Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати доимо давлат мустақиллиги ва миллий манфаатларни ҳимоя қилиш тамойилларига асосланади. Сўнгги йилларда бу йўналишда турли ташаббуслар амалга оширилди. Бироқ айрим ҳолатларда давлатнинг расмий вакиллари томонидан зарур позициянинг билдирилмаслиги жамоатчилик эътирозига сабаб бўлмоқда.
Хусусан, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистонга ташрифи давомида Самарқанддаги "Мотамсаро она" ёдгорлигида рус тилидаги ёзувнинг йўқлигини танқид қилди. У ёдгорликдаги сўзлар фақат ўзбек ва инглиз тилларида ёзилганини таъкидларкан: “Бу ерда инглиз тилида ёзув бор, лекин русчасини кўрмадим. Она – бу энг муқаддас зот”, дея экскурсоводга мурожаат қилган.
Лавровнинг бу баёноти ижтимоий тармоқларда фаол жамоатчилик томонидан қизғин мунозараларга сабаб бўлди. Бир қатор блогерлар, журналистлар, депутатлар ва жамоат фаоллари Лавровнинг бу фикрларига кескин эътироз билдириб, ўз ижтимоий саҳифаларида танқид ва кесатиқлар билан жавоб қайтардилар. Ўзбекистон мустақил давлат сифатида давлат тили — ўзбек тилига ҳурмат талаб қилинишини таъкидладилар.
Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев Москва Бош майдонига ўзбекча ҳам ёзилса, кейин ўйлаб кўришимиз мумкин, дея Россия ТИВ вазирига жавоб қайтарган. “Ўзбек халқи тилни мажбурият эмас, имконият деб танлайди. Хориж тилини сунъий тарғиб қилиш муҳаббат эмас, қарши муносабат уйғотади. Қолаверса, ҳурмат талаб қилинмайди – у сингади”, дейди депутат.
Шунингдек, “Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров рус сиёсатчилари Ўзбекистонда рус маданияти ва рус тилига бўлган муносабатни ёмонлаштириш учун ҳамма йўлларни синаб кўраётганини таъкидлаган. “Нега Ўзбекистонда ёшлар ҳеч ким эслатиб турмаса ҳам инглиз, немис, турк ва араб тилларини ўрганишга ҳаракат қиладилар? Сўраб олинган ҳурмат ва ёлғон яратилган эҳтиёждан фақат тескари натижа бўлишини вазир Лавров билмаслиги мумкин эмас”, дея ёзган Алишер Қодиров.
“Ҳар бир мамлакат ўзининг ҳудудидаги тарихий обида ёки ҳайкали атрофида қайси тилда ёзишини фақат ўзи ҳал қилади. Бизнинг вазирлар ҳам Россияга борганда баъзи масалалар бўйича Лавров каби дадил савол беришни ўрганишлари керак, шекилли”, дейди ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжа.
Шунингдек, яна бир қанча блогерлар ва журналистлар ҳам Лавровнинг баёнотига нисбатан кескин фикрлар билдиришди.
Ташқи ишлар вазири нега жим?
Юқорида Лавровнинг баёнотига жавобан билдирилган жамоатчилик фикрлари билан танишдик. Бироқ бу вазиятда энг муҳим савол очиқ қолмоқда: Лавровга аслида ким расмий жавоб бериши керак эди?
Бундай ҳолатларда миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва давлат позициясини очиқ баён этиш – Ташқи ишлар вазирининг бевосита вазифаси эмасми?
Агар расмий шахслар жим турса, охир-оқибатда жамиятдаги оддий фуқаролар, блогерлар, университет ректорлари ёки депутатлар бу бўшлиқни тўлдиришга мажбур бўлади. Бироқ, бундай вазиятда улар билдираётган норасмий фикрлар давлат сиёсати даражасидаги расмий баёнот ўрнини боса оладими?
Дипломатияда бегона давлат вакилининг ички ишларга аралашувига муносабат билдириш — табиий ва зарурий ҳаракат саналади. Айниқса, бу каби масалаларда расмий шахснинг сукутати одамлар орасида норозилик ва саволларни кучайтиради. Чунки жамоатчилик давлат манфаатлари қачон ва ким томонидан ҳимоя қилинишини кўришни истайди. Бундай вазиятда Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг панада туриши қанчалик тўғри?
Бахтиёр Саидовнинг мутахассислиги нима, у дипломатия қоидаларидан етарлича хабардорми?
Шу ўринда Б.Саидовнинг фаолиятига тўхталиб ўтсак:
Бахтиёр Одилович Саидов 1981 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган. У Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг бакалавриат ва магистратура босқичларини тамомлаган, шунингдек, Швейцарияда жойлашган Жаҳон савдо ташкилоти институтида ҳам таҳсил олган.
Эътиборлиси шундаки, Саидов асосан иқтисодиёт ва савдо йўналишида таҳсил олган ва фаолият юритган. У 2009–2013 йилларда Корея Республикасидаги элчихонада савдо-иқтисодий масалалари бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаган. 2017–2021 йилларда эса Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси лавозимида фаолият кўрсатган, шунингдек, Мўғулистон ва Филиппиндаги элчилик вазифаларини ҳам ўриндошлик асосида бажарган.
Саидов Вазирлар Маҳкамаси, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамиятида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилган. У Фавқулодда ва Мухтор Элчи дипломатик мартабасига сазовор бўлган бўлса-да, фаолиятининг асосий йўналиши иқтисодиёт ва савдо соҳалари билан боғлиқ бўлган.
2021 йилдан 2022 йил охиригача Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири сифатида ишлаган. 2022 йил 30 декабрдан эса Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. 2023 йил 25 апрелда ушбу лавозимга расман тасдиқланган.
Айни пайтда Саидов дипломатия қоидалари ва халқаро сиёсатнинг нозик жиҳатлари бўйича етарлича синовдан ўтганми? Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров томонидан Ўзбекистон суверенитетига нозик тегиб кетувчи баёнотлар берилди. Бироқ Саидов бунга жавобан ҳеч қандай расмий изоҳ бермади ва Ўзбекистон позициясини аниқ ва қатъий ҳимоя қилолмади. Дипломатик протокол талаб қилган вазиятларда – хусусан, давлат шаънига тааллуқли масалаларда – сукут сақлаш ўзини оқламаслиги эса кундек равшан.
Шунингдек, яна бир ҳолат эътиборга қаратсак. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистонга ташриф буюрганида, Бахтиёр Саидов у билан қучоқлашиб кўришмоқчи бўлди. Гарчи шахсий мулоқотларда қучоқлашиш илиқлик ва дўстлик белгиси сифатида қабул қилинса-да, дипломатияда бундай ҳаракат жиддий хатолик ҳисобланади.
Чунки Ташқи ишлар вазири оддий амалдор эмас, балки бутун давлатнинг халқаро майдондаги шаънини ҳимоя қилувчи шахсдир.
Дипломатик этикада эса қатъий қоидалар мавжуд: дипломатлар, хусусан, ташқи ишлар вазирлари, расмий учрашувларда ҳиссиётларга берилмасдан, мувозанатли, вазмин ва эҳтиёткор бўлиши керак. Уларнинг ҳар бир ҳаракати, имо-ишораси, юз ифодаси ҳам халқаро майдонда давлат сиёсатининг бир қисми сифатида баҳоланади. Шу сабабли дипломатик одоб-ахлоқ қоидаларига кўра, хорижий делегатларни кутиб олишда фақат расмий кўринишда – совуққон табассум ва оддий қўл сиқиш билан саломлашиш тавсия этилади.
Бундай вазиятларда эса ташқи сиёсат раҳбари ҳиссиётларга берилмай, ўзини давлат шаънига мос тарзда тута билиши, дипломатик протоколга қатъий амал қилиши зарур эди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, Лавровнинг "Мотамсаро она" ёдгорлигидаги танқидидан кейин Самарқанддаги тарихий Регистон майдонида ўтказилган 3D шоу рус тилида ҳам намойиш этилган.
Ташқаридан келган бир шахс – у қанчалик юқори лавозим эгаси бўлмасин, бизнинг қадриятларимиз, маданиятимиз ҳақидаги қарорини айтиши ва биз ўз юртимизда, ўз тарихимиз, ўз саҳнамизда уни рози қилиш учун шошилинч тарзда нималарнидир ўзгартириб чиқишимиз нимани англатади?
Давлатнинг расмий вакиллари, айниқса маданият ва дипломатия соҳасида ишлайдиганлар, бундай вазиятларда биринчи навбатда халқининг ғурурини, мустақиллигини ҳимоя қилиш, ўзини ўзи ҳурмат қилишини кўрсатиши керак. Чунки ташқи босимларга бериладиган ҳар бир юмшоқлик, охир-оқибат, ўзлигимизни аста-секин йўқотишга олиб келади.