Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) таҳлилига кўра, Тошкент шаҳрида кўп квартирали уй-жойларга киритилган инвестициялар рентабеллигининг пасайиши давом этмоқда.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, кўчмас мулк анъанавий равишда ижара ва мулк қийматининг ошиши орқали барқарор даромад олиш воситаси сифатида қаралади. Бироқ сўнгги бир йил ичида бундай инвестицияларнинг рентабеллиги сезиларли даражада пасайиб кетди ва аллақачон хорижий валютадаги депозитлар бўйича даромадлилик билан тенглашди.
Институт маълумотларига кўра, апрель ойида Тошкент шаҳрида уй-жойга киритилган инвестициялар рентабеллиги 6,2 фоизгача пасайган, бу 2024 йилнинг апрелига (27,8 фоиз) нисбатан 4,5 баравар кам. Ушбу даврда ижарадан олинадиган ўртача даромад 10,9 фоиздан 8,5 фоизгача, уй-жойнинг ўртача нархи эса 2,4 фоизга камайди.
Шу билан бирга, уй-жойга киритилган инвестицияларнинг даромадлилиги квартиранинг майдони ва хоналар сонига қараб кескин фарқ қилади. Энг юқори даромадни Шайхонтоҳур туманида бир хонали квартира сотиб олиш кўрсатди — 25,1% (2024 йил апрель ойида — 41,4%). Шу билан бирга, Миробод туманида бу кўрсаткич атиги 0,4 фоизни ташкил этган (бир йил аввал 24,7 фоиз).
2 хонали: Яккасарой тумани — 16,2% (12,1%), Учтепа тумани — 2% (27,1%);
3 хонали: Яккасарой — 16,8% (27%), Учтепа — 1,6% (23,6%);
4 хонали: Яккасарой — 15,6% (25,2%), Олмазор — 2,5% (21,3%).
Институт ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йилнинг баҳорида уй-жой сотиб олган инвесторлар уни ўртача 2,4 фоизга арзонроққа сотишга мажбур бўлган. Хонадонлар нархи Учтепа (-7,4%), Юнусобод (-4,4%) ва Олмазор (-4,2%) туманларида энг кўп пасайган. Шу билан бирга, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ўсиш кузатилди — тахминан 6%.
Ижарадан олинадиган даромад ҳам камаймоқда. Апрель ойида у бир йил аввалги 10,9 фоизга нисбатан ўртача 8,1 фоизни ташкил этди. Энг юқори даромадлилик Миробод туманида — 9,2% ва Шайхонтоҳур туманида — 8,9% қайд этилди.
Даромадлилик даражаси бўйича инвестицион жозибадорлиги юқорироқ бўлган 1 ва 2 хонали хонадонлар учун даромадлилик даражаси мос равишда 8,5% ва 6,3% гача тушди. Январь ойида ушбу кўрсаткичлар 14,3% ва 7,5% ни ташкил этиб, 2024 йилнинг апрель ойига (мос равишда 30,2% ва 25,5%) нисбатан сезиларли даражада камайган эди.
Шунингдек, апрель ойида 3 ва 4 хонали хонадонлар учун даромадлилик кўрсаткичи 6,7% ва 3,3% гача камайди (2024 йил апрелда — 24,9% ва 30,6%).
Таққослаш учун: институт маълумотларига кўра, апрель ойида миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича ўртача ставка 22 фоиз, хорижий валютадаги ўртача ставка эса 5,1 фоиз атрофида бўлган. Шундай қилиб, сўмдаги омонатларнинг даромадлилиги уй-жойга инвестициялар даромадлилигидан икки баравар юқори бўлди, дея таъкидлади институт.