Бугунги санаторийлар эски колхоз идорасига ўхшайдими?

28.04.2021 07:53

ёхуд эскириб қолган “ЧОРТОҚ” санаторийсидан журналистнинг аччиқ репортажи

***
Наманган вилояти ҳокимининг бу иш услуби, бир сўз билан айтганда, шарманда. Бошқа гап йўқ.
***
Нега ўзбек бойлари, ўзбекнинг ўзига тўқроқ ёшлари Ўзбекистонда дам олмайди? Бу ҳолат – тизим учун катта минус эмасми?
***
Касаба уюшмалари федерацияси раҳбариятига юзланиб айтаманки, ишонинг, ҳозир қилиб юрган ишингиздан кўра, бу жабҳадаги вазиятни ўнглашингиз, давлат ғазнасига ҳам, халқимизга ҳам фойдалироқ эмасми?..

***

Тўсатдан тобим қочиб қолди: қон босими... Хусусий поликлиникалардан бирида 10 кун даволандим. Сўнгра врачларнинг, яқинларимнинг маслаҳати билан ўзим туғилиб ўсган Чортоқнинг ташриф қоғози бўлган санаторийга даволаниш, дам олиш мақсадида ётдим. Бу ердаги муҳитдан гоҳи ажабланиб, гоҳи хурсанд бўлиб, айни пайтда даволанишни давом эттираяпман. Аммо, касб касаллиги – кўзинг кўриб турган нарсалар ҳақида гапиргинг, дунёни бекаму кўст кўргинг келаверади...

Ёз бошланаяпти, санатор-курорт мавсуми арафасидамиз. Шуни иноабатга олиб, “Чортоқ” санаторийси ҳақида кўрган-билганларимни ёзмоқчиман. Демак, бошладик...

Бир кишилик, люкс бўлмаган хона учун 10 кунга 2 миллион 300 минг сўм атрофида тўладим. Шундай бўлдики, люкс ёки люкс бўлмаган хоналар учун танлов тақдим қилинмади. Пул тўлаб бўлганимда, яна “Ўзбектуризм”га ҳам беришимни айтишди. 12 минг сўм экан. Тўладим. 3-бинога жойлашдим.

Дам олишни бошладим. Эрталабки нонушта учун ошхонага борганимда, курорт карточкамга қараб, мен ўтирадиган стулни белгилаб беришди. Ҳар куни шу стулда ўтириб уч маҳал овқатланаман. Шерикларим бири Фарғонадан – автомобилларга ойнак ишлаб чиқарадиган завод ишчиси, яна бири Дилбар опа – Хоразмнинг Янгибозор туманидан, 43 йил балиқчилик хўжалигида, бир ишда ва бир вазифада ишлаган соддадил, умри меҳнатда ўтган аёл, яна бири Жамолиддин ака – Уйчи тумани ҳокимлигида узоқ йиллар ишлаб, нафақага чиққан ажойиб инсон. 

“Чортоқ” санаторийси – минуслар

1. Таомнома. Суратда кўриб турганингиз тушликка бериладиган овқат. Пишган картошкани эзиб (пюре) тайёрлангани ва котлет. Бу таомни қандай номлашни билмадим. Танлов имонияти бор. Бу овқатни рад қилсангиз, худди шу таомга ўхшаш иккинчи таомни беришади – фарқи котлет ўрнида қайнатилган уч-тўрт майда бўлак гўшт, картошка қайласи ўрнида гречка, макарон... Горох шўрвада горох йўқ; палов дегани икки ошам... 

Хуллас, колхоз ошхонасини эслатади. На уй ва на ошхона таомлари сирасига кирмайдиган, фақат шу ерда ўйлаб топилган овқатлар. Салатлар эса алоҳида мавзу. Уларни бир сўз билан “Озгина” деб номлаш мумкин. Яхшилаб сермасангиз, бир қошиқдан сал кўпроқ чиқадиган бу салатларда: озгина помидор, озгина бодринг, озгина қизилча, озгина карам ва ҳ... 

2. Жарнома. Овқатланишга ўтирганингизда жарнома вақти бошланади. Айтганча, Чортоқ билан чегарадош Қирғизистонда рекламани жарнома дейишади. Бир одам ошхонани ўртасида турволиб, ҳаммани водий бўйлаб пуллик саёҳатларга чақиради, кечқурун бўлиб ўтадиган концертларга чипта сотилаётганини айтади. Қизиқ, ахир ҳаммадан туризм учун мажбурий тўлов олинган эди-ку! Энг қизиғи, бу жарномачилар, концертмейстерлар курортда расман ишламайди, шу ердан тирикчилик қиладиган маҳаллий аҳоли.

3. Курорт-бозор. Овқатланиб ташқарига ичиқишингиз ҳамоно чайқовчилар атрофингизни ўраб олади. Қурут сотувчилар, писта-бодомчилар, арзон-гаров кийим кечаклар, аёллар учун бужутерия маҳсулотлари сотувчилар... Улар раста сифатида сиз ўтириб хордиқ чиқаришингиз керак бўлган ўриндиқларни банд қилиб, эгаллаб олишган. Курорт-бозор 30 дақиқа чамаси давом этади. Кейин қоровул келиб уларни ҳайдашга тушади, чайқовчилар қоравул билан бақир-чақир қилиб уришишни бошлайди. Ҳар куни шунақа, ҳеч ўзгармайди. Бундан ташқари, шу ернинг ўзида шафёрларнинг норасмий паккаси (питаги) мавжуд. Фақат машинаси ташқарида. Улар калитларини ўйнатиб, “Тошкент-Тошкент” деб бақиришади. Ғала-ғовур. Дам олишга келгандим-а, деб қўясиз хомушлик билан бу манзарага тикилиб. Яна денг, бу ишлар санаторийнинг қоқ марказида содир бўлаётибди...

4. Эскирган интеръер ва жиҳозлар. Ҳар қадамда ва ҳар жойда эскирган доим ғирчиллаб турадиган стол-стуллар, деворлари кўчган хоналар, униқиб кетган мебеллар, ойнаси синиқ шкафлар сизни қарши олади. Маъданли ванна, айлана (циркуляр) душдаги вазият эса шунчаки шарманда. Сувни пуркаб турадиган аппаратлар эскирган, симлар чўзилиб ётибди, плиталар кўчиб кетган, сиз билан душга кирган шеригингиз пуркагични кўтариб турмаса, сув пастга қараб отилиб тураверади. Ванна олинадиган хона эса ундан ҳам абгор. Ванна олинадиган катта тоғорани занг босиб кетган, сен ўтириб, 10 минут ванна қабул қилишинг керак бўлган жойдаги қизил-қора доғлар таъбингни бузади, фойдаланилган сув чиқиб кетадиган жойлар эса шунчаки ташландиқ, қарасанг кўнглинг айнийдиган ҳолатда, моғор босган. Пол ва шифтлар кўчиб кетган, синиқ деразалар... 

5. Бинолар, бўлимлар ўртасидаги алоқа эскича. Курорт карточкангизга шифокор сиз оладиган муолажани ёзиб беради. Лекин, ўтган асрда пайдо бўлган бу тизим айни кунларда эскиргани масъулларнинг хаёлида ҳам йўқ. Сиз ҳар куни қаерга ва қайси соатда бўлишингиз, тартиб рақамингиз, кутиш вақтингиз ҳақида, соат нечада навбатингиз келиши ҳақида аниқ тасаввурингиз бўлиши керак. Ички тизим телефон қўнғироқлари орқали сўров қилишга асосланган, ўзаро ахборот алмашиш дастури йўқ. Мен олишим керак бўлган 10 та муолажанинг қайси бирига қачон боришимни аниқ билмайман. Ҳаммага бир хил вақт кўрсатилади ва бориб навбатда турасиз. Врачлар ёзиб берган муолажа базага киритилиб, қўлингизга аниқ маршрут берилмайди. Курорт картангизни варақлаб ўтирасиз. Ҳудуд катта ва мабодо массаж учун бир бинога бориб, кейин бошқасига бориб, ундан кейин яна массаж олинган бинога қайтиб келишга тўғри келса хунобингиз чиқади. Курорт вароғидаги кетма-кетлик бинолар жойлашувига мос келмайди. Биз-ку ёшмиз, лекин меҳмонларнинг 90 фоизи қариялар, уларга қийин.

6. Ва бошқа камчиликлар.


Бинонинг асосий кириш қисмидан эшик қолиб, тешикдан кирасиз. Яъни, курортга бир тадбиркорнинг маиший моллар сотиладиган дўконидан кириладиган қилиб қўйилган. Асосий эшик очилмайди. Вай-фай ҳудуд умуман йўқ. Бу ҳам майли, шу яқин атрофдаги қишлоқларда чироқ ўчса, сизда интернет ишламайди. Телефонларда антенна йўқолиб қолади. Бунақаси эса, афсуски, тез-тез содир бўлди. Бугун саккизинчи кун бўлса, шу вақт оралиғида икки марта кундузи билан интернет, алоқа ишламай қолди.

Ҳовлида яхши қаралган жойлар бор, шунинг билан бирга, эскирган, қуриган дарахтлар, шох-шаббалар ва қаровсиз майдонлар бор. Алоқа бўлимини савдогарлар эгаллаб олишган, ичкарига кўз ташласангиз, қайта қуриш давридан қолган тартибсизлик, қаровсизлик ҳалиям яшаётганини кўрасиз.

Хонангизга навбатчи ҳамшира ёки бошқа хизматчини чақириш учун пастга – уларнинг олдига тушишингиз керак. Ички алоқа тизими мавжуд эмас.

Дам олувчилар учун махсус қизиқарли лойиҳа ва тадбирлар умуман йўқ. Масалан, бир дам олувчининг туғилган куни бўлди дейлик. Курорт маъмурияти таомланиш вақтида, ҳамма жам бўлган паллада бир оғиз табриклаб, унга алоҳида эътибор кўрсатса, қанчалар чиройли чиқар эди. Бу таомил барча ўзини ҳурмат қиладиган курортларда бор. Биз билан дам олаётган бир мактаб директори туғилган кунини нишонлади. Дўстлари келишди. Хонада маишат қилиб, анча вақт гурунглашиб ўлтиришди. Холбуки, бу вазият курорт маъмурияти учун дам олувчини буткул ром қилиш, потенциал мижозларни лол қолдириш борасида қўшимча имконият эди. 

“Чортоқ” санаторийси – плюслар

  1. Маъданли сув. Санаторийни тўлиқ банкротликдан сақлаб турган омил мана шу бўлса керак. Бу сув ортиқча таърифга муҳтож эмас. Шунинг учун кўп тўхталмайман. Атиги бир марта ванна қабул қилсангиз, вужудда ўзгариш бўлаётганини аниқ сезасиз. Бу – Аллоҳнинг мўъжизаси. Эртакларда айтилган мўъжизакор сувлар ҳаётда борлигига имон келтирасан киши.
  2. Муомала. Санаторий врач-санитарлари, ишчи-ходимларининг ширин муомаласига қойил қолиш керак. Бу борада кўп йиллик ўзига хос мактаб борлиги сезилиб туради.
  3. Фитнес. Чортоқ санаторийсининг ташриф қоғози, аввало, маъданли сув бўлса, иккинчиси ғоятда яхши ишлайдиган фитнесс мураббийлар. Улар ҳар бир дам олувчининг индивидуал ҳолатидан келиб чиқиб, якка ва алоҳида тартибда машғулот ўтказишади. Машғулотлари ҳам қизиқарли, юморга бой ва самимий ўтади.
  4. Иқлим, об-ҳаво. Чор атрофида тоғлар ўраб турган Чортоқнинг тоғолди ҳавоси танни яйратади. Тушликдан чиқиб, чайқовчиларни тезда айланиб ўтиб, қуюқ дарахтзорлар оралаб сайр қилиш, қушларнинг чағирлашини эшитиш асабларингизга дам беради.

 

Нега дам олишни билмаймиз?

Ростини айтиш керак, 36 ёшга кириб, илк марта дам олиш учун курортга келдим.  Тўғри, бу ерда ҳаммаси мен истаган ва тасаввур қилганчалик эмас, аммо барибир дам олувчилар сафида нисбатан ёшларнинг йўқлиги, асосан, 55-75 ёш орасидаги ҳамюртларимиз экани кишини ўйлантиради. Улар дам олмайдиларми? 

Дам олишади. Инсон борки, дам олиш, завқланиш ҳисси ҳамиша мавжуд. Афсуски, ёшларимиз Чортоқ ва шунга ўхшаш ўзимиздаги санаторийларга эмас, Анталия, Иссиқкўл, Ялта, Чорвоққа боришади. У ерларда хизмат кўрсатиш савияси, таклиф этилаётган муолажа ва дам олиш уйларида тартиб, замонавийлик, бошқача маданият бор. Мен, масалан “Чортоқ” учун тўлаган пулимга яна озроқ қўшсам Анталия ёки Иссиқкўлда ҳеч бир асаббузарликсиз, бамайлихотир дам олиб келар эдим... 

Келажакни режалаштириш борасида оқсаяпмиз. Пандемия пайтида ундан кейинги давр чуқурроқ ўйланмагани аниқ кўриниб қолди. Оғир руҳий даврларни бошидан кечирган, уйда ўтиравериб зериккан аҳоли учун “Чортоқ” сингари миллий брендларимизни тайёрлаб, мутлақо янгича дам олиш тизимини жорий этиш мумкин эди... 

Курортга келаётган, дам олаётган одамлар билан кўп суҳбатлашдим. Улар меҳнатда тобланган, ҳалол инсонлар – колхоз ишчилари, бир умр ободонлаштиришда ишлаган оддий одамлар, меҳнаткаш, чайир ва юзи иссиқ отахон-у онахонлар. Энг зўр дам олишга лойиқ инсонлар – шулар аслида. Аммо, биз уларга совет даври ностальгиясини кўрсатаяпмиз. Хизмат кўрсатиш тартиби, менюдан тортиб токи мис идишларда овқат беришгача бари-бари эскича, советча (Фармонбиби темир шифохонанинг темир чойнагида чой ичиргани учун оқибатсиз ўғилгани койигани эсга тушдими? Шунақа...)

Энг қизиғи, курорт раҳбари билан гаплашганимда маълум бўлди. У бечора маҳаллабай тизими бўйича ҳудудга бириктирилган экан. Ҳафтасига икки марта курортга кела оларкан, холос. Қолган пайтда Наманган шаҳридаги қайсидир маҳаллада нималарнидир ўрганар экан. Тушунаяпсизми, ўзининг иш жойида вазият абгор, дам олувчилар сийрак, жойлар бўш, маҳалладаги бозорчилар ҳудудни эгаллаб олган, лекин бу кишим 40 километр наридаги қайсидир маҳаллада уйма-уй юрарканлар. Наманган вилояти ҳокимининг бу иш услуби, бир сўз билан айтганда, шарманда. Бошқа гап йўқ.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда санатор-курортлардаги вазиятни бошқатдан кўриб чиқиш, миллатнинг дам олиш вақтларини ўйлайдиган палла келди. Халқ охири йўқ ислоҳотлар-у ўтиш даврларидан чарчади. Бу халқ Анталия, Иссиқкўл, Ялта, Кисловодскдаги шароитлардан, фойдалилик жиҳати бўйича анча юқори турувчи ўзимизнинг курортларга талпишини керак. Шунга шароит қилиниши зарур. 

Бунинг учун эса, ҳамма ўзи ишини қилиши керак. Дейлик, касаба уюшмалари қўмитаси раҳбарияти ўз тизимида нималар бўлаётганини билиши шарт. Аёллар дафтари, уйма-уй юришларни қўйиб, муҳтарам халқ қаерда ва қандай дам олаётганини, реал манзарани бир кўриши керак! 

Яна бир  жиддий гап. Нега ўзбек бойлари, ўзбекнинг ўзига тўқроқ ёшлари Ўзбекистонда дам олмайди? Бу ҳолат – тизим учун катта минус. Касаба уюшмалари федерацияси раҳбариятига юзланиб айтаманки, ишонинг, ҳозир қилиб юрган ишингиздан кўра, бу жабҳадаги вазиятни ўнглашингиз, давлат ғазнасига ҳам, халқимизга ҳам фойдалироқ...

Камчиликларига қарамай, “Чортоқ” санаторийси ажойиб. Маъданли сув, мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган турфа одамлар билан танишув, эшикларнинг ғарчиллаши, чайқовчиларнинг бақир-чақирлари – ҳаммаси алланечук ёқимсиз туюлмайди. Ҳаётнинг ҳар жабҳасида уфуриб турган бу каби камчиликларга кўзимиз ўрганиб қолди, шекилли. Охир-оқибат Ғафур Ғуломнинг мисралари билан гапни мухтасар қиламан:

Ҳаёт булоғини кимки қилса ёд,

Чортоқ қайнарига босади қадам...

Беҳзод Қобулов,
журналист

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
12
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
02.05.2021 04:48
Бекзод укам сен дам олган уша Чорток дам олиш масканида шахсан мен узим дам олдим худди сен дам олган вактда 20.04.21дан 01.05 21й. 3/4да 422 хонада сен ахвол ёмон деб ёзганларинг мутлоко хакикатга нотугри менинг касбим ошпазлик шу сохада 35 йиллик тажрибам бор ошхонадаги таомлари аьло мазали балки сен айтгандай 2чи тамом кам солингандир лекин туймай колсанг сурасанг яна олиб келиб беришади тугри санатория булгани учун овкатлари диетический лекин хаммага манзур мени ошпаз сифатида хамма таомлари кониктиради узларинг билгандек ошпазни лол колдириш кийин биз 29 чи столда утирдик 2 киши ангрендан мен ошпаз шеригим кумир кони шахтасида ишлайди яна 2 киши Бекободдан Бекобод металлулгия заводида ишлашади уларга хам ошхонада пиширилган таомлар жуда хам маькул келди улар билан сухбатлашиб утиргагимда таомлар яхши мазали эканлигини айтишади биз шеригимиз билан жума куни жоме мачитига кета туриб ошхона ходими маьсулига биз жумадан соат 2.30ларда кайтишимизни айгандик келганимизда биз учун иссик овкатларни олиб куйишибди улардан жуда хам мамнун булдик ва рахмат айтдик ошхонадаги хамма ходимлари ширин суз инсонлар уларга каттакон рахмат.колган масалалар буйича санатория ётокхоналар яхши кирганинг билан хамма дам олувчиларга янги постельный бельё беришади ва бу сизга хохласангиз узингиз билан уйингизга олиб кетишингиз мункин дейишади яна туалет анжомлар беришади яьни тиш тлзалаш пастаси .щётка,атир совун ва шампун хатто туалет когозигача беришади хуллас хамма шароит мавжуд хар бир хонада 32 дюмли телвизорлар урнатилган хоналари шинам сен ёзгандай деворлари кучиб кетмаган шундай улуг айём кунлари нима киласан ёлгон сузларни ёзиб тугри шоли курмаксиз булмайди дегагидек девори кучган булиши мункин лекин этибор бермаганга ухшайсан тамирлар ишлари олиб бориллаяпдику 10чи бинони тамирлашяплику кузинг каёкда эди санатория худуди жуда хам чиройли хаммага ёкдадиган даражада тугри бази ванналари занглагандир чунки ундаги сув шур ва йод бромли булгани учун ванналар тез саргаяди сен ёзган маникуляр душ эса кранлари хаммаси ишлайди ёлгонни хам буртириб ёзибсан уялмадингми шундай ёзишга журналистман деб Кушиб ёзиш мункин деб уйласанг керакда тугри санатория худудида бозорчилар бор бу бечоралар хам кандайдир тирикчилик килиш керакку бола чакасини бокиш учун кулингдан келса уларга иш топиб бер лекин сен ёзгандай улар атрофингни ураб олмайди хам ва бакир чакир килганини эшитмадим хам бир томондан шуларнинг борига хам шукр килиш керак чунки бозор олис битта нарса учун шахарга чикиб утирмайсан бу хамма дам олувчиларга манзур ва хурсанд булиб харид килишаяпди,чунки бозорга боришга имконият йук муолажа масаласига тухталсак тугри10 та белгиланади лекин муолажани хаммасини бир кунда утмайсанку 1чи кун 5та ,эртасига яна 5та 10тани бир кунда ололмайсан чунки организминг бундай муолажани кутаролмайди тугри вакт белгилангани билан буни мижозлар тушинишмайди навбат билан олищяпди бир кунда 300 дан ошик одамни кабул килишяпди шуларга рахмат.Маданий марифий ишлари буйича бази куйишаётган концертлар пуллик атига 10минг сум мана 30.о4чида БАХРИДДИН ЗУХРИДДИНОВ текинга 2 соатлик канцерт куйиб беришди саёхат тугри пуллик хохловчилар учун 300та ожамни саёхатга олиб чикиш учун камида 15та автобус керак булади яна уларни кузатиб борувчи дан ходимлари хам керак булади 1997 йилда хам саёхат пуллик эди.хуллас ука хамма ёзганларинг ёлгон уйдирма ва исботсиз сен исботлаб бер 2,,3та расм куйиб шуни исбот десанг хато киласан журналист булсанг халол бул зеро халол журналистлар жуда кам майли сог булинглар узларингни эхтиёт килинглар
30.04.2021 22:58
Фармонбиби Келинлар кузголонида, Анзират буви Суюнчида
30.04.2021 00:40
100 % тўғри, иллат хамма ўз иши қолиб, бировни ишини қилишида ! бу тизим давом этар экан, хеч қанақа олдинга қадам босиш бўлмайди, хеч қайси сохада, қуруқ гап ва мажлисбозликдан нарига ўтилмайди !
29.04.2021 15:18
Коил....
29.04.2021 13:38
Бундай шароитдаги санаториялар жуда куп камчиликларни ёритиб тугри кибсиз шундай.Эски сихатгохларни ишчи ходимлари мехнаткаш, савияли ва хушмуомала шунинг учун бу сихатгохда дамолганлар Яна иккиланмасдан дам олишга келишади шароитларининг яхши эмаслигига куз юмишади
29.04.2021 09:43
бекор гап!
29.04.2021 09:20
бошқа мавзу йўқми, инсон хаёти учун жуди мухим мавзулар тўлиб ётибди афсуски.
29.04.2021 05:19
Касаба уюшмаси у́зларига данґиллаган qасрлар офислар куриб олишган,вилоят марказларини бориб ку́ринг.Халкнинг пулига у́злари учун шароит яратиб олишган.Одамлар учун шароитни качон яратасилар?Шу саволимнт касаба Ууюшмасига берсангиз,мен бир умр улар учун пул у́тказганман,хар ой...
29.04.2021 05:18
Касаба уюшмаси у́зларига данґиллаган qасрлар офислар куриб олишган,вилоят марказларини бориб ку́ринг.Халкнинг пулига у́злари учун шароит яратиб олишган.Одамлар учун шароитни качон яратасилар?Шу саволимнт касаба уюшмасига берсангиз,мен бир умр умр учун пул у́тказганман,хар ой...
28.04.2021 22:16
Xayotda tuxmatchi va buxtonchilar kupligidan xech qaer rivojlanmayotir,shu asnoda bunday yolgon malumotlar ham shul manodadur.Bu sanatoriya kup yillar davomida dam oluvchilarga sifatli xizmatlar qilib kelmoqda,tirnoq ortidan kir qidirguncha shu sanatoriy olib borayotkan ulkan ishlar yuzasinda maqola olib chiqsalar haqiqatga yaqin bular edi