Қамариддин Шайхов: Журналистларни туҳмат билан қамаш осон бўлган жамиятда яшаб турибмиз

11.07.2021 13:24

Сенатнинг Aхборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг илк йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда экспертлар гуруҳи аъзоси сифатида иштирок этган  Qalampir.uz интернет сайти бош муҳаррири Қамариддин Шайхов ўз фикрларини билдирди:

"Мана очиқлик сиёсати, давлат идораларининг очиқлиги ҳақида, матбуот котибларининг фаолияти ҳақида гапиряпмиз. Ахборот хизмати ҳокимликнинг адвокати бўлиб қолмаслиги керак. Мана бугун яна бир бор жаранг сочди... 

Сенатни ўзи ёки агентликни ўзи бугун қанчалик очиқ. Биринчидан, мен ўзим тавсия қилган бўлардим, Сенатни ўзига айтайлик, биз – Qalampir.uz бир неча бор, интервьюлар сўраб расмий хатлар билан чиққанмиз, жавоблар бўлмаган. Мезонлар деяпмиз, хўп, мезонларни қачонгача белгиланган идоралар белгилайди. Қачонки у матбуот котиблари билан биз ишлаётган бўлсак. Биз ишламаяпти, йил бўйи бизга жавоб бермади деб бу ерда аюҳаннос соламиз. Саволимизга жавоб бериш у ёқда турсин, телефон рақамимизни блокка тиқиб қўяди. Лекин эртага қарасангиз, AОКA да йилнинг энг яхши матбуот котиби бўлиб туради. Бунақалар кўп. Масалан, Энергетика вазирлиги, Халқ таълим вазирлиги. Улар ахборот тарқатувчими, ёки жамоатчиликни саволига жавоб берувчими? Aгар ўзини фойдаси билан ахборот тарқатса, ташкилотни эмас, ўша вазирни, ҳокимни ёлланган шахсий журналисти деб аташ керак, бошқа нарса эмас. 

Иккинчи масала, Вазирлик, идоралар ўзи хоҳлаган маълумотларни тарқатишда давом этаверса, журналистнинг саволига жавоб берилмаса, коррупция масаласини кўтараётган журналистни шахсий хавфсизлиги, дахлсизлиги масаласи борми? Биз буни кўриб чиққанмизми? Қонунда журналист бошқа фуқаролар каби шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга дейилган тамом. Лекин биз адвокатлардан кам иш қиляпмизми? Мени таққослаш ниятим йўқ, лекин депутатлардан кам иш қиляпмизми? Ҳолбуки, журналистларни туҳмат билан коррупцияда айблаш жуда ҳам осон бўлиб қолган даврда яшаб турибмиз ва журналистлар қачон, қандай ташкилотларга чақирилаётганлигини ҳам жуда яхши билиб турибмиз. Aгар бугун журналист дахлсизлиги масаласини кўриб чиқмасак, ўша AОКAми ёки ахборот қўмитаси буни ҳал этмас экан, олдинги ҳолимизча қолиб кетаверамиз. Заводдан ўша эски бир хил маҳсулот чиқараётгандай бўлиб қоламиз. Ва журналистлар ўзини ички цензурини кучайтиришда давом этаверади. 

Мен шу дахлсизлик масаласини кўтариб чиқиш таклифини айтиб ўтаман. Бу – сўз ва матбуот эркинлигини таъминлайди."

Ирода Фарҳодова

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар