27 июнь — Матбуот ва ОАВ ходимлари куни
Анора СОДИҚОВА,
“Rost24.uz” сайти бош муҳаррири:
— Ҳамма даврларда ҳам журналистларга осон бўлмаган. Бу касбни билиб туриб танлаганмиз. Журналистика курашишни талаб қиладиган соҳа. Матбуот ва оммавий ахборот воситаларини тўртинчи ҳокимият даражасига чиқишини истаймиз. Бугун биз шу кучга тўлақонли эга бўлиш учун ҳаракат қиляпмиз.
Ўзбек журналистикасининг эркинлиги, ютуқлари ҳақида гапирилганда кўпчилик аввалги давр билан қиёслашга ўрганиб қолди. Бундай солиштириш у қадар тўғри эмас, назаримда. Чунки журналистикамизни аввалги вазияти билан қиёслагандан кўра, “Аслида журналистика қандай бўлиши керак?” деган савол нуқтаи назар билан қарашимиз лозим.
Соҳамизнинг бугунги натижалари учун кимгадир раҳмат айтишимиз шарт эмас. Ўзи шундай бўлиши, бундан ҳам яхшироқ бўлиши керак-да. Ҳамкасбларимга шуни айтган бўлардимки, олдинга янаям катта мақсадлар қўйиб, ҳақиқий тўртинчи ҳокимият бўлишга интилайлик.
Биласизми, демократия анча ривожланган давлатларда матбуот ва оммавий ахборот воситаларига нисбатан биринчи ҳокимият сифатида ҳам қарашади. Бу журналистиканинг кучида кўринади. Шунинг учун кучли мамлакатларда кучли журналистика барқарор тараққиётнинг асосий омилларидан бири сифатида ўзини кўрсатган. Ўзбек журналистикаси ҳам ана шундай майдонга чиқиши керак. Бунинг учун эса энг аввало, жамиятнинг, иқтисодиётнинг ривожланишида шаффофлик муҳим.
Нима учун айнан 27 июнь – Матбуот ва ОАВ ходимлари куни сифатида нишонланишини биласиз-ку. Чунки бу кунда илк миллий нашримиз “Тараққий” чоп этила бошланган.
Бу кунни байрам сифатида нишонлар эканмиз, мустамлакачилик замонидаги ўша оғир вазиятларда миллий матбуотимизнинг пойдеворини қўйган инсонлардан шижоатни, жасоратни ўрганайлик, улардан руҳ олайлик. Улар миллат қайғуси билан яшаган. Биз ҳам аждод журналистларнинг шу жиҳатларидан ўрнак олайлик. Бу кун уларни ёдимизга соладиган ва бизга яна куч-ғайрат бағишлайдиган кун бўлсин. Байрам баҳона жасур маърифатпарварларимизни эслаб, ҳамкасблармизнинг уларга муносиб бўлишини тилаб қоламан.
HURRIYAT газетаси
2021 йил 27 июнь