Болаликда аммам билан “Чоршанба бозор”га боришни хуш кўрардик. У учун энг яхши ҳамроҳ мен эдим. Чунки менга йўлкира текин ва мен битта хўрозқанд билан хурсанд бўлардим.
Яқинда ўша дамларни эслаб қўшни Хатирчи тумани Боғчакалон ҚФЙ Зарафшон маҳалласида жойлашган, халқ орасида “Чоршанба бозор” номи билан машҳур “Пармидон саховати” деҳқон бозорига бордим. Ўйлаб кўрсам, у ерга охирги марта етти йил олдин борган эканман. Бозор қиёфаси унчалик ўзгармаган. Унинг харидорлари, асосан, турли қишлоқларнинг содда, оддий шароитларга-да кўникувчан аҳолиси. Улар ёз ойларида саҳардан бозорга тушади. Чунки кун исиб кетмасдан уйга қайтиб хўжалик ишларига ҳам улгуришлари керак. Рўзғордан орттирган сут маҳсулотлари, мева-сабзавотлар ёки сигир, бузоқ, қўй-эчкиларини пуллаб, зарур маҳсулотларни сотиб олишади.
Бозорни айланар экансиз, кўпчиликни ром этадиган кадрлар топиш мушкул. Аммо одамлар юзидаги самимият суратларга маъно берадигандек гўё. Уларнинг яшаётган ҳаёти ҳашаматли эмас. Шундай бўлса-да чеҳраларида мамнуният бор.
Улар ҳар бир сўмни ёзнинг жазирамаси-ю қишнинг қировли кунларида далада ишлаб, парранда, мол-қўй боқиб, деҳқончилик қилиб, пахта териб, кўрпа қавиб топади. Шу боис нарх-навога қаттиқ туради. Уларнинг сотувчи билан талашиб-тортишмасдан нимадир харид қилиши мушкул.
Мамлакатдаги бозорларнинг деярли барчасида ҳаммолларни учратамиз. Олдинлари улар фақат жисмоний кучдан фойдаланган бўлса, бугунги кунда ҳар хил турдаги катта-кичик арава, баъзан эшакда юк ташийди.
Бу каби бозор харидорлари учун гўшт маҳсулотларининг сақланиш ва сотилиш шароити иккинчи даражали. “Яхшилаб қайнатсак, қорин оғритмайди” дейишади.
“Чоршанба бозор”дан истаган нарсангизни топишингиз мумкин. Аҳоли йиллар давомида ушбу бозорга қатнайвергани сабаб унинг камчиликлари ва таъмирга муҳтожлигини пайқамайди ҳам. Анча танаффусдан сўнг бориб, эски расталар, ерга ёйиб сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари, санитария талабларига жавоб бермайдиган ҳолатдаги савдо ўринларини кўриб дилим хира тортди. Шаҳарнинг тоза-озода бозорларига анча ўрганиб қолибман, деб ўйладим ўзимча. Лекин ўша ердан сотиб олган оёқ кийимимни уч ойдан буён канда қилмай кияман. Ҳали ҳам янгидек. Демак, косиблари анчайин моҳир. Умуман, у ердаги ҳар бир сотувчи ўз ишига уста. Фақат уларга чиройли шароит керак.
Бозорнинг ялтираган кафелли расталар бегона, сиёсий жараёнлардан йироқ, турмуш ташвишларига ўралашиб қолган, “рўзғор” деган ғордан чиқа олмайдиган харидорларга, чангда қолса ҳам ўз эгасини топадиган маҳсулотларга лиммо-лим манзараси қалбни яралайди. Бундай вазиятларни қийналиб-қийналиб суратларга муҳрлайсиз.
Дилшодахон Олимова