Ҳар йили юзлаб ўлимлар: Ис газига қарши курашда ҳукумат амалий чоралар кўраяптими?

23.05.2025 09:56

Юртимизда ис гази қурбонлари йилдан-йилга ошиб бормоқда. Нима учун дунёда ҳатто ўсимлиг-у, ҳайвонлар жони учун курашилаётган бир даврда, бизда олий тафаккур эгалари бўлган одамзод биргина газ туфайли ўлиб кетаверади? Энг ачинарлиси, бундай қурбонлар одатда битталаб эмас, бутун оила билан ёки оиланинг бир неча аъзоларига баравар жабр етказади. Жорий йилнинг 9 май куни Самарқандда газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида 7 нафар кишидан иборат бутун бошли оила аъзолари ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида ҳали вояга етмаганлар ҳам бўлган. 

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ ахборот хизматининг маълум қилишича, 2024 йил бошидан ноябрь ойи охирига қадар республика бўйича газ билан боғлиқ жами 74 та (2023 йил — 86 та) ҳолатлар содир бўлган. Мазкур ҳолатлар оқибатида 82 нафар (2023 йил — 88 та) фуқаролар вафот этган ва 80 нафар (2023 йил — 119 та) фуқаролар турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Айрим ҳолатларда эса, дудбўрон носозлиги оқибатида оиланинг барча аъзолари ис газидан заҳарланиб вафот этган.

Ҳодисалар фуқаролар ис газининг хавфли эканлигини тўла-тўкис ҳис этмасликлари, тарғиботга ишонмаслиги, ностандарт, қўлбола, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган носоз жиҳозлардан ҳамда дудбўрон, шамоллатиш тизимларини текширмасдан ишлатиши ёки нотўғри ўрнатилган дудбўрондан фойдаланганликлари оқибатида содир бўлган деб топилган.

Ташкилот турли вилоят ва ҳудудларда ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш, табиий газдан тўғри фойдаланиш бўйича олиб бораётган тарғиботлари юзасидан расмий саҳифаларига хабарлар жойлаб боради. Ушбу ҳаракатлар кимлардир учун манфаатли хизмат қилган бўлса, бу саъй-ҳаракатларни фуқаролар фақат қулоқда эшитиб, кўзи билан кўрмаган ҳолатлар ҳам кам эмас.

2025 йилда ҳам ис газидан заҳарланиш каби кўнгилсиз ҳолатлар давом этмоқда. Содир бўлган воқеаларнинг ўхшаш жиҳати, кўп оилалар совуқ кунларда табиий газдан иситиш воситаси сифатида фойдаланганидан юзага келган. Совуқдан азоб чекмаслик, яъни яшаш учун фуқаро охир бориб ис гази қурбони бўлмоқда. Бу ҳолатларнинг олдини олишда юртимизда амалий чора кўриш билан ҳеч ким шуғулланмайдими? Фақатгина “Биз огоҳлантирдик, аммо улар амал қилмади” каби тамойил билан иш битмайди.

Жорий йилнинг 31 март куни Андижон вилояти Избоскан туманидаги масжид портлаши ҳам газ сизиб чиқиши оқибатида содир бўлган эди. 

Яъни, "Аҳмадали хожи" масжидининг таҳоратхона биноси ертўласида иситиш мосламаларига уланган газ қувурларидан сизиб чиққан табиий газ хона ичига тўпланиб қолган. Электр энергияси ёқилган вақтда чақнаш содир бўлиб, бино қулаб тушган. Оқибатда 3 нафар фуқаро ҳалок бўлиб, 10 киши тан жароҳати олган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган эди.

Аммо бу воқеа муаммоларга вақтида эътибор қаратилмагани, назоратнинг сусайгани ва хавфсизлик чоралари етарли даражада кўрилмагани оқибатидир. 

Бундай фожиаларнинг олдини олиш учун биринчи навбатда, жамоат жойларидаги иситиш ва газ тизимлари доимий ва пухта техник кўрикдан ўтказилиши зарур. Айниқса, ертўлаларда ўрнатилган газ ускуналари махсус мутахассислар томонидан назоратга олиниши, уларнинг яроқлилик муддати, ўрнатилиш сифати ва хавфсизлик талабларига жавоб бериши қатъий текширилиши лозим.

Жаҳон тажрибасига юзланадиган бўлсак, 2022 йил 1 октябрдан бошлаб, Англияда барча ижарага бериладиган уй-жойларда қуйидаги талаблар жорий этилган:

Ҳар бир яшаш учун мўлжалланган қаватда тутун сигнализатори ўрнатилиши шарт;

Ёқилғи билан ишловчи (газ, ёғ, кўмир ва бошқалар) стационар қурилма мавжуд бўлган ҳар бир хонада ис газини аниқловчи детектор ўрнатилиши мажбурий ҳисобланади. Агар детекторлар носоз бўлса, хабардор қилинганидан сўнг уларни таъмирлаш ёки алмаштириш талаб этилади. Ушбу талабларни бажармаган ижарачиларга маҳаллий ҳокимият томонидан 5 000 фунт стерлинггача жарима солиниши мумкин.

Шунингдек, Англияда барча газ билан ишловчи қурилмалар (масалан, газ печлари, сув иситгичлари) йилда камида бир марта "Gas Safe" рўйхатидан ўтган муҳандислар томонидан текширилиши қонун билан белгиланган. Уй эгаси ўзи тақдим этган газ таъминоти ва жиҳозларининг хавфсиз ҳолатда бўлиши, фақат Gas Safe рўйхатидан ўтган муҳандис томонидан ўрнатилган ёки таъмирланган бўлиши ҳамда ҳар 12 ойда ана шу муҳандис томонидан текширилиб турилишига ишонч ҳосил қилиши шарт.

Маълумот учун, Ўзбекистонда истеъмолчилар газ билан боғлиқ буюртмалар, авариялар ва мурожаатлар билан ҳар бир туман/шаҳар газ таъминоти бўлимларидаги 104 авария хизматлари ёки 1104 “Call-марказ” қисқа рақамли телефонлари ҳамда “Хавфсиз газ” телеграм гуруҳлари орқали мурожаат этиши мумкин.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг газдан турмушда фойдаланишда юзага келиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларни текшириш ҳамда ҳисобга олиш тартибини белгилаш бўйича қарори мавжуд. Унга кўра:

Тураржойларда, жумладан кўп квартирали уйларда маиший эҳтиёжлар учун табиий ва суюлтирилган углеводород гази, қаттиқ ёқилғи ёки нефть маҳсулотларидан фойдаланишда аҳоли билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида:

—Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг ҳудудий ёнғин назорати органлари томонидан ҳар йилги иситиш мавсуми бошланишидан олдин жисмоний шахсларнинг тураржойларидаги дудбўрон ва шамоллатиш каналларининг техник ҳолати текширилиши, аниқланган носозликлар бартараф этилиши ҳамда профилактик хизматлар тизимли равишда йўлга қўйилиши;

—Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва "Ҳудудгазтаъминот" АЖ томонидан тураржойларда, жумладан кўп квартирали уйларда газдан фойдаланиш бўйича белгиланган хавфсизлик қоидаларига риоя қилиниши ҳолатлари доимий ўрганилиб, аниқланган муаммо ва носозликлар бартараф этилиши керак.

Шунингдек, хонадонларнинг ички газ тармоқлари ҳамда газдан фойдаланиш ускуналари ва жиҳозлари белгиланган муддатларда техник кўрикдан ўтказилиб, уларга профилактик хизматлар кўрсатилиши лозимлиги белгиланган.

Ушбу қарор амалда қай даражада эканини билиш мақсадида "Ҳудудгазтаъминот" АЖ матбуот котибидан маълумот олиш мақсадида телеграм саҳифасига савол йўллаганимизда, ўқиб жавоб қайтармади. Телефон рақамига эса боғлана олмадик.

Матбуот котиби – ахборот алмашинуви учун масъул шахс. У журналистлар билан мулоқотда бўлиши, саволларга ўз вақтида жавоб бериши керак. Аммо агар журналистнинг саволини кўриб туриб беъэтибор қолдирса, оддий фуқаролар ундан қандай муносабат кутиши мумкин?

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар