Ҳиндистонлик профессор: "Айтинг-чи, Ҳиндистонда Бобур номли жуда кўп бино ва иншоотлар бор. Хўш сизларда-чи, сизларда нима бор?

21.02.2022 20:45

Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига оид қадимий бинолар хароб аҳволдалиги ҳақида хабарлар бор. Булар қанчалик рост?

Бугун Лал Баҳодир Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази томонидан ўтказилаётган Бобур асарлари қўлёзмасининг Ҳиндистон нусхалари фото кўргазмасининг очилиш маросимидан сўнг, Rost24.uz мухбири Ҳиндистон маданият маркази директори, профессор Чандер Шекхардан ушбу саволга изоҳ сўради. 

Бу саволга жавоб берар экан, Чандер Шекхар айрим нашрлар томонидан Ҳиндистонда Бобур ва Бобурийлар исмлари билан номланган кўчаларнинг номи ўзгараётгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Шу билан биргаликда, Ўзбекистондаги Бобур номи билан аталувчи тарихий биноларнинг камлигидан ҳайратдалигини билдирди.

— Бобурийлар давридан жуда кўп тарихий бинолар сақланиб қолган ва ҳозиргача биз уларни асраб келмоқдамиз. Лекин об-ҳаво таъсири ва йиллар, асрлар ошгани учун баъзи бинолар ўз кўринишини йўқотган. Улардан бири Акбаршоҳ мақбараси. Унинг кўриниши анча эскиргани боис биз уни қайтадан тикладик. Шу жумладан, жуда кўп тарихий бинолар ҳозиргача сақланиб келмоқда ва эскирган қисмларини қайтадан тиклаганмиз. 

Сизга савол тариқасида гапимни шу билан якунламоқчиманки, айтинг-чи, Ҳиндистонда Бобур номли жуда кўп бино ва иншоотлар бор. Сизларда-чи айта оласизми, Бобур номи билан нечта ва нималар қурилган? Нафақат бино, қайси университет ёки шаҳар Бобур номи билан аталади, деб савол ҳам қолдирди Лал Баҳодир Шастри номидаги Ҳиндистон маркази директори, профессор Чандер Шекхар

Биз албатта, бу саволни очиқ қолдирмаймиз, маълумот ўрнида келтириш лозимки, тўғри бирон йирик шаҳар номи Бобур исми билан айтилмаса-да, бугун юртимизда унинг хотирасига ҳурмат билан қаралади. 

Андижон шаҳрида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номида университет (АнДУ), театр, кутубхона, миллий боғ («Боғи Бобур») бор. Бобур миллий боғи мажмуасида «Бобур ва жаҳон маданияти» музейи, шоирнинг рамзий қабр мақбараси бунёд этилган. Шаҳар марказида (муаллифи Равшан Миртожиев) ва Бобур боғидаги ёдгорлик мажмуида (муаллифи Қодиржон Салоҳиддинов) шоирга ҳайкал ўрнатилди. Андижондаги марказий кўчалардан бирига, шунингдек, Тошкентдаги истироҳат боғи ва кўчага, Андижон вилояти, Хонобод шаҳридаги истироҳат боғига Бобур номи берилди. Шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Бобур номидаги медали таъсис этилган.

Ўзбекистондаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирдан  «Бобурийлар сулоласи: тарихи, адабиёти, маданияти» мавзуидаги илмий семинар ҳам ўрин олган бўлиб, унда иштирок этган Озарбайжон вакили ушбу кунни унинг мамлакатида ҳам ўтказилганини қайд этди.

— Озарбайжонда ҳам бу кун Бобур таваллуди сифатида кенг нишонланади. Озарбайжон Фанлар академияси ҳузуридаги адабиёт институтида Ўзбекистон-Туркманистон кафедрасида Бобур ижодига бағишланган тадбирлар, семинарлар ташкил қилинди. Шунингдек, озарбайжонлик олимларнинг Бобур ижоди ҳақидаги асарлари муҳокама қилинди. Биз Муҳаммад Бобурнинг ижодига доим катта эътибор берамиз ва бу иш давом этмоқда, деди Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Самир Аббосов.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар