“Оқланмаган ишонч қиссаси” – Ўзбекистонда чоп этилган илк фавқулодда китоб бўлди

19.12.2021 09:58

Муҳожиротдаги ўзбек журналисти – Исмат Хушевнинг китоби Ўзбекистонда чоп этилди.

Реал воқеалар асосида муҳрланган “Оқланмаган ишонч қиссаси”нинг тақдимоти Ёзувчилар уюшмасида ўтказилди. 

2015 йил. Ҳали у кунларга “қатағон йиллари” деб расман таъриф берилмаган бўлсада, одамлар бир биридан ҳадиксираб, қўрқув исканжасида яшаётган давр эди. Қўрқув қутқуси айни авжига чиққан замонларда бир танишим телефонидан “Дунё Ўзбеклари” сайтидаги мақолаларни ўқиётган экан.

Ундан гўё ҳайратлангандек “қўрқмайсизми” дея сўрадим. У бироз кулдида, “Бу сайтнинг дунё бўйлаб 10 миллион аъзоси бор экан, Ўзбекистонда шунча одам сиғадиган қамоқхона ҳали қурилмаган. Шунинг учун қўрқмай ўқияпман” дея жавоб берган эди.

Шундай замонлар бўлдики, одамлар ҳаттоки ёзилганларини ўқишга қўрқадиган бир замонда Исмат Хушев баралла бақириб гапирди.

Исмат Хушев ижодкорларга хос бўлган иккита жиҳат – қўрқув ва ўзини цензура қилиш хислатларидан бутунлай ҳоли инсон.

У шу даражада эркин ва довюрак ижодкорки, нимани хоҳласа – шуни ёзади, қандай хоҳласа – шундай гапиради. У тўғри-ю бу нотўғри деб ўзини цензура қилиб ўтирмайди. Дилидагини “прямой” тилига чиқаради. Ваҳолангки, вақти келиб хато гапириб, кимнингдир дилини оғритган бўлса узур сўрашни ҳам канда қилмайди.

Ижодни собиқ шўролар даврида бошлаб, чорак асрлик И.Каримов даврида ҳам тўхтатмади. Ҳеч ким тўхтата олмади. Ижод қилганда ҳам ёниб-куйиб ижод қилди, шафқатсиз сиёсатчиларнинг оловли давраларида ҳам рақс тушиб ижод қилди. Чорак асрлик тизимда ҳукмрон бўлган “ижодкорларнинг оғзини ёпиш сиёсати”га бошқа ижодкорлар қатори рози бўлиб кетавермади. У курашди, имкон тугаганда эса хориждан туриб курашди. Нима бўлганда ҳам сукут сақлаш Исмат Хушев учун эмаслигини амалда исботлаб келди.

Унинг индивидуал кураши эса бир миллатнинг юзлаб ижодкорлари ижодига татиди десак ҳам муболаға бўлмас...

Унинг курашига гувоҳ инсон сифатида шуни айтишим шартки, ўша яқин ўтмишдаги курашлар шунчаки йўқ бўлиб кетишга маҳкум эмас. Аксинча, тарих зарварақларида қолиши керак.

Биографик саргузашт услубида ёзилган “Оқланмаган ишонч қиссаси” ана шу яхши-ёмон кунларни тарихга муҳрланишининг бир ибтидоси саналади.

Гапнинг индаллосини айтганда, китоб муаллифи Исмат Хушевнинг ўзи ҳам тирик тарих ва энциклопедиядир.

“Оқланмаган ишонч қиссаси” зиддиятларга бой яқин ўтмишни кўз олдингизда гавдалантиради. Китобнинг биринчи варағини очишингиз билан ўқимайсиз, муаллиф билан бирга ўша замонда яшаб кўрасиз. Ўша даврларни танангизда ҳис этасиз.

Ҳақиқий курашлар қандай бўлишини тушунасиз. Асосийси, цензурасиз яшаш ижодкор учун ҳақиқий лаззат эканлигини англаб етасиз.

“Оқланмаган ишонч қиссаси” ҳақиқий ижодкор қандай бўлиши кераклигидан сабоқ берувчи илк қўлланма.

Ш.Холмуҳаммад

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар