Қизилқум чўллари Дубай шаҳзодаларининг кўнгилхушлик масканими?

11.10.2021 17:23

Дубай шаҳзодаларининг ови Ўзбекистон учун қимматга тушяптими? Экология қўмитаси тувалоқлар овини нега оқламоқда?

Ҳар йили октябр ойида Ўзбекистонга Дубай шаҳзодалари лочинлари билан ташриф буюради. Улар Навоий шаҳридан қарийб 50 километр узоқликда 300 гектар ер майдонидаги Амирликлар марказида «Emirates Center for Conservation of Houbara» (Амирликларнинг йўрға тувалоқларни асраш маркази – АЙТАМ) йўрға тувалоқларни овлашади. Ўзбекистон Экология қўмитаси томонидан ов учун махсус квота ажратиб берилади. 

Шунингдек, АЙТАМ маркази томонидан ҳар йили маълум миқдордаги инкубаторда етиштирилган тувалоқлар очиқ табиатга қўйиб юборилади. 2020 йилда йўрға тувалоқларни илмий мақсадда табиатдан ажратиб олиш учун жами 357 дона квота ажратилган. Бу сон табиатга Бирлашган Араб Амирликлари томонидан қўйиб юборилаётган тувалоқлар соннинг 10 фоизини ҳам ташкил этмайди.

Экология қўмитаси шаҳзодалар ови учун махсус квота ажратиб, уларнинг фаолиятини қонунийлаштирган. Дубай шаҳзодаларининг Навоий чўлларидаги ови Ўзбекистон табиати учун қимматга тушмайдими? Экология қўмитасининг шаҳзодалар овини қўллаши қанчалик тўғри? Rost24.uz шу ҳақида мулоҳаза юритиш учун мутахассисларга юзланди.

Шарқий Англия университети олими Роберт Ж.Бернсайднинг фикрича Дубай шаҳзодалари ташкил этган тувалоқлар инкубаторининг Ўзбекистон табиатига етарлича фойдаси йўқ. Чунки Амирликлар марказида етиштирилаётган йўрға тувалоқлар ёввойи табиатда узоқ яшай олмайди. Буни устига уларнинг насл қолдириш имконияти ҳам яхши ўрганилмаган.

Олимнинг маълумот беришича, қўйиб юборилган тувалоқлар ёввойи табиатга тўлиқ мослаша олишмайди. Яқинда ўтказилган бир қанча тадқиқотлар шуни кўрсатдики, асирликдан олинган йўрға тувалоқлар муҳим демографик хусусиятлари билан ёввойи турдошларидан фарқ қилади. Масалан, узоқ муддатли омон қолиш имконияти ёввойи қушларга қараганда пастроқ. Йил фаслларига қараб кўчиб юриш хусусияти ҳам анча суст ва жуда кўп қисми қишнинг совуқ кунларида ҳалок бўлади. Омон қолиб эркин табиатга мослаша олганлари эса келаси йилги лочин овининг қурбони бўлиши мумкин.

Ов вақтида Дубай шаҳзодаларининг лочинлари фақат марказдаги “инкубатор” йўрға тувалоқларни танлаб овлашига кафолат борми? Асл ёввойи тувалоқлар ҳам, эндигина табиатга мослашган йўрға тувалоқлар ҳам Дубай лочинларининг ўлжаси бўлиши ҳеч гап эмас. Шу боисдан ҳам АЙТАМнинг 13 йилдан буён фаолият юритиб келишига қарамай, табиатимизда тувалоқлар ортиб бораётгани йўқ.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги йўрға тувалоқ қушларининг 2019 йилда 4132 донаси ҳамда 2020 йил 13 августга қадар 4069 донаси, 2021 йилда 1000 дан ортиғи табиатга қўйиб юборилган. Аммо уларнинг қанчаси омон қолгани ва бугунги кунда табиатимизда бу турдаги қушларнинг сони қанчалиги ҳақида аниқ маълумотлар ошкор қилинмаган.

Роберт Ж.Бернсайднинг хулоса қилишича, АЙТАМ маркази табиатимизни тўлиқ йўрға тувалоқлар билан таъминлай олмайди. Энг яхши усул эса бу қушларни эркин ҳудудда кўпайтиришдир. Бу эса уларнинг овланишини тўлиқ чеклаш деганидир. Шунингдек, экожурналист Наргиза Қосимованинг айтишича “Бошқа мамлакат фуқароларининг Ўзбекистон тупроқларида ов қилишига рухсат бериш ҳеч қайси этикет қоидаларига тўғри келмайди”.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
11
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
24.10.2021 03:13
Yo'rg'a tuvaloq CITES ning II Ilovasiga ham kiritilgan
12.10.2021 15:43
Dubayda cho'l yo'qmi yoki u yerda odamlar yashaydimi?
11.10.2021 23:57
Тувалоқлар популяциясини ошириш ва кўпайтириш учун энг муҳим сармоя бу! Тасаввур қилинг битта тувалоқ овлаш учун қилинган харажат эвазига канча канча тувалоқларни кўпайтириш мумкин. Хорижий давлатлар ҳам худди шундай йўлни тутишган. Бу номал ҳолат. Дейлик битта тувалоқ овлаш 5 минг доллар булса ушбу маблағни туволоқ кўпайтиришга йўналтирса камида 30 та тувалоқ етиштириш мумкин.