Оғриқли мавзу. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва ниҳоят деярли ишламаган алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмолига оид Қонунни такомиллаштириш устида иш бошлади ва у якунига ҳам етай, деб қолди.
Rost24.uz сайти тамаки маҳсулоти реализацияси бўйича Қонунда чекланган меъёрларга йиллаб амал қилинмай келингани ҳақида қатор материаллар эълон қилган ва ижтимоий сўровномалар ўтказган. Олий Мажлис депутатларини мудроқ кайфиятдан уйғонишга чақирган эди.
Тамаки маҳсулоти истеъмолини чеклаш бўйича янги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан кўрилиб, Сенатга оширилган. Аммо, уни тасдиқлаб якунига етказиш ишлари чўзилмоқда. Нима учун парламент ёшларни тамаки маҳсулотларидан ҳимоя қилишни ортга сурмоқда?
Ибн Сино жамоат фонди ташаббуси билан “Миллий тикланиш” партияси ҳамкорлигида ташкил этилган онлайн давра суҳбатида қабул қилиниши кутилаётган қонунда назарда тутилаётган чеклов ва талаблар юзасидан маълумот берилди.
Мамлакатимизда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасида қатор қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Лекин уларнинг амалиётда ижро этилиш ҳолати қониқарли даражада эмас. Онлайн давра суҳбатида айнан шундай хулосага келинди.
Тадбирда иштирок этган мутахассисларнинг қайд этишича, янги ишлаб чиқилган ва қабул қилиниши кутилаётган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонунда аввалги ҳужжатларда йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилган.
Аввал ҳам бу борада қонунлар қабул қилинган. Улар деярли ижро этилмайди. Масалан, оддий жамоат жойларида чекишни тақиқлаш қонунчиликда кўрсатилган, лекин унга ҳеч ким амал қилмаяпти. Янги Қонуннинг ҳақиқатда ишлашига ким кафолат беради?
Rost24.uz мухбири томонидан берилган ушбу саволга жавоб берар экан, Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази мутахассиси Шуҳрат Шукуров янги Қонунда ушбу шубҳаларни йўққа чиқарувчи нормалар киритилганини айтиб ўтди.
— Эътиборингизни шунга қаратмоқчиманки, Қонуннинг ижро механизмларидан бири – жамоатчилик назоратини/мониторингини амалиётга жорий этишни мақсад қилиб белгиланганмиз, – дейди Шуҳрат Шукуров. — Қонун нормаларининг ижросини таъминлаш мақсадида ўтган йили мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Йўл харитаси лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унда жамоатчилик назоратини/мониторингини жорий этишга қаратилган. Агар Қонун яқин орада Сенат томонидан маъқулланса ва ҳурматли юртбошимиз томонидан имзоланса, ушбу Йўл харитасини Қонунга мослаштириб, Ҳукумат қарори билан тасдиқлашга ва уни ижро этишга киришамиз.
Электрон сегареталар зарарли экан чеклаш эмас, таъқиқлаш қулай эмасми?
Ушбу савол жавобига “Миллий тикланиш” партияси аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Жуманазар Отажонов таъқиқлаш эмас, чеклаш атамаси бежиз киритилмаганини айтиб ўтди. Бизнинг фракция ҳам аслида таъқиқлашни ёқлаб чиқаётган эди. Дунёнинг 32 мамлакатида электрон сигареталар чекланган экан, нима учун биз чекламаслигимиз кераклигини партия раҳбари ҳам кун тартибига қўйди.
Лекин, кўпчилик депутатлар электрон сегареталарни чекишдан қайтаришни босқичма-босқич амалга ошириш зарурлигини маъқулладилар. Шунинг учун Қонунда чеклаш назарда тутилаяпти.
Қонун алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, у билан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, тамаки ҳамда никотин истеъмол қилиш учун мосламаларни реализация қилишга доир чекловлар кенгайтирилмоқда.
Хусусан, бундай маҳсулот ва мосламаларни йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларга ва йигирма бир ёшга тўлмаган шахслар томонидан, савдо автоматлари орқали, электрон тижорат шаклида, сайёр ва тарқатма (қўлда, лотокларда, саватчаларда, қўл аравачаларида) савдо йўли билан, масофавий сотиш усулида, турғун савдо объектларидан ташқарида, дорихоналарда, болалар учун товарларни реализация қилишга мўлжалланган хоналарда, болалар ўйинчоқлари, конфетлар ёки болалар учун мўлжалланган бошқа товарларига ўхшатиб ишланган бўлса, истеъмол ўровида йигирма донадан кам сигарета бўлса реализация қилишни тақиқлаш назарда тутилмоқда.
Таълим муассасаларига яқин жойларда тамаки сотилиши мумкин эмас. Лекин биз кўрамиз, оддий “пистачи опоқи”, сегарета ва носвойлар сотилишида кўпроқ ҳисса қўшаётганига гувоҳ бўламиз. Улар ҳатто мактаблар олдида ҳам бемалол сотишлари мумкин.
— 2011 йилда қабул қилинган Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида қаерда сотиш мумкин, қаерда мумкин эмаслиги ҳақида таклифлар берган эдик, — деди депутат Жуманазар Отажонов. — Дастлаб таълим муассасаларидан 500 метр радиусда деб белгиламоқчи бўлган эдик, кейин амалиётда ишламади.
2011 йилда қабул қилинган Қонунда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини таълим муассасаларидан 500 метр радиусда, деб белгиланган. Лекин бу норма амалиётда ишламади. Бунинг сабаби картада ўрганилганда, таълим, спорт, диний ташкилотлар жуда зич жойлашгани, чекловимиз нотўғри белгиланганини кўрдик. Кейинчалик, Вазирлар Маҳкамасининг таклифи билан “500 метр радиус” ушбу “ташкилотлар ҳудудидан тўғри чизиқ бўйлаб 200 юз метр”га ўзгартирилди. Тўғри, ҳозирги кунда ҳам бу норма ишламаяпти. Шунинг учун янги Қонунда шу соҳадаги назорат органларинингва ижро этувчи масъулларнинг аниқ вазифаларини киритдик ва бу нормалар Қонуннинг ишлашига хизмат қилади.
Электрон сегареталар ҳам тамаки маҳсулотлар сирасига киритилади
Янги Қонунда электрон сигареталар ҳам тамаки маҳсулотлар сирасига киритилган. Бу ҳақда “Ибн Сино” жамоат фонди раҳбари Нозим Маҳмудов тўхталиб ўтди.
Бунда тамаки маҳсулотларига қандай чекловлар белгиланган бўлса, Қонун қабул қилингандан кейин шундай чекловлар электрон сигареталарга ҳам жорий этила бошлайди. Ҳозирги ҳолатда эса, бу қурилмалар шунчаки, оддий электрон қурилмалар қаторида мамлакатимизга кириб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур Қонун 2021 йилнинг 21 декабрь куни бўлиб ўтган Қонунчилик палатасининг Ялпи мажлисида атрофлича кўриб чиқилиб, қабул қилинган.
Айни вақтда Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан ўрганилмоқда.