Ўзбекистонда қўшимча иш излаш эҳтиёткорликми ёки зарурат?

29.09.2021 13:04

 «HeadHunter – Ўзбекистон» маълумотлар базасида 2021 йилнинг сентябрь ҳолатига кўра, 200 мингдан зиёд резюме ва 3 мингдан зиёд бўш иш ўринлари мавжуд.

HeadHunter компанияси hh.uz сайтига жойлаштирилган иш берувчиларнинг вакансиялари ва иш қидирувчиларнинг резюмелари таҳлилига асосланиб, "Ўзбекистонда қўшимча иш излаш: эҳтиёткорликми ёки зарурат?" мавзусида тадқиқот тайёрлади. 

Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги учун қўшимча иш одатий ҳолга айланиб бормоқда. 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида қўшимча иш излаб жойлаштирилган резюмелар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 418 фоизга ошган. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон меҳнат бозорида икки қарама-қарши тенденция мавжуд: иш билан банд фуқаролар орасида қўшимча иш излайдиганлар сони тобора ортиб бормоқда, иш берувчилар орасида эса вақтинча ёки лойиҳа асосида ишловчи мутахассисларни қидирувчилар кўпаймоқда.

2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида қисман бандлик шаклида таклиф қилинаётган бўш иш ўринлари сони 524 фоизга ошган ва бу умумий бўш иш ўринларининг 1,5 фоизини ташкил қилмоқда.

Масофавий шаклда ишлаш усули кенг ёйилиб бораётгани қўшимча меҳнат қилиб, даромад топиш учун муносиб шарт-шароит яратди. 2021 йилнинг январь ойидан сентябрига қадар бўлган даврда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан масофавий шаклдаги бўш иш ўринлари сони 141 фоизга ўсди, резюмелар сони эса уч баробардан ошди. Масофавий иш бўйича вакансиялар улуши hh.uz сайтидаги бўш иш ўринлари умумий сонининг 3,7 фоизини ташкил қилмоқда.

Қўшимча иш кишиларни турли сабаблар туфайли жалб қилмоқда.

Қўшимча даромад:

Кўплаб иш изловчилар учун асосий даромаддан ташқари қўшимча пул топиш имконияти ёндош иш қидиришнинг асосий сабабидир. Зеро, қўшимча иш молиявий мустақилликни таъминлайди.

Профессионал жиҳатдан ўсиш:

Агар асосий иш жойида ходим карьеранинг юқори чўққисига чиққан ва унинг малакаю қобилияти ривожланишдан тўхтаб қолган, потенциалига муносиб баҳо берилмаётган бўлса, у шахсий ривожланиш учун бошқа компанияда ишлашни танлайди. Кўпинча, тўлиқ бўлмаган иш куни кишига билимини синаб кўриш, маҳоратини ошириш ва вақт ўтиши билан лавозимини юқори даражага кўтариш ёки ҳатто фаолият соҳасини тубдан ўзгартиришга хизмат қилади.

Шахсий мақсадлар йўлида:

Волонтёрлик, жамоат ташкилотларида ишлаш, стартаплар - бу сўнгги йилларда фаоллашаётган қўшимча бандликнинг яна бир туридир. Кишилар шахсий алоқалар ўрнатиш, профессионал соҳада фойдали танишлар орттириш орқали шахсий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш имкониятидан унумли фойдаланишяпти: яъни, масалан, бу ўзгаларга кўмак бериш ёки энг дадил ғояларни амалга ошириш бўлиши мумкин.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
29.09.2021 19:14
Qo'shimcha ish - zarurat.