Тошкентда 16 сентябрь соат 09:00 дан 17 сентябрь соат 14:00 гача бир қатор туманлар ва ижтимоий объектларда ичимлик суви таъминоти тўхтатилиши ҳақида хабар тарқалди. Кўрсатилган вақт оралиғи 29 соатни ташкил этади. Ажойиб. Ва бу аҳёнда юз берадиган «аномал» ҳолат эмас.
Хўш, сув таъминоти вақтинча тўхтаганида аҳолига хизматнинг ўрнини босадиган механизм ишлайдими?
Берилган рўйхатда оддий турар-жой маҳаллалари билан бирга касалхоналар, туғуруқ мажмуалари, поликлиникалар, аэропорт, мактабгача ва таълим муассасалари, милиция ва фавқулодда вазиятлар хизматлари каби объектлар ҳам бор.
Расмий тушунтириш контекстида бу куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасидаги режали профилактика-таъмирлаш ишларининг бир қисми. Шу каби ишлар Тошкентда аввал ҳам ўтказилган: масалан, 2026 йил 14 сентябрдан 22 октябргача шаҳарнинг турли ҳудудларида сув тармоқларида режали профилактика-таъмирлаш ишлари олиб борилиши маълум қилинган.
Сув ичишдан ташқари овқат тайёрлаш; қўл ювиш; ҳожатхона ва канализация тизими; тиббий санитария; биноларни тозалаш; беморлар парвариши; эпидемиологик хавфларни чеклаш учун зарур.
БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар қўмитаси сувни инсон ҳаёти ва соғлиғи учун фундаментал ресурс сифатида баҳолайди. Унинг талқинига кўра, инсон сувга етарли, хавфсиз, мақбул, жисмонан етиб бориш мумкин бўлган ва ҳамёнбоп тарзда эга бўлиши керак. Сув таъминоти «узлуксиз» бўлиши шахсий ва маиший эҳтиёжлар нуқтаи назаридан муҳим мезон ҳисобланади.
Ҳа, бу ҳар қандай режали таъмирлаш пайтида сувни бир дақиқа ҳам ўчириш мумкин эмас, дегани эмас. Инфратузилмани таъмирлаш зарур. Аммо, режали узилишни хизмат кўрсатувчи ташкилот қандай бошқаради ва шу вақтда аҳоли ўзининг энг зарур эҳтиёжлари учун сувни қаердан олади?
Жаҳон амалиётида сув тармоғида авария ёки режали узилиш мутлақо ғайриоддий ҳолат эмас. Муҳими, узилишнинг ўзи эмас, уни бошқариш стандартида.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сув таъминоти фавқулодда бузилганда аҳолига муқобил сув етказиб беришни алоҳида кўрсатади. Бундай ҳолатларда автоцистерналар, кўчма сув резервуарлари, вақтинчалик тарқатиш нуқталари ва бошқа муқобил таъминот усулларидан фойдаланиш мумкин.
WHOнинг Европа минтақаси учун тайёрланган чек-листларида ҳам муҳим савол бор: одатдаги сув манбаси бутунлай ишдан чиқса, жамоа миқёсида муқобил таъминот мавжудми?
Унда муқобил сув манбалари олдиндан аниқланганми; сувни тозалаш воситалари тайёр ҳолатдами; тасдиқланган сув ташувчи машиналар борми; вақтинчалик сув тарқатиш пунктлари ташкил этиш режаси мавжудми деган масалалар текширилади.
Яъни, халқаро ёндашувда «Сувни ўчирдик, аҳоли ўзини ўзи эпласин» деган модель асосий стандарт эмас.
Масалан, юқумли касалликлар шифохонасида сув таъминоти тўхтаса, канализация ва санитария жараёнлари қандай давом этади?
Туғуруқхонада чақалоқлар, оналар ва тиббий персонал учун сув захираси қанча?
Шифохонада операция, стерилизация, лаборатория ва санитария жараёнлари қандай ташкил қилинади?
Сув таъминоти тиклангандан кейин тармоқдаги сув сифати қандай назорат қилинади?
Рўйхатда Тошкент халқаро аэропорти ҳам бор.
Аэропортда сув санитария узеллари, овқатланиш объектлари, тозалаш, ходимлар гигиенаси ва айрим технологик жараёнлар учун керак.
Шунинг учун аэропорт каби объектлар учун оддий аҳоли билан бир хил сценарий қўллаш эмас, алоҳида узлуксизлик режаси бўлиши мантиқан зарур.
Айтиш лозимки, хабарда «нима қилиш керак?» деган қисм етишмаяпти. Берилган хабарда қаерда, қачон сув бўлмайди деган саволга жавоб бор холос. Аммо, қаердан сув олиш мумкин?
Сув ташувчи машиналар қаерда туради?
Улар қайси вақтда ишлайди?
Сув бепулми?
Кекса ва ногирон аҳолига сув қандай етказилади?
Касалхоналар учун алоҳида резерв манбаси борми?
Ишлар белгиланган муддатдан узайса, аҳолига қандай хабар берилади?
Сув қайта берилгач, уни дарҳол ичиш мумкинми ёки тармоқни ювиш/дезинфекция қилиш талаб этиладими?
Нега бу каби маълумотлар хабарда кўрсатилмаган?
29 соатлик узилишни нормал хизмат сифати деб қабул қилиш учун унинг ортида жиддий компенсацион механизмлар бўлиши керак.
Халқаро ҳуқуқий ва соғлиқни сақлаш ёндашувларида сувга эришиш фақат «қувурдан сув келяптими-йўқми» билан ўлчанмайди. Етарлилик, хавфсизлик ва жисмоний етиб бориш имконияти ҳам муҳим.
Хабар фақат «сув бўлмайди» деган огоҳлантиришдан иборат бўлиб, муқобил таъминот механизми тушунтирилмаган экан, демак тизим рисоладагидек ишламаяпти. Айниқса, рўйхатда тиббиёт муассасалари борлиги бу ерда шаҳарнинг критик инфратузилмасини бошқариш сифатини алоҳида муҳокама қилишни талаб қилади.
М. Ворис