"Халқ қабулхоналари"га аҳоли мурожаат қилди, кейин-чи?

15.12.2020 08:09

Марғилон шаҳри. «Зуҳро» маҳалласи:
— 8 та кўпқаватли уйларнинг том қисми таъмирланди. Фасадлар янгиланди. Уйлар атрофидаги ноқонуний қурилмалар олиб ташланиб, ободончилик ишлари ташкил қилинди. Болалар ўйингоҳлари қуриб берилди. Автотураргоҳ майдонигача асфальтланди.

«Надирмат» МФЙ:
— «Мактаб» кўчаси бўйлаб шу кунларда тоза ичимлик суви тортиш ишлари якунланмоқда. Чириб битган ичимлик суви тармоғи янгиланмоқда. Коммуналчилар бунинг учун 3 минг метр тармоқ тортишди. Маҳалланинг қўшни кўчасида эса электр таъминоти яхшиланмоқда. Темир-бетон таянчлар ўрнатилиб, ҳаво линиялари тортилмоқда.

Тошлоқ тумани. «Заркент» қишлоғи: 
— Қўлбола электр таянчлари олиб ташланиб, улар ўрнида темир-бетон таянчлар ўрнатилди ҳамда ҳаво тармоқлари тортилиб, хонадонлар қайтадан тармоққа уланмоқда.

«Садда» маҳалласи: 
— Ичимлик суви тармоғи чириб битганди. Энди бу аҳоли ўрамида ҳам янгидан тармоқ тортилмоқда.

«Қўрғонча» МФЙ: 
— Маҳалла қабристонига бошловчи йўлларнинг ташландиқ аҳволга келиб қолгани сабаб, қисқа фурсатда маҳаллий ҳокимлик, сектор ишчи гуруҳи томонидан ўрганишлар олиб борилди. Кучлар сафарбар этилиб, қабристон ҳудудидаги эски иморатлар олиб ташланиб, ободонлаштирилди.

«Тожик» қишлоғи: 
— Бошланғич синф болалари учун 120 ўринли мактаб қурилиши ва фойдаланишга топширилмоқда.

Қува тумани. «Сойгузар» қишлоғи: 
— Иккинчи сектор кўмагида кооперация ташкил қилинди. Тадбиркор йигит кооперация раҳбари тариқасида қишлоқдаги ишсиз аҳоли вакилларини ишга қабул қилди. 

Сектор кўмагида кооперацияга 7 гектар ер майдони ажратилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш бўлими томонидан баҳорда гул кўчатларини экиш учун «темир дафтар»да рўйхатга олинган шахсларга 131 млн. сўм миқдорида давлат субсидиялари ажратилмоқда. 

«Бегат»қишлоғи: 
— Қува туманида янги тикувчилик корхонаси ҳам куни кеча иш бошлади. Тикувчи хотин-қизларнинг аксарияти «Бегат»қишлоғидан қатнайди. Улар сафида 18 нафар аёл «темир дафтар»га киритилган бўлиб, иш сўраб қилган мурожаатлари асосида ишли-жойли бўлди.

Олтиариқ тумани. «Капчўгай» массиви:
— Массивда кичик саноат зонасида 20 та лойиҳа тайёрланмоқда. Уларга кўра, 10 сотихдан ер майдони мурожаат билан чиққан талабгор тадбиркорларга берилиб, кичик ишлаб чиқаришлар, шунинг баробарида янги иш ўринлари яратилади.

«Полосон»қишлоғининг «Булоқбоши» маҳалласида ТП ўрнатилди. «Азимобод» қишлоғига Давлат бюджетидан ажратилган 3 млрд. сўм маблағ эвазига замонавий сув иншооти қуриб битказилди. Натижада қишлоқнинг 600 дан зиёд хонадонига тоза ичимлик суви кирди.

«Янги турмуш» МФЙ: 
— Тўртинчи сектор ҳудудида жойлашган. Маҳаллада 17 км. узунликдаги 6 та ички йўл мавжуд бўлса, уларнинг ярмида аҳвол ачинарли даражада эди. Мурожаат орқали бу камчиликни бартараф этишга киришилди ҳамда 153 та хонадондан иборат «Боғи эрам» кўчасини шағаллаштириш ишлари ҳам бошлаб юборилди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар