Қолаверса, аввал шартнома тузилиб, кейин харид эълон қилинган
Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси 25 май куни Олимпия шаҳарчасида ўтказилган «Битирувчи-2026» тадбирига 2 млрд 164 млн 748 минг сўмлик ускуналар ижарага олган.
Қизиғи шундаки, мазкур харидда нафақат маблағнинг ўзи, балки харид жараёнидаги саналар кетма-кетлиги савол уйғотади.
Аввал шартнома тузилган, кейин эса харид жараёни эълон қилинган
Ҳужжатлардаги маълумотларга кўра, шартнома 2026 йил 20 май куни «BAYRAM NAVO» МЧЖ билан тузилган. Шартноманинг ўзида буюртмачи сифатида Ёшлар ишлари агентлигининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси, ижрочи сифатида эса «BAYRAM NAVO» МЧЖ кўрсатилган. Шартнома қиймати 2 млрд 164 млн 748 минг сўм деб белгиланган.
Шартнома предмети эса 25 май куни Олимпия шаҳарчаси марказий майдонида ўтказилган «Битирувчи-2026» тантанали концертига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш хизматларидан иборат.
Бу ерда яна бир жиҳат бор: шартнома тадбирдан беш кун олдин — 20 майда тузилган. Бироқ давлат харидлари электрон тизимида мазкур харид бўйича «таклиф сўрови»га оид эълон 21 май куни жойлаштирилган. Яъни ҳужжатларда кўринаётган хронология шундай: аввал шартнома тузилган, кейин эса харид жараёни эълон қилинган.
Бу оддий техник тафсилот эмас. Чунки харид жараёнининг мантиғи бўйича таклифлар кўриб чиқилиши, ғолиб аниқланиши ва шундан кейин шартнома расмийлаштирилиши керак. Бу ҳолатда эса ҳужжатлар кетма-кетлиги аксинча кўриниш олган.
Яна бир саволни харид натижалари бўйича «Баённома» пайдо бўлган сана туғдиради. Ҳужжатда баённома 1 июнь куни тасдиқлангани кўрсатилган.
Демак, ҳужжатлардаги саналарни бир қаторга тизсак:
20 май — шартнома тузилган.
21 май — давлат харидлари порталида таклиф сўрови эълон қилинган.
25 май — тадбир ўтказилган.
1 июнь — харид натижалари бўйича баённома тасдиқланган.
2,1 миллиард сўмга нималар ижарага олинган?
Ҳужжатларга кўра, 2 млрд 164 млн 748 минг сўм олти турдаги хизмат ва ускуналар ижарасига сарфланган.
Жумладан:
🔴овоз кучайтирувчи ускуналар — 461 млн 440 минг сўм;
🔴 марказий экран ва саҳна майдони учун декорациялар — 352 млн 184 минг сўм;
🔴тасдиқланган эскизлар бўйича 962 кв. метр саҳна подиумлари — 288 млн 600 минг сўм;
🔴 480 кв. метр алюминий ферма конструкциялари — 145 млн 956 минг сўм;
🔴 чироқ техникалари, махсус эффектлар, учқун ва тутунлар билан бирга — 832 млн 768 минг сўм;
🔴40 дона биотуалет — 83 млн 800 минг сўм.
Энг катта сумма — 832 млн 768 минг сўм ёритиш ускуналари ижарасига тўғри келган. Унинг таркибида чироқ техникалари, махсус эффектлар, учқун ва тутунлар ҳам кўрсатилган.
Яна бир эътиборли рақам — 40 та биотуалет учун 83,8 млн сўм, яъни бир донаси учун 2 млн 95 минг сўмдан ижара ҳақи белгиланган.
Тадбирларни ташкил этиш билан мунтазам шуғулланадиган давлат ташкилоти учун овоз, ёритиш, саҳна конструкцияларининг бир қисмини сотиб олиш кейинги тадбирларда ҳам улардан қайта фойдаланиш имконини берган бўлар эди. Нега шундай қилинмади?
«Таклиф сўрови»да эса битта иштирокчи
Ҳужжатлардаги яна бир қизиқ ҳолат харидда фақат битта иштирокчи қатнашгани кўрсатилган. Яъни 2 млрд 164 млн 748 минг сўмлик харид бўйича таклиф сўровида «BAYRAM NAVO» МЧЖ ягона иштирокчи сифатида қайд этилган.
Бунинг ўзи қонунбузилиш дегани эмас. Агар қонунчиликда белгиланган шартлар бажарилган бўлса, битта иштирокчи билан ҳам харид якунланиши мумкин. Лекин давлат маблағи миқдори катта бўлган харидда рақобат даражаси паст бўлгани, табиийки, жамоатчилик учун қизиқ савол туғдиради: бошқа компаниялар нега иштирок этмаган?
Айниқса, бу савол харид эълони тадбирдан бир неча кун олдин, шартнома эса эълондан аввал тузилгани кўринаётган вазиятда янада муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, ҳужжатларда яна бир рақамий тафовут ҳам кўзга ташланади: таклиф сўрови натижалари акс этган жадвалда «BAYRAM NAVO» МЧЖ таклифи 2 млрд 164 млн 686 минг 800 сўм сифатида кўрсатилган, шартнома ва харажатлар спецификациясида эса умумий сумма 2 млрд 164 млн 748 минг сўм деб қайд этилган. Фарқ 61 минг 200 сўмни ташкил этади. Бу ҳам техник хатоми ёки бошқа асосга эга рақамми?