Журналист Шерзодхон Қудратхўжа "Йил одами", "Йилнинг энг намунали вазирлиги" ҳамда "Йилнинг энг интеллектуал блоги" номинациялари учун ўз таклифларини билдирди.
Унинг фикрига кўра 2021 йилнинг "Йил одами" бу шубҳасиз Шавкат Мирзиёев. Буни журналист сайлов билан изоҳлади ҳамда бутун Ўзбекистон аҳлининг Президентлик сайловидаги 80.1 фоиз овози буни тасдиқлашини айтди.
Сайтимиз кўрсатган номзодлар бўйича ҳам фикр билдириб, уларнинг фаолияти яхшилиги, бироқ барчаси тор доирадалиги ҳисобига "Йил одами" фақат Мирзиёев бўла олганини қайта таъкидлади.
Шунингдек, журналист 2021 йилнинг "Энг намунали вазирлиги" номинацияси бўйича ҳам ўз қарашларини билдирди:
"Бу ерда ҳам менинг жавобим бошқаларникидан фарқ қилар, лекин ўйлайманки, бу йил оғир йил бўлдики, иқлим нуқтаи назаридан қурғоқчилик бўлди. Шунга қарамасдан Ўзбекистонда бугун Қишлоқ хўжалиги соҳасида жуда кўп иш қилинди. Масалан янги технология, инновация борасида.
Биз бари бир ҳар куни турганимизда сув ичамиз, ҳар куни турганимда нон еймиз, гўшт еймиз ва ҳар биримизни келгуси мамлакатимизнинг ривожланиши ҳам озиқ-овқат хавфсизлигимизга боғлиқ. Шунинг учун мен ўйлайманки, Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирлиги амалий ишлар қилди.
Лекин улар камтарин, пиар қилишни билишмайди.
Мен шу икки вазирликни айтганимда минглаб фермерлар, минглаб деҳқонларимиз ва халқимизнинг дастурхонини тўлдираётган инсонлар кўз олдимга келди".
"Йилнинг энг намунали вилоят ҳокими" сифатида эса Шерзодхон Қудратхўжа ҳар бир вилоят ҳокимлари бирдай ишлаётганини айтди.
"Бу жуда мураккаб савол, мен сизга оддийроқ жавоб бермоқчиман. Масалан бизда Андижон вилоят мисолида олиб қарайдиган бўлсак ҳудуд жиҳатидан бор йўғи бир фоизи. Аммо у ерда Ўзбекистоннинг ўн фоиз аҳолиси яшайди. Бу дегани, Ўзбекистон аҳолиси 35 миллион бўлса, у ерда 3,5 миллион. Лекин у бошқа вилоятлардан керак бўлса олдинда юради.
Ёки Қорақалпоғистон республикаси Ўзбекистоннинг энг шимолида жойлашган. Ўзбекистоннинг 5-6 фоиз аҳолиси яшайди, ҳудуди бўйича энг катта ҳудуди. Шунинг учун бу саволга жавоб берганда одамларнинг ҳаёти фаровонлиги, одамларнинг яшаш даражаси, эртанги кунга умидини ҳисобга олиш керак. Мен ўйлайманки, бу борада ҳамма вилоятлар ҳаракат қиляпти ва жавоб бериш учун ўтириб қандайдир менинг хоҳишим, ёки қайсидир ҳокимга симпатиям, ёки антипатиям билан белгиланмайди. Аниқ статистика билан ишлаш керак. Шунинг учун бу саволингизга жавоб беришга қийналаман".
2021 йилда инсонларга яхши томонлама хизмат қила олган энг намунали блог деб қайси блогни айта оласиз?
"Бугун Ўзбекистонда жуда кўп блогерлар бор. Масалан мен Асановни кузатаман, Давлетовни ўқиб тураман, Бакирони ўқийман, Нозим Сафар камроқ чиқяпти, бироқ ўқийман. Лекин уларнинг орасидан ўзининг муносабатини билдирадиган, ўзининг ичидаги "Микрофон кўтариб юрган аёл" блоги кўп ёқади. Чунки самимий ёзади, оддий ёзади. Шу билан биргаликда у аёл бўлгани учун ҳам бу билан профессионал шуғулланишга вақти камроқ бўлгани учун ҳам менда симпатия уйғотади. Шунинг учун мен Азиза Қурбонова блогини ҳурмат қиламан". – дея ўз фикрини якунлади Шерзодхон Қудратхўжа.