Қонунни қалқон қилган қароқчилар

05.12.2020 10:25

Муаллиф гувоҳлигидаги реал воқеалар асосида

Ёшлигимда Тошкентга келишга жуда иштиёқманд эдим. Аммо киноларда кўрганим каби катта азим шаҳарнинг майда йўлтўсарларидан ҳадиксирардим. Вақти келиб пойтахтга ҳам қадам ранжида қилгач, шаҳарда кўчага чиқсам ҳар эҳтимолга қарши камроқ пул билан юришни одат қилдим. Билиб бўлмайди…

Аммо ҳаёт бошқа, кино бошқа экан. Мен излаган ва истамаган йўлтўсарлар қаршимдан чиқмади. Йиллар ўтиши баробарида англаганим шуки, йўлтўсарлар милицияга ишга ўтиб кетибди.

(Милиция – Ички ишлар органлари ходимлари. Кейинги ўринларда ҳам “Милиция” деб юритилади.)

Қишлоқдан шаҳарга илк бор келган одам борки, кўчага чиқмоқчи бўлса, шаҳарда юриш ҳадисини олган тажрибали таниши билан чиқади, албатта. Акс ҳолда милицияга дуч келиши мумкин. Йўқ, қароқчиларга эмас, милицияга рўбарў келишдан қўрқишади.

Тан олиб айтиш керакки, илк бор Тошкентга келган ҳар қандай инсон бир бор бўлса ҳам милицияга оғзидаги нонини олдирган. Аслида бизни йўлтўсарлардан ҳимоя қилиши керак бўлган қонун посбонлари оддий халқ учун қўрқинчли ҳисобланади. Гапнинг индаллосини айтганда, бизга энди уларнинг ўзидан ҳимоя керак.

Нега?

«ШАХСИНГИЗНИ АНИҚЛАШТИРАМИЗ»: мисоллар

Милиция ходимига шахсингизни тасдиқловчи Ўзбекистон Республикаси паспортини кўрсатасиз, унга қўшиб маҳалладан берилган маълумотномани ҳам берасиз. Шунда ҳам бари бир «биз билан юринг, шахсингизни аниқлаштирамиз» дея ичкарига бошлайди. Чунки бу дунёда улардай ғирт бекорчи одам йўқ бўлса керак, назаримда. (Ўзбекистон террорист ва бузғунчилардан ҳоли давлат бўлгандан кейин албатта бекорчи бўлади-да.) Ичкарига киргандан кейин эса ўзга дунё бошланади, муомала ва қарашлар ўзгаради, сиз эса ўзингизни жиноятчидек тутишни бошлайсиз. Албатта айбдорсиз. Чунки милиция ходимига рўбарў келдингиз. Кошки эди, ичкарида ҳам шахсингизни аниқласа. Чўнтакларингиздагини бўшатиб «обискат» қилади. Албатта бу ерда холис гувоҳлар ҳам, адвокат ҳам, қонун ҳам ўша милициянинг ўзи. Тишингизни-тишингизга қўйиб чидайсиз. Акс ҳолда, қимматли вақтингизни бекорчи билан ўтказишингизга тўғри келади. Чўнтагингиздан террористларга алоқадор буюм ёки қурол чиқмаслиги аниқ. Мақсад – тахминий ҳисоб-китоб. Яъни ёнингизда қанча бору қанчасини... Қисқаси, борар манзилингизга етиб олишингиз учун етарлисини чўнтагингизда қолдириб, хурсанд қилиб жўнатади.

Ҳартугул уларнинг бахтига Ўзбекистонда бўлмаса ҳам дунёда террористлар бор экан, баҳона топилаверди. Аслида эса, улар сабаб қилиб кўрсатаётган террорист зоти кўчада милиция ушлармикин, деб бемалол юрмайди.

Икки йил олдин бир амаким Тошкентга келганда, кўчада ички ишлар ходимига дуч келган. Қонун посбони эса уни яқин атрофдаги Милиция таянч пунктига ҳар доимги қонун белгилаб берган «шахсингизга аниқлик киритамиз», деган навбатчи сўз билан олиб кириб кетган. Аммо нима жин урдики, паспортидан нусха олгану қўйиб юборган. Амаким эса хурсанд. «Силар милиция ушлаб олса ундай қилади, бундай қилади, деб қўрқитасилар, мана еб қўймади-ку, индамай қўйиб юборди» дея милиция ходимини роса дуо қилганди. Бу воқеа эса менга негадир эриш туюларди. Ҳақиқатдан ҳам таажжубда эдим. Аммо икки ой ўтиб, сирли оламшумул воқеанинг сири бўй кўрсатди. Яъни, МИБ ходими амакимнинг уйига 540 минг сўм жарима ёзилган бир парча қоғозни кўтариб борган. Бу 540 минг сўм аслида милиция ходимига дуч келгани учун товон эди. Амаким эса бош оғриқни кўпайтирмасдан «кетганни бирида, Худо йўлига» деб пешонасидаги биргина сигирини сотиб тўлади. Шу жойда давом эттирадиган сўзларим, афсуски, эҳтиросга лиммо-лим эди. Яхшиси, тилимни тишлайин. Акс ҳолда, оддий халқда исботи йўқ бўлган «протокол планлари»га ўтиб кетамиз.

5 йил олдин 3 нафар бола кундуз куни уйимдан чиқиб кетди. Аммо борадиган манзилига ҳам бормабди. Бутун қариндошларда ваҳима кўтарилди. Қидир-изла, югур-югурлар бошланди. «Участковой»имизга борсак, у ерда йўқ. Эртасига «Панелний» деган 15 суткалик қамоқхонадан топдик. Билишимизча, йўлда ўтиб кетаётган Қўриқлаш хизмати ходимлари патруль машинасига солиб, бошқа узоқроқ маҳалладаги Профилактика нозирининг хонасида расмийлаштириб, «Панелний»га топшириб “план” тўлдиришган экан. Болаларнинг ҳаттоки қўнғироқ қилишларига ҳам рухсат беришмаган. Буни «Қонунсизликка асосланган қонун посбонлари» деймизми ёки «Одам ўғрилари» деб аташ мумкинми?

Карантин вақти карантин деб дод-вой солдик. Аслида бу ҳаёт тарзи бизга бегона эмас. Негаки, карантиндан олдин ҳам шаҳарда карантинда яшагандек яшаган эканмиз. Чунки кўчада милиция бор, деб бемалол юра олмасдик.

Милиция ҳам оддий халқдан чиққан оддий одам. Аммо негадир форма кийса, формасизлар унинг кўзига жиноятчи ёки ўлжадек кўрина бошлайди. Формасини ечса яна оддий одам бўлиб қолади. Ҳеч нарса бўлмагандек, маҳалладаги тўй-маъракаларда иштирок этаверади.

Қишлоғимдан кимдир Тошкентга келиб-кетса, шаҳарда кўрган ўзгаришлари, истироҳат боғлари, Амир Темур музейи ҳақида эмас, албатта аввало ҳар доимги мавзу – милицияга қандай дуч келгани, ундан қутулиб чиққани, саволларига қандай жавоб бергани ҳақида сўзлайди. Қишлоғимнинг беғубор одамлари учун милициянинг вақтинчалик сақлаш камераларига кирмасдан уйига қайтиб кетиши энг катта ютуқ ҳисобланади.

Тошкентга илк бор келган вақтларим қоронғу, бадбўй ҳид анқиб турган, зах камерада мен ҳам эл қатори бир муддат бўлса ҳам «дам олиб» чиққанман. Аниқроғи, фуқаролик бурчимни адо этганман, деса хато қилмаган бўламан.

ЙЎҚДАН БОР ҚИЛИШ САНЪАТИ

Яқинда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган видеода бир болани ниқобини иягининг тагига тушириб юргани учун милиция ходими машинага солмоқчи бўлиб мажбурлаяпти, бола эса жон-жаҳди билан дод-вой солиб ундан қутулишга ҳаракат қилмоқда. Атрофдаги одамлар ҳам болани қутқариш илинжида. Аммо қўл теккиза олишмаяпти...

Шу ерда жавоби аниқ бўлган саволлар туғилади: Одамлар нега милиция таянч пунктига ёки ИИБ биносига киришга қўрқишади. Ахир у жиноят қилмаган бўлса? ИИБ биносига кириш жуда хатарли. Чунки у ерга киритилгандан сўнг ўзингиз хоҳламаган инсонга айланиб қолишингиз мумкин. Улар хоҳласа сизни Усама бин Ладенлигингизни бўйнингизга осонгина қўя олиш қудратига эга. Сиз эса Америкадаги эгизак биноларни қандай портлатганингизни ҳам айтиб қўйишингиз тайин.

Улар истаса, ҳар қандай жиноятни бўйнингизга олишингиз шарт. Акс ҳолда, ўлигингиз чиқиши мумкин. Бу сценарий ҳаётда ўз исботини топиб бўлган.

«ПО ПУТИ» ЯРАТИЛАЁТГАН ҚОНУНЛАР

Яқинда ижтимоий тармоқларда машҳур бўлган бир видеодаги воқеани олайлик. Унда милиция ходими машинада ишига кетаётган бир корхона директорининг карантин қоидаларини бузганлигини исботлашга жон-жаҳди билан ҳаракат қилаяпти. Ҳаракат қилаяпти-ю, аммо савия қурғур етмаяпти. Чунки ҳамма ҳужжатлар жойида. Ниҳоят, топди. Нима эмиш, директор эканлиги ҳақида буйруқдан кўчирма тақдим этиши керак эмиш. Шу тарзда кетилса, яқин келажакда ҳақиқатдан тириклигимиз ҳақида гўрковдан ҳам маълумотнома олиб юришимизга тўғри келади. Милиция ходимининг гап-сўзларини эшитиб, уларни ишга олишда фақат оғирлигию бўй-бастига эътибор қаратишига яна бир бор амин бўлдим.

Кўчада олдингиздан чиқадиган милиция ходими аслида қонунни билмайди. Улар вазиятга қараб янги қонун яратиб кетаверади. Қандай бўлмасин, сизни жиноятчига чиқариш шарт. Акс ҳолда... (Давомини айтолмайман).

Бир замонлар йўлтўсарлар кўпайган вақтларни ёши улуғлар эсласа керак, уларнинг қўлига тушсангиз, чўнтагингиздаги борингизни оларди. Қонуний йўлтўсарларимиз эса чўнтагингизда борми-йўқми унга қарамайди, хаёлига келган рақамдаги жаримани ёзиб юборади. Сиз эса қарз-ҳавола қилиб бўлса ҳам кассага қонуний қилиб тўлайсиз. Кассада сизга чек беришади. Ушбу бир парча қоғоз эса қонуний талон-тарож этилганингизга исбот.

15 йил олди шахсан ўзим гувоҳ бўлганман: метродан чиққан абитуриентни милиция ходими тўхтатиб, ҳужжатларини текширди. Аммо ҳеч қандай айб тополмай паспортда шахсий имзо йўқлиги учун энг кам иш ҳақининг 5 баробарида жарима қиламиз, деб туриб олди. Шу жойда эътироз билдирсангиз, Ички ишлар ходимига бўйсунмасдан ФАОЛ қаршилик қилди, деган тамға ҳам босилиши эҳтимоли йўқ эмас.

Яшнобод туманидаги маҳаллардан биридаги чиқиндиларни ташлаш жойига бир йигит машинасида келиб ахлат ташлаган. Уни кўриб турган профилактика нозири келиб паспортини текширса, пропискаси Чирчиқ шаҳрида бўлган. «Сен бегона ҳудудга ахлат ташладинг» дея энг кам иш ҳақининг бир баробарида жарима ёзиб юборган. «Жиноятчи» машина ойнасидан катта йўлга отиб юборса ҳам бўларди. Аммо у қонунга эмас, маданиятга риоя қилиб адашган эди. Бу воқеани шахсан ўзим телевидениега муаммо сифатида олиб чиқдим. Бари бир жарима қайтарилмади. Чунки уларнинг белгиланган қонунида олиш бору бериш йўқ экан.

ЖАРИМА МИҚДОРИНИ БОЙЛАР БEГИЛАЙДИ, ТЎЛОВ ЭСА КАМБАҒАЛДАН

Кўчадаги ноқонуний талончилар оладиганини сизнинг имкониятингизга қараб белгилаган. Қонуний талончилар эса бу борада виждонини чойга қўшиб ичиб юборишган, десам ҳам хато қилмаган бўламан. Мисол учун, ниқоб тақмай кўчага чиқиш учун 1 миллион 115 минг сўм, машинада карантин қоидасини бузиш учун 4 миллион 470 минг сўм. 4 миллион 470 минг сўм билан бошланган муаммо шу билан тугамайди. Қачонлардир карантин тугагач жарима майдончасига тўланадиган пуллар ҳисобланса, одамлар машина мингани учун пушаймонлар бўлиши аниқ. 

Бу рақамлар нимага асосланиб белгиланган. Бу суммани белгилаган амалдорнинг бойлиги етти пуштигача етадиган даражада бой одам эканлиги аниқ. Акс ҳолда, оддий халққа нисбатан бунчалик шафқатсиз бўлмас эди. Бундай жарималар аҳолининг ижтимоий аҳволидан келиб чиқиб белгиланса, озгина бўлса ҳам виждонан ёдашилган бўларди. Ушбу жарима нархларини белгилаётган бойларга айтадиган биргина сўзим бор: Сиз жарималарни босиб олган мустамлака аҳолисига эмас, аксинча, ўзингиз туғилиб ўсган юртга нисбатан, сизни вояга етказган халққа нисбатан жорий қилаяпсиз.

Аслида асл ЗЎРАВОН МОНОПОЛИЯ мана шу бўлади.

Қисқаси, жарима миқдорини белгилашда ўзбошимчаликка чек қўйиш керак. Ҳар бир ташкилот ўзига керакли даражада, хаёлига келган суммани эмас, аҳолининг ижтимоий аҳволидан келиб чиқиб белгилаш тизимини жорий қилиш лозим. Бу борада халқ сайлаган депутатларимиз ҳам озгина бош қотиришса, савобнинг тагида қолиб кетган бўларди. Жарималарга ҳам қонуний чекловларни жорий қилиб туриш лозим. Акс ҳолда, халқ ичидан чиққан амалдорларимиз Ватанимизни жарималар мамлакатга айлантириб юбориши турган гап.

ХУЛОСАГА КEЛГАНДА ҲАР ДОИМГИ ҚЎРҚУВ БОШЛАНАДИ...

Мен оддий халқ тасаввуридаги Ички ишлар тизимининг фаолиятини ўзларига кўрсатдим. Милиция ходимлари оддий халққа нисбатан қарашларини ўзгартирмас экан, ҳеч қачон халққа яқинлаша олмайди. Шу билан бирга, ҳурмат қозониши ҳам мушкул. Бир машҳур мультфильмда айтганидек, ҳурматга лойиқ бўлиш учун қўрқитиш керак эмас, ҳурматга лойиқ бўлиш керак.

Билиб турибман, мақолани ўқиётган ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ҳаётидаги Ички ишлар ходимлари билан тўқнаш келган лаҳзаларини бир-бир кўз ўнгидан ўтказаяпти. Ўтказганда ҳам нафрат билан.

Биз фақат умид қиламизки, Ички ишлар тизими халққа ўнг кўз билан қарашни ўрганиб, халқнинг ҳақиқий ҳимоячисига айланади. Шундай қилмаса ҳам бўлмайди. Бугун одамлар ҳаққини талаб қилишни ўрганяпти. Ёлғиз ўзининг кучи етмаса, ижтимоий тармоқлар орқали кенг жамоатчилик ёрдамида талаб қилмоқда.

Ушбу мақолани ёзаяпману, кўнглимда ҳадик пайдо бўляпти. Ўзбекистондаги қудратли ташкилотнинг эл билган иш услубини элга дастурхон қилиб, уларнинг иззат-нафсига қаттиқ тегаётганимни сезиб турибман. Шу алфозда тўсатдан йўқолиб қолишим ёки чўнтагимдан бир ярим кило гиёҳвандлик моддаси чиқиши ҳам мумкин эмасми, мабодо. Йўқ, акалардан ундай қилмаслигини сўрайман. Мен уларнинг юзига ойна тутяпман, холос. Қандай қабул қилиши эса виждонларига боғлиқ.

Буёғи эса пешонаи тақдирдан.

                                     Шерали ОТАБОЕВ, журналист

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
11.01.2021 09:49
Malades militsiya