"Пора" сўзи қачондан бошлаб "моддий рағбат" бўлиб қолди?
Мансабдор ашёвий далиллар билан ушланганига қарамасдан нега фақат унинг исмини бош ҳарфлари эълон қилинган? Нега у бошқа мансабдорлар учун қўлланилган 210-модда эмас, балки 168-модда яъни фирибгарликда айбланаяпти.
6 декабрь куни Бош прокуратура ахборот хизмати томонидан расмий баёнот эълон қилинган бўлиб унда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Бош прокуратура билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилгани ҳақида хабар берилди.
Хабарда ёзилишича, А.Т. Олмалиқ ихтисослаштирилган прокурори лавозимида ишлаган пайтида, 2020 йил октябрь ойларида ўзига таниш бўлган қурилиш корхонаси раҳбари Д.А.ни Олмалиқ шаҳридаги 11-сонли ётоқхонани реконструкция қилиш бўйича қонуний ўтказилган тендерда қурилиш корхонаси гўёки унинг ёрдами билан ғолиб чиққанлигига ишонтирган ва моддий рағбат талаб қилиб келган.
Шундан сўнг, ҳозирда Бош прокуратурада бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаётган ва жорий йил 22 ноябрдан меҳнат таътилида бўлган А.Т. жорий йил 5 декабрь куни соат 22 ларда Миробод туманида жойлашган "Мустафо" ресторанида Д.А.дан гўёки тендерда ютишига ёрдам қилганлиги учун 29 минг АҚШ долларини олганида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан А.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми "а" банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди.
Бунда ўринли савол туғилади: Жиноятчи ашёвий далиллар билан ушланганига қарамасдан нега фақат унинг исмини бош ҳарфлари эълон қилинган? Нега бошқа мансабдорлар учун қўлланилган 210-модда эмас, балки 168-модда яъни фирибгарликда айбланаяпти. Нега олинган пора “МОДДИЙ РАҒБАТ” дейилмоқда.
168-моддага кўра, Фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш бўлиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Агар бу ҳолатда хизмат мавқиедан фойдаланиб содир этилган деб топилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Яъни порахўр жарима билан бемалол қутулиб қолиш мумкин. 01.09.2021 йилдан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдори 270 минг сўм деб белгиланган бўлиб, 29 минг АҚШ доллари олган прокурор 108 миллион яъни нари борса 10 минг доллар билан қамалишдан қутулиб қолади.
У 210-модда билан айблансачи?
Агар пора олиш қуйидагилардан бири сифатида таснифланса:
а) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 211 ёки 212-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан;
б) кўп миқдорда;
в) тамагирлик йўли билан;
г) бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, – беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора олиш жуда кўп миқдорда ёки уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган деб таснифланган тақдирда эса ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бу ҳолатда жарима ҳақида банд йўқ. Яъни фирибгарликнинг энг оғир кўриниши учун олинган жазо пора учун белгиланган жазодан енгилроқ.
Айтганча, мансабдор ашёвий далил билан ушланган бўлсада Гумонланувчи саналади, у ҳозирда процессуал тартибида ушланган. Унинг айби ва унга белгиланган узил кесил жазо судда белгиланади.