Украина атрофидаги зиддиятларга назар: “Шимолий оқим  2” газ қувури қандай лойиҳа?

03.02.2022 13:17

 Агар Россия экспортни қисқартирса, Европа газни қаердан олиши мумкин? Европага ким ёрдам беради? Томонлар келиша оладими? Вазият қандай кечмоқда?

 2014 йилда Путин Украинанинг асосан русийзабон ҳудуди бўлган Қримни аннекция қилгандан сўнг 2015 йилги тинчлик келишуви демаркация чизиғини белгилаб берди ва ҳар икки томонни ён беришга чақирди. Шундан сўнг фронтда кичик даражадаги жанглар давом этмоқда. Томонлар низоларда бир-бирини айблаб келади.

 Шу кунларда Украина муаммолари доирасида АҚШ, Европа Иттифоқи, Россия зиддиятлари давом этар экан, уларни музокарага чорловчи нуқталардан бири “Шимолий оқим 2” газ қувуридир.

Хўш, “Шимолий оқим 2” газ қувури қандай лойиҳа?

 11 миллиард долларлик (8,3 миллиард фунт стерлинг) қувур линияси биринчи марта 2015 йилда эълон қилинган. 2021 йилда Германия канцлери лавозимидан кетган Ангела Меркел 26 миллион германияликлар хонадонини арзон ёқилғи билан таъминлаш ваъдаси ортидан ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаган эди. Аммо, у 2018 йилда буни “адолатли иқтисодий лойиҳа” сифатида кўриб чиқиш мумкин эмаслигини, балки, Украинани транзит мамлакат сифатида четлаб ўтиб, унинг яхлитлигига таҳдид соладиган сиёсий лойиҳа эканлигини тан олди.

 Ушбу газ қувури Владимир Путинга Германия ва бошқа Европа давлатлари устидан кўпроқ таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақидаги узоқ йиллик қўрқувлар Украинадаги қарама-қаршилик туфайли сезиларли даражада кучайган.

The Guardian нашрининг ёзишича,  қувур лойиҳаси бўйича Европа ва АҚШ ўз позициясини мустаҳкамламоқда.

 “Россия Украинага бостириб кирса, Россия ва Германия ўртасидаги “Шимолий оқим 2” қувури очилмайди”, дейди АҚШ Давлат департаменти.

“Янги тажовуз содир бўлган тақдирда, бизда “Шимолий оқим 2”ни ўз ичига олган кенг кўламли жавоб чоралари муҳокама қилиниши мумкин”, деган Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок.

Россия экспорти 2010 йилда Европанинг жами газ етказиб бериш ҳажмининг  30 фоизини ташкил қилган бўлса, 2021 йилнинг биринчи ярмида эса  45 фоиздан ошган. Россия ҳар куни Европага 230 миллион куб/метр газ жўнатади, унинг учдан бир қисми Украина орқали ғарбга ўтади. Асосий истеъмолчилар Германия, Италия, Франция ва Австрия ҳисобланади.

 Агар Россия экспортни қисқартирса, Европа газни қаердан олиши мумкин? Европага ким ёрдам беради?

 Украина билан уруш таҳдиди Европада газ танқислигига олиб келиш ҳавотирини кучайтирди. Оқ уй расмийлари бу ҳафта Байден маъмурияти йирик газ ишлаб чиқарувчи мамлакатларга танкер орқали суюлтирилган табиий газ жўнатиш бўйича келишувни якунлашга тайёрлигини ёзади The Guardian.

Музокаралар дунёдаги энг йирик газ ишлаб чиқарувчилардан бири ва Австралиядан кейин  иккинчи йирик суюлтирилган газ экспорт қилувчи Қатарга қаратилади. Қатар Яқин Шарқда кучли Ғарбий иттифоқчи ҳисобланади. Ливия ҳам кучли газ ишлаб чиқариши ва қитъага яқинлиги туфайли ёрдам бера олади.

АҚШнинг ўзи ҳам Европанинг газ таъминотини кучайтиришда бевосита роль ўйнаши мумкин. Охирги ойда рекорд миқдордаги газ юклари денгиз ортидан Европага йўл олган.

 Россия нима истайди?

Россиянинг Буюк Британиядаги элчиси Андрей Келиннинг The Sunday Times газетасига берган интервюсида “Россия Украинага қарши уруш бўлишини истамайди, шу билан бирга кескинлик дипломатик йўл билан бартараф этилиши керак”, деган.

Россия урушни хоҳлайдими деган саволга “Албатта, йўқ. Ҳамма бунга қарши ва биз бу масалани дипломатик йўллар, музокаралар йўли билан ҳал қилиш мумкинлигига мутлақо аминмиз”, - деб жавоб берган.

Агар украиналиклар Донбасс ҳудудига узоқроқ кирадиган бўлса, Россиянинг жавоби қандай бўлиши ҳақида тахмин қилмаслигини айтди.

“Мен украиналиклар Минск келишувларини бажаришини жуда ёқлаб чиққан бўлардим, чунки Минск келишувлари у ердаги можаронинг ягона дипломатик ва сиёсий ечимидир”, -  деган дипломат.

Шунингдек, Россия Европа Иттифоқининг шарқ томон кенгаймаслиги, Украина алянсга қўшилмаслиги ва ўз чегарасига яқин ҳудудда ядровий қуроллар жойлаштирилмаслигини хоҳлайди.

Расмий Кремл Украина Европа Иттифоқининг хавфсизлигига ҳисса қўшмайди деб ҳисоблайди. Жумладан якшанба куни “ Украина NATOга аъзо давлат бўлишга тайёр эмас, бу алянсга ҳеч қандай фойдали нарса олиб келмайди”, -  деди ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Биринчи каналда. 

 Томонлар келиша оладими? Вазият қандай кечмоқда?

 Reutersнинг ёзишича, Путин АҚШ ва НАТОнинг Россия талабларига жавобидан сўнг биринчи бўлиб Франция президенти Эммануел Макрон билан телефонда суҳбатлашган. “Асосий савол эътибордан четда қолди – Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари хавфсизлик яхлитлиги тамойилига қандай амал қилмоқчи... ҳеч ким ўз хавфсизлигини бошқа давлат хавфсизлиги ҳисобига мустаҳкамламаслиги керак”, - деган саволни қўйган Путин.

НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг айтишича, Ғарб ҳарбий алянси Украина чегараси яқинида аллақачон ўн минглаб аскарлари бор Россия ҳарбий машғулотлар учун Беларусга ўз қўшинлари ва қуролларини олиб кираётганини диққат билан кузатмоқда.

2022 йил 19 январ куни олинган сунъий йўлдош тасвирида Елня шаҳридаги рус қўшинлари учун чодирлар ва турар жойлар кўрсатилган.

Унинг сўзларига кўра, агар Россия Украинага қарши тажовузкор ҳаракатларни давом эттирса, НАТО Шарқий Европада ўз қўшинларини кўпайтиришга тайёр ва Россия ҳужуми киберҳужум, давлат тўнтаришига уриниш ёки саботаж каби турли шаклларда бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Исми ошкор қилинмаган уч нафар АҚШ расмийларнинг Reuters агентлигига айтишича, Россиянинг Украина яқинидаги ҳарбий кучлари қон таъминоти ва қурбонларни даволашга имкон берадиган бошқа тиббий материалларни ўз ичига олган юкларни қабул қилиб олган. Россия Мудофаа вазирлиги изоҳ бериш учун ёзма сўровга дарҳол жавоб бермаган. 

Владимир Зеленский Қўшма Штатлар ва ғарбдаги ҳамкорларининг Россия таҳдидини бўрттириб кўрсатаётгани ва элчиларни олиб чиқиб кетаётганини танқид қилган. Politiсo нашри Зеленскийнинг “ Мен Украина президентиман ва мен шу ерда яшайман ва бу ердаги тафсилотларни яхшироқ биламан деб ўйлайман”, -  дея айтган сўзларини келтиради.

Кескинлашувлар давом этар экан,  1 феврал куни Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон хавфсизлик масалалари ва ҳарбий – техник ҳамкорликни муҳокама қилиш учун  Киевга келди. Унда Борис Жонсон “ Россия босқини “ бўлган тақдирда украиналиклар сўнгги томчи қонларигача курашишини ва янги санкциялар тайёрлаб қўйганини  маълум қилган. Зеленскийга кўра, Россиянинг янги ҳужуми ҳеч қаерни ишғол этмайди, балки, уруш бўлади, фожиа бўлади. Армияни 100 мингга кўпайтиришини айтган.

 

 Украина ҳудудий мудофаа кучлари аъзолари, Қуролли кучларнинг кўнгилли ҳарбий қисмлари Киевда. Сўнгги ҳафталарда ўнлаб тинч аҳоли Украина армияси захираларига қўшилмоқда. 2022 йил, 22 январ. 

Вашингтон ташаббуси билан БМТ Хавфсизлик кенгашининг Украина атрофидаги вазият бўйича йиғилиши 18 феврал куни бўлиб ўтади. 10 та давлат йиғилиш ўтказиш заруратини қўллаб – қувватлади. Россия ва Хитой қарши. Уч давлат бетараф қолган.

Кўриниб турибдики вазият жиддийлигича қолмоқда. Дунё ҳамжамияти ҳавотир билдираркан ечимни дипломатик йўл билан топишга ундамоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
03.02.2022 19:52
Яхши тах,лил бýлибди