Синган қалам изтироби

26.06.2026 16:15

Давлат мукофоти ва "Олтин қалам" олиш учун кимга, қандай мурожаат қилиш керак?

"Ўзбекистон24" ижодий бирлашмаси бош муҳаррири, таниқли журналист, сиёсий шархловчи Абдували Сойибназаров журналистка соҳасида берилаётган давлат мукофотлари ва "Олтин қалам" эътирофидаги адолатсизликлар бўйича "Синган қалам изтироби" сарлавҳаси билан ўзининг Фейсбук саҳифасида очиқ хат ёзиб қолдирган. У ушбу эътирози билан журналитикани бутунлай тарк этаётганини ҳам билдирган.

ОЧИК ХАТ

Инсон умрининг ўттиз йилини бир соҳага бағишлаш нима дегани? Бу – сочларнинг шу йўлда оқариши, кўз нурининг қоғоз ва экранларга тўкилиши, юракнинг ҳар бир чизилган ҳарф билан бирга уриши демакдир. Мен журналистика боғлаб қўйган ўша сеҳрли арқонни маҳкам тутиб, роппа-роса ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида халқнинг хизматида бўлдим. Тўртта китоб чиқардим, давлатнинг ички ва ташқи сиёсати, ислоҳотлар, ўзгаришлар ҳақида минглаб таҳлилий, куйди-пишди мақолалар ёздим. Кўнглимда яқин дўстлар, ҳамкасблар орттирдим.

Аммо бугун... бугун кўнглимнинг энг тубида музлаб қолган, айтишга тил бормайдиган, аммо ичимни кемираётган бир аччиқ ҳақиқат билан юзма-юз турибман. Мен бу соҳада қадр топмадим. Балким, кимдир буни эшитиб, «ношукрлик қиляпти», дер. Йўқ, бу ношукрлик эмас. Бу – йиллар давомида тўпланган, қадрдон деворларга урилиб сингган умидларнинг синиқларидир. Ҳали жамиятда кўпчилик бу гапларим учун мени қоралар, постлар ёзар. Кейинги бир неча йилдан бери бир сценарий такрорланади: ҳужжатларим давлат мукофотига тақдим этилади, рўйхатлар тузилади. 

Соҳамизнинг энг нуфузли танлови бўлмиш «Олтин қалам» миллий мукофотига роппа-роса 20 марта ҳужжат топширдим. Йигирма марта! Ҳар сафар охирги паллада, қайсидир қоп-қоронғу ва совуқ хонада, эҳтимол, мени кўришга кўзи йўқ, мендан негадир нафратланадиган бир «кўринмас қўл» исмимни рўйхатдан ўчириб ташлайди. Сўнгги лаҳзаларда мукофотдан бебаҳра қоламан. Балки жюри ҳайъати раисига ёқмасдирман, Журналистлар уюшмасининг янги раҳбарига ёқмасман. 

Бу нима дегани? Бу – давлатнинг, тизимнинг сенга бўлган ишончсизлиги эмасми? Сен ёзган минглаб мақолалар, давлат сиёсатини халққа тушунтираман деб чеккан заҳматларинг бир тийинга қиммат эканини билдирувчи совуқ ишора эмасми бу? Мен мукофот учун ишламадим, ҳеч қачон кўкрагимга тақиладиган металл парчаси учун қалам тебратмаганман. Аммо инсон экансан, сенинг ҳам ғуруринг, сенинг ҳам яқинларинг бор экан. Энг ёмони – мукофот ололмаганинг эмас, энг ёмони – атрофингдагиларнинг, оилангнинг, фарзандларинг ва дўстларингнинг саволлари бўларкан. «Ака, нега сизни тақдирлашмади?» «Дада, фалончи кечагина иш бошлаганди-ку, нега у олди-ю, сизни яна четлаб ўтишди?»

Ана шу совуқ ва аччиқ саволлар юракни тилка-пора қилади. Бу саволлар қаршисида ерга қараб қолиш, ўзингни худди жиноятчидек ҳис қилиш – ўлимдан ҳам оғирроқ азоб. Сен ўз касбингга содиқ қолдинг, сотилмадинг, ҳалол меҳнат қилдинг, лекин тизим сени «нолойиқ» деб топди. Буни яқинларингга қандай тушунтирасан? Узоқ ўйладим. Кўзларимга ёш келиб, ушбу сатрларни қоралар эканман, ўзимга-ўзим савол бераман: менинг бу соҳада қолганимдан нима наф? Кимга керак менинг сўзим, менинг куйганларим?

Англаб етдимки, энг тўғри йўл – соҳани бутунлай тарк этишлик экан. Қўлдан қаламни улоқтириб, қишлоққа қайтиб, тинчгина ҳайвон боқаман. Шу осон йўли. Ҳеч бўлмаса у ерда табиат соф, ҳеч ким сени орқангдан пичоқламайди. Оғир жисмоний меҳнат қиларсан, қора ишчи бўларсан, лекин руҳинг бу қадар хўрланмайди, меҳнатингнинг ҳаққини камида ҳалол оласан. Бу ўттиз йил Ватан ислоҳотларини куйлаган бир журналистнинг бугунги аянчли ва изтиробли иқрори. Менинг синган қаламим бугун сукут сақлашни афзал кўрди. Зора, менинг бу изтиробим соҳадаги бошқа қадрсизланаётган ҳақиқий ижодкорларнинг тақдирига озгина бўлса-да эътибор қаратишга сабаб бўлса.

Манга кизиги йук. Бу гапимдан кейин биринчи маъмурият давридаги каби босим буладими, камалиб кетаманми, фарки йук. Буёгида умримнинг канча кисми колди... Диабет билан оғрийдиган одамга фарқи йўқ. Мени биринчи маъмурият давридаги босимларми, таъқибларми, ёки «тепадагилар»нинг ғазабими – энди буларнинг бари қизиқ эмас. Ҳатто камалиб кетишимдан ҳам қўрқмайман. Бу – қўрқоқликдан эмас, аксинча, қўрқувнинг чегарасига етганимдандир. Менинг бор бойлигим — қаламим, номим ва ҳалол виждоним эди. Уларни қадрсизлантиришди, ерга уришди, тизимли равишда оёқости қилишди.

Энди менда нима қолибди? Умримнинг қолган қисмида яна кимдандир қўрқиб, яна кимнингдир қош-қавоғига қараб яшашим керакми? Йўқ, энди бунга ҳожат йўқ. Мен бу соҳани тарк этяпман. Менинг бугунги сўзларим – журналистиканинг «Олтин қалам»ларидан ҳам қимматроқ, чунки унда ёлғон йўқ. Унда оғриқ бор, унда ҳаёт бор. Салим ака сиз яшанг, Шуҳратжон сиз яшанг. Биз фақир киши панада. Мен аллақачон ўзимга керакли ҳукмни чиқариб бўлганман. Бу – эркинлик ҳукмидир. Тез орада қабрга бораман. Бировни қақшатиб ҳеч нарсага эриша олмайсиз. Қиёматда ҳамма саҳналар очилади. Ман топширган тайёрлаган материаллаони анча мунчаси тайерлай олмасди. Узимга ишонаман. Жуда купчилик мехнат килганди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар