эслади.

Аммо, танқид қилинадиган барча соҳалар маъмуриятида бўлгани каби илм-фан тепасидаги мансабдорлар олимга қарши инквизицияни бошлади.

Эслайлик, халқ таълими вазирлигининг олим Маҳмуд Саъдийга, блогер Қобул Дўстовга қарши қўзғатган суд жараёнларини, Ички ишлар вазирлигининг, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг, Адлия вазирлигининг, бошқа қўмита ва агентликларнинг барча баёнот, раддия, тавсиянома, тақдимномалари интиҳосидаги “Барча журналистларни ва блогерларни огоҳлантирамиз – туҳмат ва ҳақорат учун жазо бор” деган тахдидларини хотирга олайлик. Нимагадир уларнинг барчасининг миясига журналистларга қарши қонун моддалари келади, аммо журналистларнинг касб фаолиятини кафолатловчи моддалар келмайди. 

Зарифбой Ибодуллаевнинг мақоласи катта резонанс берганидан, қатор сайтлар кўчириб босганидан сўнг, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳам тиббиёт фанлари доктори Зарифбой Ибодуллаевнинг мурожаатига муносабат билдирди. Мақолага жавоб бўлиши табиийдир. Фақат баёнотдаги таҳдид ва ундан сўнг бошланган ҳаракатлар – Фанлар Академияси тизимидаги турли институт ва университетларда мажбурий мажлислар уюштириш, олимга қарши мурожаатлар қабул қилиш, “оддий меҳнаткашларнинг нафрати”ни ташкиллаштириш жараёнлари собиқ совет тузумининг 37-йиллардаги жадидларга, 50-йиллардаги  “космополит”ларга ва тузум интиҳосидаги Андрей Сахаровга қарши уюштирган ташвиқот ва қатағон мавсумларига ўхшайди.

ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ МУНОСАБАТИДАН ИҚТИБОСЛАР

“Мақола муаллифи, «куйинчаклик» билан етарли даражада асосланмаган шахсий хулосасини ижтимоий тармоққа чиқиб, жар солиши, назаримизда, илмий этикага тўғри келмайди.

Келинг, ҳақиқатга тик қарайлик! Ўзбекистон илм-фани тобора жар ёқасига яқинлашмоқда», деб ёзади муаллиф. Бироқ мазкур фикрни асословчи бирор факт келтирмайди. Агар реал фактларга, мавжуд статистика ва рақамларга суянадиган бўлсак, сўнгги беш йилда Ўзбекистон илм-фани янги поғонага кўтарилаётгани, аниқ ва ижтимоий-гуманитар фан кесимларида олимларимиз, айниқса, ёшлар катта муваффақиятларга эришаётганининг гувоҳи бўламиз.

Илмга кириб келаётган ёш олимлар орасида плагиатлик авж олди» деб ёзади олим. Агар муаллифнинг фикри асосли бўлса, ўз иддаосига аниқ далиллар келтириши лозим ва бу фактлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси ҳамда тегишли ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Агар муаллиф сўнгги йилларда илмий ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун давлат бюджетидан қанча маблағ ажратилаётгани, яратилаётган шарт-шароитлар билан яхшироқ танишиб чиқишга ҳаракат қилганда эди бу мурожаатни ёзмаган бўлар эди.

Биргина Фанлар академиясига сўнгги 3 йилда давлат бюджетидан деярли 800 миллиард сўм ажратилган. 

Бирорта оламшумул янги кашфиёт йўқ!», деб қўшимча қилади муаллиф. Бундай иддаодан олдин ҳеч бўлмаганда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бериб борилаётган илмий янгиликлар билан танишиб бориш керак. Масалан, 17 февраль куни эълон қилинган «Янги юлдуздан – Кофирқалъагача. Ўзбек олимларининг сўнгги ўн йилликдаги энг муҳим 10 кашфиёт ва ихтиролари» мақоласини эътиборингизга ҳавола қиламиз ва қўшимча қилиш мумкинки, илмий ишларнинг натижалари ҳақидаги батафсил маълумотларни кичик бир мақолага сиғдириш қийин.

Демак, Фанлар академиясини «ухлашда» ва «янги Яҳё Ғуломовлар»нинг йўқлигида айблашдан олдин «уйқудан уйғониш»ни ва илмий соҳада эришилаётган ютуқлар билан, ҳеч бўлмаганда, кундалик берилаётган янгиликлар орқали танишиб чиқишини тавсия қиламиз”.

Шу тариқа Ўзбекистон Фанлар Академияси баёнотида “ютуқ ва муваффақиятлар” саноғидан кейин илм-фанда мавжуд бирорта муаммо тилга олинмаган ва бевосита профессор Зарифбой Ибодуллаевдан сиёсий душман ясашга ўтилади ва унга собиқ тузумни қўмсаш ва уни тиклашга уринувчиларга шерикликда айблашга ўтилади, яъни “сиёсий томондан” келинади:

“Муаллифнинг бу мурожаатни ёзишдан асл мақсади бошқа экани, кейинги жумлалардан янада ойдинлашади: «Ахир бундай инсонлар сизлар ёмонлайдиган Совет Ўзбекистонида етишиб чиққан эди-ку». Фанлар академиясида ҳеч бир олим муаллиф урғулаётгандек, «Совет Ўзбекистони»ни ёмонламаган, қоралаб мақолалар ёзмаган. Фақат шўро тузуми сиёсатини қоралаган, бунинг фарқига бориш керак.

Кейинги вақтларда қўшни давлат ҳамда Собиқ иттифоқ мамлакатларида бўлиб ўтаётган воқеалар оқимига назар ташлайдиган бўлсак, муаллиф бу каби саволларни бекорга ўртага ташламаётганини сезиш унчалик қийин эмас. Собиқ иттифоқ давридаги ҳаётни улуғлаш, унга маҳлиё бўлиш ва яна қайтиб ана шу иттифоқ таркибига киришга ундашга чақирувчи бундай мурожаатлар олдин ҳам бўлган, бундан кейин янада авж олиши эҳтимолдан холи эмас”.

Афандига: “Нега девордан ошиб тушган олмамизни териб, қўйнингизга соляпсиз дейишса, у: “Ўзингиз нега хотинингизга ковуш олиб бермайсиз?!” деган экан. Ёки пахта яккаҳокимлиги пайтида: “Нега мурғак мактаб болаларини илмдан қолдириб пахтага олиб чиқяпсиз?” дейилса, амалдорлар: “Пахта – бу сиёсий масала, қамалиб кетасан бу гаплар учун”, - дейишарди. Шу каби олимга “сиёсий” тахдид ўринсиздир. У реал ўша давр олимларини ўрнида келтирган.  

“Муаллиф мурожаатидаги «Нега шундай муқаддас юрт тақдирини бир ҳовуч лаганбардор, коррупционер ва халқ олдида бир пуллик обрўси йўқ баъзи ҳоким ва вазирларга топшириб қўйдик» каби жумлалар нафақат ўзбекона одоб-ахлоқ маданияти, балки мавжуд меъёрий қонунларга ҳам зид келадики, бу иддаони муаллиф ё аниқ фактлар асосида исботлаб бериши ёхуд қонун олдида жавоб беришига тўғри келади”.

Ўзбекистонда коррупция мавжудлигини ва ҳатто охирги йилларда кучайганини Ўзбекистон Президенти билади ва Тошкент вилоятидаги чиқишида таъкидлади. Ҳар куни хабарлар тасмаларида у ёки бу мансабдор миллиардлаб маблағни ўзлаштиргани, қариндошларининг фирмаларига бергани, пора билан қўлга тушгани хабарлари чиқади. Одамлар ижтимоий тармоқларда миллионлаб фактларни келтирмоқдалар. Коррупцияга қарши қонунлар ва Давлат дастурлари қабул қилинган, Идоралараро комиссиялар тузилган. Коррупция мавжудлигини инкор қиладиган ва бу ҳақда гапирган ўз ҳамкасбини “ўзбекона одоб-ахлоқ маданияти”га, “мавжуд қонунларга зид” деб биладиган биргина муассаса Фанлар Академияси бўлса керак.  

“Назаримизда, унинг бу каби мурожаатнома билан чиқишидан олдин мамлакатимиздаги мавжуд қонунлар билан яхшилаб танишиб чиқишини, асоссиз туҳмат, жамоатчилик олдида беобрў қилиш учун жавобгарлик белгиланганини унутмаслик кераклигини эслатиб қўйишни жоиз деб биламиз”.

Қонунлар борлигини ҳаммамиз биламиз ва унинг танлаб журналистлар ва блогерларга нисбатан қўлланилаётганини, журналистларга қаршилик кўрсатишга қарши моддалар мамлакат раҳбари беш йилдан бери талаб қилса-да қабул қилинмаётганлигини, шу билан бирга мавжуд “танқид учун таъқиб” деган қонуний меъёрлар ҳам борлигини, лекин ишламаётганини кўриб турибмиз.  

“Эътиборли жиҳати, бирор муаммони кўтариб чиқиш, камчиликни кўрсатиш осон, лекин негадир профессор ўз чиқишларида муаммони кўтарган-у, унга ечимни таклиф қилмаган. Илм-фан соҳасининг вакили ўлароқ фан ривожи учун ўзи бирор янгилик қилганми, деган савол табиийки барчада уйғонади”.

Танқидни, фикрлашни бўғишга қаратилган, кенг тарқалаётган даъволардан бири шу “танқид қилади-ю, ечимини кўрсатмайди” деган даъводир. Танқиднинг ўзи алоҳида меҳнатдир, бизнинг даврда ҳатто жасоратдир. Танқид қанчалик кўп бўлса, унинг устида кўплаб онглар ишласа, турли нуқтаи назарлар мушоҳада қилинса, шунда ечимлар топилади ва кўплаб онглар ишлагани учун у ечим тўғрироқ бўлади. Ҳар танқид қилган, фикр айтганнинг оғзига урилса, мамлакатда тафаккур сўнади.

Зариф Ибодуллаев муаммо қўйса, Фанлар Академияси у билан бирлашиб ечим изласин, фикрласин.

ИЛМ-ФАННИНГ МАВЖУД МУАММОЛАРИ

  • Яқин келажакда илм-фан соҳасида ҳал этилиши зарур бўлган қуйидаги асосий муаммолар сақланиб қолмоқда.
  • Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарининг илм-фанга эътибори юқори эмас. 
  • Илмий ташкилотлар томонидан инновацион корхоналарни ташкил этиш бўйича тажриба ва кўникмалар тўлиқ шаклланмаган.
  • Илмий ташкилотларда илм-фанни ташкил қилиш, илмий ишлар харажатларини прогнозлаштириш ва натижаларнинг иқтисодий таҳлилини олиб бориш тизими тўлиқ йўлга қўйилмаган.
  • Илмий ташкилотларнинг раҳбарияти асосан илм-фан намояндаларидан (қариялардан – К.Б.) иборат бўлиб, улар илмий тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш, ташкилот ресурс базаси ва инфратузилмасини янгилаб бориш, ишланмаларни рағбатлантириш каби соҳаларда етарли кўникмаларга эга эмас.
  • Илмий салоҳиятни ривожлантиришга хусусий секторни жалб этиш ишлари фаол эмас. 
  • Илмий-тадқиқот ўтказадиган жамоалар, академиклар ва тадқиқотчилар ўртача ёши катта (қариялар масаласи яна – К.Б.). 
  • Аҳоли сонига нисбатан олимлар сони кам...  Ёшларни илм-фанга жалб этиш ишларининг суст ташкил этилганлиги, фан ва таълим тизими ўртасида интеграция даражаси паст бўлганлиги, олимлар меҳнатининг моддий, ижтимоий ва маънавий жиҳатдан етарли даражада қўллаб-қувватланмаганлиги бунинг асосий сабабларидандир.
  • Илмий-тадқиқот натижаларига маҳаллий ва хорижий патентлар олиш даражаси паст”, “илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари томонидан жами 700 та ихтиро патентлаштирилган бўлиб, бунда хорижий патентларнинг улуши 1 фоизга тенг. 
  • Интеллектуал фаолият натижаларини хўжалик айланмасига киритишнинг иқтисодий ва ҳуқуқий механизмлари ривожланмаган. 
  • Илм-фан ва илмий фаолиятга молиявий ресурлар етарли даражада йўналтирилмаган (З.Ибодуллаев айтган бу масалани ҳам).
  • Илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқалар суст, таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграцияси таъминланмаган.
  • Илмий ташкилотлар асосан пойтахт атрофида марказлашган ва ҳудудларда замонавий илмий лабораториялар мавжуд эмас.
  • Илмий базани технологик жиҳатдан жиҳозлаш даражаси юқори эмас.
  • Илмий ташкилотлар ўртасида рақобатнинг ривожланмаган.
  • Мустақил илмий экспертлар жамоаси шаклланмаган. Илмий лойиҳалар муҳокамаси жараёнида маҳаллий олимлар жамоасидан иборат илмий-техник кенгашлардаги "манфаатлар тўқнашуви" лойиҳаларга берилаётган хулосаларнинг холислиги ва сифатига салбий таъсир қилмоқда.

Мен юқорида келтирган ва яна бошқа қатор муаммоларни “халқ душманлари”, “муваффақиятларни кўролмайдиган журналист ва блогерлар” мақолаларидан эмас, Ўзбекистон Президенти Фармони билан қабул қилинган “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси”дан Фанлар Академияси танишиб чиқиши учун олдим.

СЎЗ ВА ФИКР ЭРКИНЛИГИ ҲАМДА ҚОНУНЧИЛИК

Сўз ва фикр эркинлиги нега керак?

Талаба мутахассислиги бўйича ахборот олади ва малакали мутахассис бўлади. Олим илмий йўналиши бўйича ҳар куни жаҳонда бўлаётган янгиликларни олиши керак, шунда у соҳасида етакчи олим бўлади. Деҳқон ва фермер соҳаси, экаётган экини, уни парваришлаш, кимёвий ўғитлар таъсири ҳақида маълумотларни олиши ва ҳатто об-ҳаво маълумотларини билиши ҳамда фикрлаши керак... Сайловчи халқ номзодларини билиши, уларнинг фаолиятини кузатиши ва ўзи истаган одамларга овоз бериши керак, шунда уни яхши инсонлар бошқаради ва фаровонлик ҳамда адолат келади. Сўз ва фикр эркинлашса, юрт ривожланади, фаровонлашади ва ҳамма рози бўлган барқарор ўлкага айланади, норозиликлар келиб чиқмайди, чунки норозиликларга сабаб бўлиши мумкин бўлган муаммолар ҳақида гапирилади ва ечилади. Фикр ривожланган юрт тараққий қилади, фикр бўғилган юрт парокандаликка, қолоқликка юз тутади. 

Мана, сўз эркинлиги, фикр эркинлиги нега керак!

Журналистларга қилинаётган даъволарнинг аксариятини оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат ва ҳақорат қилганликда, шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини пастга урганликда айбловлар ташкил этади. Агар биз даъвогарларнинг ижтимоий-ҳуқуқий мақомига назар ташласак, ғалати бир қонуниятга дуч келамиз: оммавий ахборот воситасида ўзини ҳақоратланган, таҳқирланган ҳисоблаётганларнинг аксарияти давлат ҳокимияти ва бошқарув идораларининг вакиллари, ҳуқуқ-тартибот органларининг ходимлари, сиёсий партиялар ва жамоатчилик ташкилотларининг вакилларидир. 

Кўриниб турибдики, «ҳақоратланган ва хўрланганлар»нинг асосий қисми муайян ижтимоий мавқеъга эга бўлган шахслар – давлат ва жамоат ташкилотлари, вазирлар, мансабдорлар, депутатлар, номзодлар, шоу-бизнес вакиллари бўлиб, уларнинг матбуотнинг эътиборида туриши, халқнинг бу тоифа шахсларнинг ҳаёти ва фаолиятига қизиқиши ва ҳатто саволу ҳисобот сўраши, танқид қилиши табиийдир.

Бир томондан, одамларнинг ўз шаънини, қадр-қимматини ва ишчанлик обрўсини оммавий ахборот воситалари орқали қилинадиган туҳмат ва ҳақоратдан қонуний йўл билан ҳимоялана бошлагани кишини қувонтиради, одамлар ўзлигини англай бошлагандай таассурот қолдиради, аммо, иккинчи томондан, ўз шаъни ва қадр-қимматини  матбуот орқали «ҳақорат» ва «туҳмат»дан асрашга ҳаракат қилаётганларнинг аксарияти амалдорлар экани, давлат ва бошқарув идораларининг у ёки бу поғонасида ишлаётганлигини кўриб, кўтаринкилик учун сабаб тополмайсан. Албатта, амалдорлар ҳам қадр-қимматини, шаънини суд орқали ҳимоя қилиши мумкин. Бу ҳар бир кишининг конституциявий ҳуқуқидир. Давлат ва жамоат арбобларининг шахсий ҳаёти ҳам бошқа фуқароларнинг ҳаёти каби ҳимоя қилиниши лозим. Аммо давлат ва жамоат арбобларининг, сиёсатчиларнинг, амалдорларнинг шахсий ҳаётидаги у ёки бу ҳолатларнинг ижтимоий аҳамияи мавжуд бўлган ҳолларда масалага демократик тамойиллар нуқтаи назаридан келиб чиқиб ёндошмок керак. Сиёсат майдонига кирган, давлат ва бошкарувнинг юқори мансабларида турган шахслар оммавий ахборот воситаларининг, жамоатчилик фикрининг диққат марказида турганликларига, уларнинг ҳаракатларига қизиқиш катта бўлишига кўникишлари лозим. 

Жаҳоннинг демократик мамлакатлари судлари амалиётини таҳлил қилсак, судлар давлат ва жамоат арбоблари шаънига айтилган кескин фикрларга кенгроқ муносабатда бўлганларини кўрамиз. Демократик тизимга ўтиш босқичидаги посткоммунистик давлатларда ҳали амалдорлар сўз эркинлигига унчалик кўникмаганлар. Кўпинча коммунофашизм давридагидек матбуотнинг, радио ва телевидениенинг озроқ танқидига жизиллаб кетиш, маъмурий йўллар билан тазйиқ ўтказиш ҳоллари учраб туради. Журналист ёки блогернинг амалдорлар иш фаолиятини қилган танқидлари уларга уларнинг «шаъни, қадр-қимматини пастга урганлик» бўлиб туюлади. Бу кўпинча уларнинг ўз қадр-қимматларини англаганлари учун эмас, ҳали ҳурфикрликка, ошкораликка кўникмаганлари туфайли юз бермоқда.

Кўпинча оммавий ахборот воситасидаги у ёки бу хабарни «қадр-қимматларини пастга урувчи» деб билган амалдорлар журналистларни судга берадилар ва «етказилган маънавий зарар» сифатида жуда катта миқдордаги маблағларни кўрсатадилар. Ҳолбуки, уларнинг маънавий қониқишлари учун ундириладиган пул миқдори катта бўлиши шарт эмас, қолаверса, қонунчиликда уларнинг судлашиб, жазо талаб қилишдан кўра, ўша оммавий ахборот воситасида раддия ёки жавоб ёзиб чиқиш йўлидан фойдаланиш имконлари ҳам бор. Уларнинг албатта журналистларни жазолашга ва катта маблағ талаб қилишга уринишлари сўз эркинлигига кўникмаганларини, мақсадлари «адолатни тиклаш», қадр-қимматларини «ўрнига қўйиш» эмас, оммавий ахборот воситаси ёки муайян журналистни «адо қилиш» эканини кўрсатади.

Журналистнинг танқидий чиқишига сабаб бўлган амалдорнинг фаолиятидаги камчиликлар аслида муҳокама қилиниши ва тузатилиши керак. Бунинг ўрнига журналистнинг мақоласи, кўрсатуви ёки эшиттириши муҳокама қилинади. Халқ мулкини ўмарган амалдор айбдор эмас, бу ҳақда мақола ёзган журналист айбдор бўлиб чиқади. Танқидий мақола ёзган журналист ва уни чоп этган оммавий ахборот воситаси танқид қилинган амалдор билан узоқ, тинкақуритар тортишувга киришадилар. Жанжалдан нари бўлиш учун муҳаррирлар имкон қадар танқидий чиқишларга йўл бермасликка ҳаракат қила бошлайдилар.

Уч хил ҳолатда биз шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини у ёки бу шаклда пастга уришни кўришимиз мумкин. Биринчиси – ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини пастга урувчи маълумотлар тарқатилган ҳолатлар. Иккинчиси – ёлғон маълумотлар тарқатилган, аммо бу маълумотлар бадном қилувчи шамойилга эга бўлмаган ҳолатлар. Учинчиси – ҳақорат қилинган ҳолатлар.

Кўриб ўтганимиздек, ҳар уч ҳолатда ҳам бир нарса кўзга ташланади – тарқатилган маълумотлар муайян шахсга тегишли бўлиши керак. Бунда гап муайян шахс ҳақида бориши мумкин ёки бутун гуруҳ ҳақида сўз боради ва маълумот гуруҳнинг барча шахсларига бевосита тааллуқли бўлади. Агар гап гуруҳнинг барча аҳзоларига тааллуқли эканини аниқлаш имкони бўлмаса, бундай ҳолатларда даъво қилиш мумкин эмас.

Ҳақорат фақат жисмоний шахсга тегишли бўлиши мумкин, юридик шахсни, масалан, Фанлар Академиясини ёки “барча олимларни” ҳақорат қилиш мумкин эмас. Юридик шахснинг шаъни, қадр-қиммати бўлишини, унинг маънавий азоб чекишини тасаввур қилиб бўлмайди. Фуқаро ўз шаъни, қадр-қимматини ва ишчанлик обрўсини ҳамиша ҳимоя қилиши мумкин. Ҳатто ўлган кишининг шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилиниши мумкин (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 100-моддаси 3-қисми). 

Юридик шахслар фақат ўзларининг ишчанлик обрўларини ҳимоя қилишлари мумкин. Фаолиятининг асосий мақсади тадбиркорлик бўлган тижорат ташкилотлари тарқатилган ҳар қандай ахборотга нисбатан ўзларининг ишчанлик обрўларини ҳимоя қилишлари мумкин. Нотижорат ташкилотлар эса тарқатилган ахборот уларнинг тадбиркорлик фаолиятига боғлиқ бўлган тақдирда ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисида даъво қилишлари мумкин. Агар ахборот давлат ва жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар ёки жамоатчилик ташкилотларининг фаолияти, дастурий ташвиқотлари, мафкураларига, диний қарашларига ва ҳакозоларга тегишли бўлса, ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисида даъво қилиш мумкин эмас. 

Ҳақорат жинояти беодоблик билан қасддан таҳқирлашда, яъни жабрланувчига нисбатан содир этилган ҳар хил ҳаракатларда, масалан, уят гаплар билан сўкиш, турли ҳақоратли сўз ва ибораларни ёзиш, бетга тупуриш ва ҳакозоларда кўринади. Уятсиз шакл деганда айтилган сўзлару иборалар ёки қилинган ҳаракатларнинг кишилар ўртасидаги муомалада ифодаланадиган умумэътироф этган одоб қоидаларига мос эмаслиги тушунилади. 

Агар гап шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ёхуд туҳмат тўғрисида борса, аниқланиши керак бўлган нарса айнан маълумотлар, яъни фактлар бўлади, асло бу фактларнинг қандай баҳолангани, қандай мулоҳаза қилингани бўлмайди.

Зариф Ибодуллаев мақоласида фактлар келтирилмаганини Фанлар Академиясининг баёни ҳам тилга олади. Зарифбойнинг мақоласи эса фикрлардан иборатдир.

Зеро оммавий ахборот воситаларида биз фикрлар, мулоҳазалар, талқинлар, баҳоларга дуч келамиз, уларнинг ҳақиқатга тўғри келиш-келмаслигини бевосита текшириш, ҳаққоний воқелик билан солиштириш  ёки гувоҳлар ёхуд ҳужжатлар воситасида далиллаш мумкин эмас.

Фикрлар, мулоҳазалар, инончу эътиқодларни ифода этувчи ахборотлар - мафкуралар, ғоялар, назариялар, концепциялар, дастурлар, режалар, тахминлар, баҳолар ва ҳакозолар моҳият эътибори билан ҳаққоний ёки ёлғон бўлолмайди, уларнинг ҳақиқатга тўғри келиш-келмаслиги текширилиши мумкин эмас. Бу фикрлар фойдали ёки зарарли бўлиши мумкин, тўғри ёки нотўғри, асосли ёки асоссиз, ишончли ёки баҳсли, тараққийпарвар ёки жоҳилона бўлиши мумкин. Аммо уларни айтгани ёки ёзгани учун журналист ва блогер, ёхуд чоп этгани, ошкор қилгани учун оммавий ахборот воситаси жавобгар бўлиши мумкин эмас. 

Шаън – шахснинг ижтимоий баҳоси, шахс фазилатларининг, сифатларининг жамоатчилик онгидаги акси демакдир. Қадр-қиммат – шахс фазилатларининг унинг ўз онгида акс этишидир. Кўриниб турибдики, шаън ва қадр-қиммат фақат шахсга тегишли бўлиши мумкин. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида ҳам улар шахсий номоддий ҳуқуқлар сифатида тилга олинган (99,100-моддалар) бўлиб, шахснинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси ҳақида сўз боради.

Демак, шаън ва қадр-қимматнинг суд орқали ҳимоясига фақат фуқаро даъво қилиши мумкин, асло ташкилот ёки идора эмас. Давлат идораси, жамоат бирлашмаси, жамоа ёки маҳалла бу ҳуқуқ субъекти бўлиши мумкин эмас. Агар эълон қилинган материалдан муайян шахсни таниш (идентификациялаш) мумкин бўлса ҳамда бунда унинг шаъни ва қадр-қиммати пастга урилган бўлса, айнан шу шахснинг шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилиниши мумкин.

Афсуски, амалиётда баъзан “академиянинг шаъни”, «ташкилотнинг шаъни»ни, «жамоанинг обрўси»ни, «миллатнинг қадр-қиммати»ни ҳимоя қилишга уринишлар учрайди. Ташкилот одам эмас, юридик шахсдир, унинг шаъни бўлмайди. Ташкилотнинг, муассасанинг, идоранинг мавқеи, обрўси бўлиши мумкин, аммо булар фуқаровий-ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.

Агар ташкилот тўғрисида тарқатилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаса, маълумотларга «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида» Қонуннинг 27-моддасида кўзда тутилган тартибда оммавий ахборот воситаси орқали жавоб ёки раддия бериш ҳуқуқидан фойдаланиш мумкин, аммо ташкилот фуқаровий ҳуқуқда кўзда тутилган тартибда ўз шаъни ва қадр-қимматини суд орқали ҳимоя қилиши мумкин эмас. Оддийроқ тушунтирганда, бирор-бир идора, дейлик, прокуратура ёки сартарошхонанинг қадр-қиммати ерга урилганидан қийналишини, асабийлашишини ёки инфарктга учраб чўзилиб ётишини тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун унга маънавий зарар етказилиши ҳам мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикакси Фуқаролик кодексининг 100-моддасида айтилишича, ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган фуқаро бундай маълумотлар рад этилиши билан бир қаторда уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зиённинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақлидир.

Қонунчиликда, кўриб ўтганимиздек, маънавий зарар етказиш деганда жисмоний ва маънавий азоблар етказиш тушунилиши белгилаб қўйилган. Жисмоний ва руҳий азобларни чекишга фақат инсон қодирдир. Юридик шахслар – ташкилотлар, муассасалар, корхоналар, идоралар ва ҳакозоларнинг танаси ҳам, онги ҳам мавжуд эмас, шунинг учун «Фанлар Академияси азоб чекди», «ташкилотнинг юраги сиқилди» деб бўлмайди. Бу кўриниб турган ҳақиқат бўлса-да, амалиётда баъзан судга ташкилотнинг «шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш» сўралган, энг қизиғи, муассасага, идорага етказилган «маънавий зарарни қоплаш» ҳақида даъволар ҳам қилинадики, бу ғайриқонунийдир.

Қонунчиликда ўз шаъни, қадр-қимматини оммавий ахборот воситасидаги у ёки бу чиқиш туфайли ерга урилган, ҳақоратланган ёки таҳқирланган ҳисобловчи шахслар учун ўз номини ва шаънини ўша оммавий ахборот воситасида раддия ёки жавоб бериш орқали тиклаш имкони кўзда тутилган булса-да, амалиётда бу усулдан фойдаланиш йўқ ҳисоби. Айниқса, жавоб бериш имконидан деярли фойдаланилмайди.

Зарифбой Ибодуллаев мақола ёзди, Фанлар Академияси жавоб қилди ва бу табиий ҳамда қонунийдир. Танқид учун таъқиб қилиш, институтларни тўплаб сазойи қилиш кўринишидаги мажлислар қилиш ёки фикр учун судга бериш фикрни бўғишдир.

Хулоса қилишимиз мумкинки, раддия фактик мазмунга эга бўлган маълумотларга – ҳақиқатга тўғри келиш-келмаслиги аниқланадиган маълумотларга берилади. Фикрлар, мулоҳазалар, баҳолар ва ҳакозоларга эса жавоб берилади. Баҳсга сабаб бўлган фикрлар айтилган оммавий ахборот воситасида чоп этиладиган шарҳлар, луқмалар, тушунтиришлар ҳам жавоблар сирасига киради. Фикрга фикр билан жавоб берилади, фикрлар рад қилинмайди, муҳокама қилинади. Фикр йўқотилмайди, баҳслашилади.

Фикрлашда турли фикрлар айтилиши, гоҳо хато, субъектив фикрлар ҳам айтилиши мумкин. Фикрлаш майдони кенгроқ бўлмаса, юрт ривожланмайди, халқнинг дарди ичга ютилади ва бир кун отилиб чиқади.

Конституциявий ҳуқуқ бўлган эътиқод, фикр ва сўз эркинлиги талабларига кўра инсонни фикридан кечишга мажбур қилиш мумкин эмас. Реал воқеалар, ходисалар, фактлар ҳақидаги маълумотларнинг ҳақиқатда бўлган-бўлмаганлиги аниқланиши ва улар ҳақиқатга тўғри келмаса, рад қилиниши мумкин. Фикрлар эса рад этилмайди, мулоҳаза этилади.

Шунинг учун судларнинг айрим қарорларида учрайдиган «таҳририятга даъвогардан кечирим сўраш мажбуриятини юклаш», «фикрини қайтариб олиш», «айтган мулоҳазасидан воз кечиш» талаблари умуман ҳуқуқий жиҳатдан асоссиздир, ҳеч қайси қонунда кўзда тутилмагандир.  

Айтишимиз мумкинки, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборотларни ва қонун билан чекланган давлат сири ҳамда бошқа сирларга тааллуқли ахборотларни истисно қилган ҳолда, ҳар кимнинг фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги кафолатланган, мамлакатда ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Бу менинг фикрим эмас, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 ва 12-моддадаридир.

P.S. Мен диссертациямни якунлаяпман. Бу мақолам учун илмий даража олишимни қийинлаштирмаслар, деб умид қиламан. Зеро, илмий ишим ҳам сўз ва фикр эркинлигига оиддир.

Карим БАҲРИЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси 
Жамоатчилик кенгаши раиси.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
23
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
14.03.2022 01:09
Макола чиккан вактда унга буладиган реакцияни тахмин килган эдим, тахминим узини 100% оклади. Зариф ака, Карим ака бу хали холва булмаса деб куркаман.
13.03.2022 21:03
Накадар доно гаплар
03.03.2022 13:27
Мақола жуда хам тўғри ва адолатли ёзилган. Профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг Ўзбекистон илм-фани тўғрисидаги фикрлари тўппа-тўғри. Ўзбекистонда плагиатга асосланган фан докторларини чиқариш конвейерга қўйилган. Замонавий лабораториялари мавжуд бўлмаган ОТМ лар қандай қилиб олимларни етиштиради? Фақат кўчирмачилик орқали!
03.03.2022 04:39
Мақола жуда хам юқори малакали ва адолатли ёзилибди. Пофессор Зарифбой Ибодуллаевнинг хамма фикрлари аччиқ хақиқат. Буни хамма яхши билади. Масалан, докторлик диссертациялари ёқланадиган илмий Кенгашлар аъзолари сен менга тегма, мен хам сенга тегмайман принципи асосида ўз шогирдларининг плагиат диссертацияларини химоясини ижобий бахолайдилар, ЎзР ОАК да эса диссертацигя холис бахо бера оладиган экспертнинг ўзи йўқ. Натижада сохта олимлар чиқариш конвейерга қўйилган! Минг афсуски буни фақат битта олим айта олади.
01.03.2022 23:44
Жуда тўғри ва ўринли гаплар. Ижтимоий фанларнинг кўпгина ёши катта олимлари ёш тадқиқотчилар билан гаплашишни билмайди, ўзига жуда бино қўйган, кибрли.
01.03.2022 14:59
Ассалому-алайкум Карим ака! Яхши ҳам шу жамиятда Сизга ўхшаган одамлар бор!
28.02.2022 23:33
Ибодуллаев хакикий халкпарвар инсон
28.02.2022 22:58
Мен диссертациямни якунлаяпман. Бу мақолам учун илмий даража олишимни қийинлаштирмаслар, деб умид қиламан. Зеро, илмий ишим ҳам сўз ва фикр эркинлигига оиддир. - Сўз эркинлиги деганда нимани тушуниш керак? Фақат амалдорчалар тўғри деб билан ҳақиқатни айтишми, халқнинг дардини айтишми?