Сенатнинг еттинчи ялпи мажлисида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг айрим моддаларига ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун маъқулланди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда сўнгги вақтларда ҳуқуқбузарлар томонидан жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш борасида хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмалари ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик ҳолатлари ортган.
Хусусан, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик билан боғлиқ 2021 йилда 56 474 та, 2022 йилда 88 401 та, 2023 йилда 88 988 та, 2024 йилда 85 278 та маъмурий ҳуқуқбузарлик қайд этилган.
Шу боис, муҳокама қилинаётган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга:
Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимининг қонуний талабларини бажармаганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 (амалда 1) бараваридан 12 бараваригача миқдорда;
худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган тақдирда базавий ҳисоблаш миқдорининг 12 бараваридан 30 (амалда 15) бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлишини белгиловчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, кўмир маҳсулотларини оз миқдорда талон-торож қилганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда.
Таъкидланишича, 2022 йилда кўмир маҳсулотларини талон-торож қилиш ҳолатлари 68 тани ташкил этиб, бунда 153,5 тонна кўмир, 2023 йилда 142 та ҳолатда 262 тонна, 2024 йилда 154 та ҳолатда 279 тонна кўмир талон-торож қилиниши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган.
Шу муносабат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-моддасига алоҳида тўртинчи қисм сифатида мулкчилик шаклидан қатъи назар ташкилотларнинг кўмир ёқилғисини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан оз миқдорда талон-торож қилганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Маълумот учун, талон-торож қилинган мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан ошмаса, бундай талон-торож оз миқдордаги талон-торож қилиш деб ҳисобланади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланиб, имзолаш учун президентга юборилди.