Хотинидан жабр кўрган шарқнинг машҳур шахслари

03.04.2021 12:15

Бу дунёнинг бир ками ҳеч тўлмайди. Кимнингдир беҳисоб бойлиги бору бахтсиз, яна кимдир жуда истеъдодли лекин буни кўрсатишга имконияти йўқ. Тақдир, у ҳаммани ўз синовлари билан синайди, турли вазиятларга солади. Ҳамма замонларда ҳам инсонларнинг характери ва ҳолатидан азият чеккан тақдирлар учраган. Қуйида оиласи, хусусан рафиқасидан азият чеккан тарихий шахслар ҳақида маълумот берамиз.

БОБУРГА СУЯНЧИҚ БЎЛИШ ЎРНИГА УНИ ТАШЛАБ КЕТГАН РАФИҚАСИ...

Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётида ватан соғинчидан ташқари кўплаб азобларга, хиёнатларга учраган. Масалан, Бобур урушлардан чарчаган, оғир бир вазиятда биринчи рафиқаси Ойишабегим Бобурга суянчиқ бўлиш ўрнига уни ташлаб кетади, тўғрироғи Бобур билан кетиш ўрнига Тошкентда, опаси Розия Султон ёнида қолишни ўйлайди. Қийинчиликлардан чўчийди, тақдир синовларида синалиши керак бўлган оиласидан кечиб юборади ва Бобурдан ўз жавобини олиб опаси билан Тошкентда қолади. Аммо кўп ўтмай, Тошкент Шайбонийхон томонидан босиб олинади ва Ойишабегим Шайбонийхон бекларидан бирига хотинликка бериб юборилади. Ойишабегим Бобур билан кетмаган, ундан воз кечган бўлса-да, бу воқеадан Бобур қаттиқ азобланган.

Хусусан, Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» романида Бобур мирзо ва рафиқаси Ойишабегим муносабатлари қуйидагича якун топади.

Дарвиш бўлиб тоғларга чиқиб кетмоқчимен. Сиз эса шоҳ қизисиз... Олинг, гавҳарларингизни!.. Балки яна бошқа бирон... нажоткорингизга совға қилурсиз!

Ойиша бегим халтачани олар экан, аччиқ билан бидиллаб деди:

— Мени яна ташлаб кетадиган бўлсангиз, жавобимни бериб кетинг!

— Шундоқми? Ажрашмоқчимисиз?

— Ҳа. Ажрашамен!

— Бўлмаса... бугундан бошлаб менга хотин эмассиз!

ХАДИЧА БEГИМНИНГ ҲАСАДИ...

Хадича бегим 1451 йилда Ҳиротда туғилиб, 1457 йилда Султон Абусайид Мирзо Ҳиротни олгач, унга ҳадя этилган хос канизаклардан бири эди. Султон Абусайид Мирзо Хадича бегимни 1465 йилда ўз никоҳига киритади. Султон Абусайид Мирзодан Оқбегим исмли бир қиз ҳам бўлган. 1469 йилда Султон Абусайид Мирзо Ироқда ҳалокатга учрагач, Ҳирот тахтига ўтирган Султон Ҳусайн Мирзо Бойқаро марҳум Султон Абусайид Мирзо ҳарамида Хадича бегимни кўриб, уни севиб қолади ва шаръий иддаси (уч ой) тугагач, ўз никоҳига киритади.

Дарҳақиқат, Хадича бегим тез фурсатда ўзининг жозибали ҳусн-латофатию маккорона илтифотлари билан Султон Ҳусайн Бойқарони ўзига ром қилиб, ҳарамда улуғ бекалик ўрнини эгаллайди.

Султон Ҳусайн Бойқаронинг хотинлари ва хос канизакларидан 14 ўғил ва 11 қизи бор эди. Шоҳғариб Мирзо, Музаффар Ҳусайн Мирзолар Хадича бегимдан туғилган эдилар.

Хадича бегим ўз фарзанди – тантиқ ва шуҳратпараст Музаффар Ҳусайн Мирзони Султоннинг барча ўғилларидан устун қўйишга жон-жаҳди ила ҳаракат қиларди. Бинобарин, турли макр-ҳийлалар ишлатиб, ота билан ўғиллар ўртасида низо чиқаришга муваффақ бўлади. Бу низолар кўпинча қонли жангу жадаллар билан тугарди. Султон Ҳусайн Бойқаро тобора Хадича бегимнинг макрига учиб, Музаффар Ҳусайн Мирзодан бўлак ўғилларига унчалик илтифот кўрсатмас ва хавф-хатарда юрарди. Хадича бегим ўғли Музаффар Ҳусайн Мирзони ота тахтига валиаҳд қилиб тайинлатиш масаласида хуфиёна ҳаракатни бошлаб юборади. Аммо валиаҳдлик ҳаққи таомилга кўра, Султоннинг катта ўғли Бадиуз-Замон Мирзоники (1458-1511) эди. Гарчи Султон Ҳусайн Бойқаро Бадиуз-Замон Мирзони унчалик суймасада, ҳар ҳолда уни рози қилиши лозим эди.

Айни вақтда, Алишер Навоий бошлиқ сарой аҳлининг кўпчилиги валиаҳдликка Бадиуз-Замон Мирзонинг 11 яшар ўғли – Мўмин Мирзони (1486-1497) муносиб ҳисоблар ва бу ҳақда мулоҳазаларини Султонга очиқ билдирган эдилар. Табиийки, аркони давлат орасида бўлаётган бундай мулоҳазалар Хадича бегимнинг ҳасад оловини алангалатмасдан қўймасди.

1497 йил баҳорида Султон Ҳисорга қарши юриш бошлайди. Султоннинг фармонига кўра, Астрободда ҳукмрон бўлиб турган Бадиуз-Замон ўз ўрнига ўғли Муҳаммад Мўмин Мирзони қўйиб, ўзи отасининг қўшинига келиб қўшилади. Жанг тугагач, Султон Ҳусайн Бойқаро ўғли Бадиуз-Замон Мирзони Балх вилоятига, суюкли ўғли Музаффар Ҳусайн Мирзони эса Астрободга ҳоким қилиб тайинлайди.

Султоннинг бу фармони Бадиуз-Замон Мирзонинг ҳамиятига тегади. Чунки Астрободни ўғли Мўмин Мирзога инъом қилиш тараддудида эди. Бинобарин, Бадиуз-Замон ўз ўғлига Астрободни қўлдан бой бермаслик ҳақида хабар юборади. Бу можаро Султон билан Бадиуз-Замон Мирзо орасида қонли тўқнашувга сабаб бўлади. 1497 йил 2 майда Бадиуз-Замон қўшини тор-мор келтирилади. Айни вақтда Музаффар Ҳусайн Мирзонинг қўшини Астрободни забт этиб, Муҳаммад Мўмин Мирзони асирга олади ва Ҳиротга келтириб, Ихтиёриддин қалъасига қамайдилар. Кўпдан бери қулай вазиятни кутиб ётган Хадича бегим Мурғоб ҳарбий ўрдагоҳида вазир Низом ул-Мулк иштирокида Султоннинг мастлигидан фойдаланиб, Муҳаммад Мўмин Мирзони зудлик билан қатл этиш ҳақидаги фармонга муҳр бостириб олади ва ўша кечасиёқ ҳукм ижро этилади.

1506 йил апрелда Султон Ҳусайн Бойқаро вафот этади. Хадича бегимнинг калтабинлик ила салтанат ишларига аралашуви натижаси ўлароқ, тахтга икки шаҳзода – Бадиуз-Замон Мирзо ва Музаффар Ҳусайн Мирзо ўтиради.

ҚАШШОҚЛИКДА ВАФОТ ЭТГАН МАЛИКА...

Туркон хотун (асли Теркан «олий насабли», «зодагон оилага хос») Ануштегин асос солган Хоразмшоҳлар сулоласининг сўнгги ҳукмдори Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ (1200-20)нинг онаси.

Жувайнийнинг таъкидлашича, Туркон хотун қанғли уруғидан бўлган қипчоқ хони Ақранинг қизи эди. Тарихий манбаларда таъкидланишича, Султон Муҳаммад ҳукмронлиги даврида Туркон хотун салтанат ишларида етакчи мавқени эгаллаган, унинг фармойишлари ва маслаҳатлари ўғли томонидан сўзсиз бажарилган.

Туркон хотуннинг раҳнамолигида сарой аҳли, зодагонлар бир неча гуруҳга бўлиниб, ўзаро адоват қилганлар. Қипчоқлардан ташкил этилган олий мартабали саркардалар Туркон хотун билан яқин бўлиб, аксарият саройда султонга қарши бўлиб турган бирор-бир гуруҳга бошчилик қилганлар. Салтанат ишлари деярли Туркон хотун томонидан бошқарилган. Кўп ҳолларда Муҳаммад Хоразмшоҳ. тарафидан эълон қилинган ҳукм ва фармойишлар Туркон хотун томонидан ҳеч қандай асоссиз, кенгашсиз бекор қилинар эди.

Ибн Ясирнинг қайд этишича, Туркон хотун 1220 й. Илол қалъасида мўғулларга асир тушади ва хизматкорлари билан биргаликда Толиқонда турган Чингизхон ҳузурига етказилади. Асирлар сафида бўлган вазир Малик Носируддин Ҳазораспий қаттиқ қийноқларга солинади ва султоннинг фарзандлари қатори қатл этилади. Мўғулистон томон отланган Чингизхон бир неча кун Самарқандда тўхташга қарор қилади ҳамда Туркон хотун ва султоннинг омон қолган хотинларига хоразмшоҳлар салтанати учун аза очиш, яъни мўғул аскарлари олдига чиқиб баланд овоз билан йиғлашни буюради. Чингизхон кўрсатмасига биноан, Қорақурумга келтирилган Туркон хотун қашшоқликда умр кечиради ва шу ерда вафот этади.

МОДДИЙ МУҲТОЖЛИК САБАБ БУЗИЛГАН ОИЛА...

Муқимий номи билан танилган Муҳаммад Аминхўжа Қўқонда таваллуд топган. У Бухоро мадрасасини тамомлаб Қўқонга қайтади ва уйланади. Шоир дастлаб ер қурилиши маҳкамасида мирзалик, сўнгра Сирдарё ёқасида жойлашган Оқжардаги паромда паттачилик қилади.

Моддий муҳтожлик Муқимий оиласининг бузилишига олиб келади. Хотини ўғлини онасига ташлаб, бошқа кишига турмушга чиқади. Шоир ўз ота ҳовлисини тарк этиб, шу маҳаллада жойлашган Ҳазрат мадрасасидан бир ҳужра олади. Шу ҳужрада танг ва торликда бекаслик ва ғариблик чироғини ёқиб, муҳтожликда умр ўтказади.

“ЎША ОДАМ СИЗМИ, ОТАМ 10 ДИНОРГА ҚУЛЛИКДАН ҚУТҚАРИБ ОЛГАН”

Саъдий Шерозий (Шайх Саъдий) 1203 йил Шероз шаҳрида туғилган. 10-11 ёшида отасидан етим қолган. Манбаларда Шерозийни қул қилиб Траболис ҳандақини қазишда ишлатгани айтилади. У ерда бир таниши Шерозийни 10 динорга асирликдан қутқариб олади ва 100 динор қалин пули эвазига қизига уйлантириб қўяди. Қиз эса бадфеъл бўлиб, бир куни келишмовчилик юзага келганида хотини унга “Ўша одам сизми, отам 10 динорга қулликдан қутқариб олган”, деб юзига солади.

Шунда Саъдий Шерозий “Ҳа, ўша мен отанг 10 динор билан қутқариб олиб, 100 динор эвазига чангалингга ташлаган одам мен бўламан”, дейди.

“Гулистон” ва “Бўстон” асарлари муаллифи Шерозий 13 аср ўрталарида Шерозга қайтиб келиб, бир ҳонақода фақир яшаб, 1292 йил вафот этади.

Шаҳриноз ЖЎРАЕВА,

Аброр ШОМАМАТОВ,

ЎзЖОКУ 1-босқич талабалари

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
17
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
03.04.2021 18:37
Тарихни оддий рангларда лунда, тушинарли еритиб берганларинг учун сизларга сизларга рахмат, бизларни утмишимиз билан худди шундай оддий тилда таништираверинглар, яна бир марта рахмат...
03.04.2021 18:36
Тарихни оддий рангларда лунда, тушинарли еритиб берганларинг учун сизларга сизларга рахмат, бизларни утмишимиз билан худди шундай оддий тилда таништираверинглар, яна бир марта рахмат...