Янгийўлда “Томорқа мактаби” очилди

02.06.2025 14:32

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги қарорига мувофиқ, “Янгийўл-Agrostar” компанияси помидор, булғор қалампири ва кўкатларга ихтисослашуви белгиланган.
“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ мазкур ихтисослашган компанияни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун масъул этиб белгиланган ва ҳамкорликда бир нечта муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Куни кеча шундай лойиҳалардан бири — Янгийўл туманидаги “Халқобод” маҳалласидан “Томорқа мактаби” ташкил этилди. Очилиш маросимида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Бошқаруви ва “Uzagrostar holding” компанияси раҳбарияти, хорижий мутахассислар ҳамда томорқа ер эгалари, деҳқон ва фермер хўжаликлари вакиллари иштирок этди.

Мазкур мактабда томорқа ер эгалари, деҳқон ва фермер хўжаликлари вакилларининг ҳар бир гуруҳи учун ҳафтада 4 кун ўқув машғулотлари ташкил этилади. Машғулотлар тажрибали профессор-ўқитувчилар томонидан олиб борилади. Хусусан, “Янгийўл – Agrostar” компаниясига туркиялик малакали, олий тоифали агроном Ченгиз Ялчин жалб этилиб, ушбу мутахассис ҳам ер эгаларига ўзининг амалий билимларини беради.

Шунингдек, франциялик мутахассис, “Experto consulting” компанияси эксперти Станислас Энрион билан ҳам яқин ҳамкорлик ўрнатилган. У ўрганишларидан келиб чиқиб, ихтисослашган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни ривожлантириш бўйича тавсияларини бериб боради. Ушбу мактабда йил якунига қадар 600 га яқин томорқа ер эгалари, деҳқон ва фермер хўжаликлари вакилларини ўқитиш режа қилинган.

Бу йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида Тошкент давлат аграр университети, Сабзавотчилик ва тупроқшунослик илмий текшириш институти ҳамда “AGROLAB” илмий текшириш лабораториялари билан келишувларга эришилган. Энг муҳими, машғулотлар назарий, амалий ва кўчма тарзда ташкил этилади.

Бундан ташқари, “Томорқа мактаби” тингловчилари агробизнес сектори учун зарур бўлган лаборатория таҳлили хизматларини тақдим этиш учун мўлжалланган “AGROLAB ЎҲҚМ” МЧЖ синов лабораториясида 3 кун давомида олинган назарий билимларини мустаҳкамлаб, тупроқ, сув ва мевали-сабзавотларнинг таркиби, таҳлили, экспорт қилинадиган маҳсулотларга олинадиган сертификат учун қўйилган талаблар билан танишиш имкониятига эга бўладилар.

Тадбирда меҳмонларга “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ва “Янгийўл – Agrostar” компанияси ҳамкорлигида Хитой технологияси асосида 4 гектар майдонда барпо этилаётган, 10 сотихдан иборат 30 та иссиқхона қуриш лойиҳаси ҳам намойиш этилди. Қуёш нури тушмайдиган бир томони тўлиқ ёпилган бу тежамкор иссиқхоналар бир мавсумда 2–3 марта ҳосил олиш имконини беради. Энг муҳими, бу ерни иситиш учун ҳеч қандай энергия талаб этилмайди. Ҳар бир иссиқхонадан олинадиган даромад эса 150 миллион сўмдан кўпроққа етиши мумкин.

Реклама ҳуқуқи асосида

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар