Ўзбекистонда YouTube монетизациясининг йўлга қўйилишига нима тўсиқ бўляпти?

02.06.2025 12:02

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази YouTube платформасининг Ўзбекистонда реклама даромадларидан фойдаланиш (монетизация) хизмати ёқилишининг иқтисодиётга таъсири ва мавжуд тўсиқларини таҳлил қилди (https://review.uz/oz/post/yutub-platformasining-ozbekistonda-reklama-daromadi-korish-monetizaciya-xizmati-yoqilishi-tahlili). Унга кўра,YouTube монетизациясининг йўлга қўйилиши Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотини 0,05−0,1 фоизга ошириши мумкин. Монетизация натижасида маҳаллий блогерларнинг даромади йилига 30-50 млн долларгача ошади. Янги контент яратувчилар сони кўпайиб, креатив саноат ривожланади.

YouTube монетизациясининг иқтисодиётга таъсири

YouTube монетизацияси 108 та давлатда ёқилган бўлиб, Марказий Осиё давлатларидан фақат Қозоғистонда мавжуд. Россия (санкциялар сабаб) ва Хитойда хизмат ёқилмаган.

Маданий ва креатив соҳадаги маҳсулотларнинг дунё ялпи ички маҳсулотидаги ўрни 3,1 фоизни ташкил этади ҳамда жаҳонда иш билан банд аҳолининг 6,2 фоизи ушбу соҳага тўғри келади.

Ўзбекистонда креатив индустрия соҳасига оид 9,6 минг корхонада 84 минг нафар ходим фаолият кўрсатмоқда. Креатив иқтисодиётнинг умумий иқтисодиётдаги улушини 2030 йилгача 5 фоизга етказиш мақсад қилинган.

2025 йил январ ойи ҳолатига 33,9 млн мобил алоқа фойдаланувчилари, 32,7 млн интернет фойдаланувчилари мавжуд. Фаол ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари 11,7 млн нафар бўлиб, мобил интернет ўртача тезлиги 37,82 мб/с, симли (ўзгармас) интернет тезлиги 79,06 мб/с.

Ўзбекистонда 2,3 млн Facebook, 11,7 млн Instagram, 2,6 млн TikTok, 250 минг Х ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси мавжуд бўлиб, веб трафикнинг 66 фоизи Instagram, 13 фоизи Pinterest, 8 фоизи Facebook, 6,3 фоизи YouTube тармоғига сарфланади.

Ҳозирда Ўзбекистонда ойлик фаол фойдаланувчилар YouTube'да 13 млн кишини ташкил этади. Бу кўрсаткич Telegram’да 20 млн, Meta (Instagram ва Facebook)да 10 млн.

ИТИМ таҳлилларига кўра, монетизация хизмати ёқилиши натижасида Ўзбекистонда маҳаллий реклама бозори ҳажми ошади. 2024 йилда реклама бозори 2,1 трлн сўм бўлиб, шундан 29 фоизи рақамли рекламага тўғри келади (20 фоиз ташқи реклама, 51 фоиз телерекламалар).

2023 йилда Қозоғистонда рақамли реклама бозори ҳажми 100 млн долларга ошган (+30 фоиз). Россияда YouTube монетизацияси ўчирилгандан сўнг блогерлар 20 млрд рубл (231 млн доллар) зарар кўришган.

Ўзбекистонда монетизациянинг киритилиши маҳаллий компаниялар учун нафақат YouTube'да реклама олиш имкониятини очибгина қолмай, балки блогерларга даромад олиш имконини ҳам беради

Ҳисоб-китобларга кўра, монетизациянинг йўлга қўйилиши Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотини 0,05−0,1 фоизга ошириши мумкин. Қозоғистонда бу кўрсаткич ЯИМнинг 0,1 фоизини ташкил қилади.

Монетизация натижасида маҳаллий блогерларнинг даромади йилига 30-50 млн долларга етиши мумкин. Янги контент яратувчилар сони ошиб, креатив саноат ривожланади. Блогерлар ва медиа агентликлар кўпайиб, IT (монтаж, видео, анимация) хизматларига талаб ортади, дея қайд этади ИТИМ.

YouTube монетизацияси учун асосий тўсиқлар

Шахсий маълумотларни сақлашга доир. YouTube монетизациясини ёқиш учун шахсий маълумотлар базасини (сервер) Ўзбекистонда сақлаш талаби тўсқинлик қилиши мумкин.

Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунга (ЎРҚ-547) асосан, Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотлари жисман республика ҳудудида жойлашган ва рўйхатдан ўтказилган техник воситалар ҳамда базаларда сақланиши шарт.

Аксарият хорижий давлатларда ҳам серверларни мамлакат ичкарисида жойлаштириш талаби мавжуд бўлса-да, йирик халқаро IT компанияларга нисбатан талабларни юмшатиш ва алоҳида шартномалар тузиш тажрибаси қўлланган.

Россия ва Қозоғистонда шахсий маълумотларни маҳаллий серверларда сақлаш бўйича қаттиқ талаблар бўлса-да, Google ва Meta каби компаниялар билан муросага келиб, ўз серверларини мамлакат ҳудудида жойлаштириш мажбуриятини юкламасдан, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича келишувларга эришилган.

Европа Иттифоқида мамлакат ташқарисига маълумотни чиқариш Иттифоқнинг ўзидаги сингари хавфсиз сақланиш шарти билан рухсат берилади. Ҳиндистонда фақат молиявий маълумотларни давлат ичида сақлаш талаби мавжуд.
Маҳаллий маълумотлар марказларини ривожлантириш ва маҳаллий серверлар талабини енгиллаштириш учун глобал булутли хизматлар (АВС (АВС), Google Cloud, Microsoft Azure) билан ҳамкорликни кенгайтириш талаб этилади (Қозоғистон тажрибаси). YouTube серверлари асосан халқаро Tier III стандартлари асосида ишлайди.

Муаллифлик ҳуқуқига доир. Муаллифлик ҳуқуқи бўйича қонуний ва амалий назорат бўйича камчиликлар YouTube контент яратиш бозорининг ривожланишига таъсир қилиши мумкин.

Муаллифлик ҳимоясига оид бир қатор муаммолар учрамоқда:

ўғирланган контентларни тарқатиш кенг тарқалган. Баъзи кичик телеканаллар ва блогерлар томонидан хорижий фильмлар, мусиқалар, спорт трансляцияларни рухсатсиз юклаш ҳолатлари кузатилади;
контент муаллифларининг асарлари рухсатсиз нусхаланиб, бошқа каналларда қайта юкланиши орқали ўз контентини ҳимоя қила олмаган муаллифлар мотивациясиз қолади;
расмий лицензияланган контент бозори ривожланмаган. Масалан, YouTube’даги мусиқалар, фильмлар, сериаллар учун расмий дистрибюторлар йўқ.

Реклама бозорида шаффофликни таъминлаш учун реклама фаолиятини кузатиш рақамли мониторинг тизимини жорий этиш, қонунчиликни халқаро стандартларга мос равишда янгилаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, реклама бозоридаги асосий кўрсаткичлар ва статистик маълумотларни очиқ ҳолда эълон қилиш талаб этилади.

Халқаро тўлов тизимига доир. Ҳозирда Visa, Mastercard ва Union Pay каби халқаро тўлов тизимлари мавжуд бўлса-да, YouTube монетизациясида кенг қўлланадиган PayPal, Stripe ва бошқа халқаро тўлов тизимлари Ўзбекистонда расмий ишламайди.

Мамлакатда PayPal фақат чиқим қилиш (харид) учун ишлайди, лекин маблағ қабул қилиш функцияси йўқ.

Маҳаллий банклар (валюта ҳисоб рақами) орқали халқаро тўловларни қабул қилиш мумкин бўлса-да, уларнинг конверсия ставкалари ва қўшимча чекловлари мавжуд.

YouTube монетизацияси Ўзбекистонда қандай ҳисобланади?

Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда 26 мингдан ортиқ фаол видеоблогерлар мавжуд ва улардан 1000 нафари катта блогерлар (100 мингдан ортиқ обуначи), 5000 нафар ўрта блогерлар (10−100 минг обуначи), 20 минг нафар кичик блогерлар (1−10 минг обуначи).

Агар 1000 та кўриш учун ўртача CPM (реклама тўлови) 0,8 –1,4 доллар деб олинадиган бўлса ва йиллик умумий кўришлар сони 36 миллиардни ташкил этса, жами даромад 28,8 млн – 50,4 млн оралиғида бўлиши мумкин. Таққослаш учун: АҚШда CPM 5 –15, Қозоғистонда 0,8 – 2 доллар атрофида.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар