30 йил ичида илк бор Ўзбекистон журналистлари Жаҳон соғлиқни сақлаш, Евроосиё тамакига қарши кураш ташкилотлари вакили ва бошқа мутахассислар билан тамаки чеклаш масаласини муҳокама қилиш учун йиғилдилар.
Ўзбекистонда тамаки маҳсулоти истеъмолини чеклаш бўйича жиддий қонуний чоралар кўрилиш арафасида.
Тамаки маҳсулотларининг ривожланиб кетиши амалдаги қонунларни такомиллаштиришга эҳтиёж борлигини кўрсатмоқда. Бунда табиийки журналистларнинг фаоллиги ўта муҳим. Ўзбекистон журналистлари мутахассислар билан бир доирада тамаки маҳсулотларини чеклаш бўйича «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди.
Семинар тренинг сифатида ўтказилган йиғилишда қуйидаги жиддий саволлар ўртага ташланди.
Қўшни давлатларда тақиқланган бўлишига қарамасдан Ўзбекистонда носвойни чеклаш нега ҳамон имконсиз?
Электрон сигарета ва снюслар Ўзбекистонда тақиқланадими?
Тамаки маҳсулотларини имкон қадар чеклаш давлат бюджетига жиддий зарар келтирадими?
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари аҳоли саломатлиги бўйича кўпроқ қайғурадими ёки тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг қонун лойиҳасига таъсири бўладими?
Бунинг учун қандай курашиш мумкин?
Мазкур саволларга хорижий ва маҳаллий мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар бўлди. Аммо, тамаки маҳсулотини қонун доирасида чеклаш ва аҳоли саломатлиги учун жиддий қайғуриш масаласи Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари зиммасида қолмоқда.
Бугун оммавий ахборот воситалари вакиллари тамаки маҳсулотларини чеклаш, бу борада парламентда лоббизмга йўл қўймаслик мақсадида махсус норасмий виртуал гуруҳ ташкил қилди. Журналистларнинг мақсади «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонунинг тўлиқ чекловлар билан қабул қилинишида фаол бўлиш.
Тадбир “Ибн Сино” жамоатчилик фонди, журналистларни қайта тайёрлаш маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази томонидан ўтказилди. Унда мутахассислардан Евроосиё тамакига қарши курашиш коалицияси раиси Жамилия Содиқова, Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тамакига қарши курашиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзоси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюросининг тамакига қарши курашиш бўйича маслаҳатчиси Елезавета Лебедева қатнашди.