Энди тиббиёт ва фармацевтика соҳасига ўқишга кириш қийинлашади

16.09.2026 14:03

Ўзбекистонда тиббиёт ва фармацевтика соҳаси учун кадрлар тайёрлаш тизимида қатор ўзгаришлар жорий этилади. Хусусан, тиббиёт йўналишларига қабул қилиш ва талабаларнинг ўқиш жараёнидаги ўзлаштириш кўрсаткичларига нисбатан минимал талаблар оширилади. Бу “Тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда белгиланган.

Тиббиётга киришда минимал балл оширилади

2027–2028 ўқув йилидан бошлаб тиббиёт ва фармацевтика олий таълим муассасаларининг бакалавриат йўналишларига, жумладан, мақсадли қабул доирасида ҳам талабаликка қабул қилишнинг минимал чегараси белгиланади.

Унга кўра, абитуриент кириш имтиҳонида тўплаши мумкин бўлган максимал баллнинг камида 60 фоизини олиши керак бўлади.

2026–2027 ўқув йилидан эътиборан эса бакалавриат, магистратура ва резидентура дастурларида ҳар бир ўқув модулини ўзлаштириш ҳамда давлат имтиҳонларидан ўтиш учун минимал балл белгиланади.

Шифокор мутахассисликлари учун бу кўрсаткич энг юқори баллнинг 70 фоизини, ўрта тиббиёт ходими мутахассисликлари учун эса 60 фоизини ташкил этади.

Шунингдек, жорий ўқув йилидан бошлаб қисқа муддатли қайта тайёрлаш курслари орқали тор соҳа мутахассисликлари бўйича қўшимча ихтисослаштириш ва бирламчи мақсадли ихтисослаштириш курсларига қабул қилиш амалиёти тўхтатилади.

“5+1” тизими жорий этилади

Даволаш иши бакалавриат йўналиши негизида “5+1” шаклидаги олти йиллик умумий тиббиёт бакалавриат таълим йўналиши ташкил этилади.

Бунда талабалар беш йиллик назарий ва амалий таълимдан сўнг битирувчи курсда бир йил давомида тўлиқ амалиёт ўтайди.

Умумий тиббиёт бакалавриат таълим йўналишини тамомлаганларга умумий амалиёт шифокори квалификацияси берилади. Улар белгиланган тартибда оилавий шифокор лавозимида фаолият юритиши мумкин бўлади.

Шу билан бирга, тиббиёт соҳасидаги барча бакалавриат таълим йўналишларида битирувчи курс талабалари учун тўлиқ ўқув йили давомида амалиёт ўташ тизими жорий этилади.

Стоматология йўналишида талабаларнинг амалий кўникмаларини ошириш мақсадида тиббиёт олий таълим муассасаларига стоматология поликлиникалари бириктириб берилади.

Янги тиббий йўналишлар пайдо бўлади

Ўзбекистонда олий тиббий ҳамроҳлик иши бакалавриат таълим йўналиши жорий этилади.

2027–2028 ўқув йилидан бошлаб ҳамширалик иши касбий таълим мутахассислиги негизида тиббий ҳамроҳлик иши мутахассислиги ташкил этилади.

Ушбу йўналишларни тамомлаган битирувчиларга таълим даражасига қараб хотин-қизларга “ҳамшира”, эркакларга эса “тиббиёт оғаси” квалификацияси берилади.

Олий тиббий ҳамроҳлик иши бакалавриат таълим йўналиши бўйича давлат буюртмаси асосидаги қабул параметрлари 2030–2031 ўқув йилига қадар ҳар йили камида 20 фоизга ошириб борилади.

Тиббиётга давлат буюртмаси эҳтиёждан келиб чиқиб белгиланади

2027–2028 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат таълим йўналишлари бўйича тиббиёт таълимига ажратиладиган давлат буюртмаси параметрлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Аҳоли саломатлигини таҳлил қилиш илмий-тадқиқот маркази кадрларга бўлган жорий ва истиқболли эҳтиёжни ўрганувчи асосий ишчи орган этиб белгиланади.

Қабул кўрсаткичлари ҳудудлар, тиббиёт ташкилотларининг эҳтиёжлари ҳамда муайян мутахассисликлар бўйича кадрларга бўлган талабдан келиб чиқиб шакллантирилади.

Тор соҳа мутахассислари резидентура орқали тайёрланади

Тор соҳа мутахассисларини тайёрлашда клиник ординатура негизида халқаро стандартларга мувофиқ давомийлиги табақалаштирилган резидентура дастурлари босқичма-босқич жорий этилади.

Резидентурада тор соҳа мутахассисларини тайёрлаш давлат тиббиёт таълим ташкилотлари ва муассасаларида давлат гранти асосида амалга оширилади.

2026–2027 ўқув йилидан оилавий тиббиёт йўналиши бўйича резидентура ташкил этилади. Ушбу дастурни тамомлаганларга оилавий шифокор мутахассислиги берилади.

2027–2028 ўқув йилидан тор соҳа мутахассисларини тайёрлаш тўлиқ резидентура орқали амалга оширилади ва клиник ординатурага қабул тўхтатилади.

Магистратурага умумий давлат буюртмаси асосида қабул параметрларини қисқартириш натижасида бўшайдиган маблағлар резидентурани молиялаштиришга йўналтирилади.

Давлат гранти асосида резидентурага қабул қилинган талабаларга давлат бюджети ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 2,15 коэффициент миқдорида стипендия тўланади.

Резидентура дастурини муваффақиятли тамомлаганларга халқаро стандарт таснифлагичи ҳамда Миллий малакалар рамкасининг 7-даражасига мос келувчи давлат намунасидаги диплом берилади.

Магистратурада ҳам ўзгаришлар бўлади

2027–2028 ўқув йилидан бошлаб тор соҳа мутахассисликлари бўйича бирламчи ва қўшимча ихтисослаштириш фақат резидентура орқали амалга оширилади.

Шу муносабат билан тиббиёт соҳасида магистратура дастури орқали тор соҳа мутахассисларини тайёрлаш амалиёти бекор қилинади. Магистратура дастурлари асосан илмий-педагогик ва бошқарув кадрларини тайёрлашга йўналтирилади.

Бироқ магистратура ўринларининг 20 фоизгача бўлган қисми амалдаги йўналишлар учун сақлаб қолинади.

Шунингдек, магистратура дастурларига олий маълумотга эга, аммо турдош соҳаларда таълим олган номутахассисларни ҳам қабул қилишга рухсат берилади.

Оилавий тиббиёт йўналишидаги резидентура талабалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббиёт олийгоҳларига бириктириладиган оилавий поликлиникаларда тайёрланади. Бунда аҳолига тиббий хизматлар ОТМ профессор-ўқитувчилари ва резидентлар томонидан биргаликда кўрсатилади. Яъни резидентлар бир вақтнинг ўзида таълим олиб, амалиёт ҳам ўтайди.

Нодавлат тиббиёт ва таълим ташкилотларига эса тор соҳа мутахассисларига бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, ўз маблағлари ҳисобидан резидентура дастурларини ташкил этишга рухсат берилади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар