Нега Ўзбекистонда автомобилларни бемалол вояга етмаганларга ижарага беришяпти?

24.04.2025 13:43

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмоилов автомобилларни қисқа муддатга ижарага бериш фаолиятини ноқонуний амалга ошириш ҳолатлари ва келтириб чиқараётган оғир оқибатлар юзасидан транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳамда ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовга депутатлик сўрови юборди. Бу ҳақда «Адолат» партияси хабар қилди. 

Депутат сўровида айрим тадбиркорлар инсон ҳаёти ва соғлиғидан ўз манфаатларини устун қўйиб, белгиланган қоидаларни четлаб ўтаётганига эътибор қаратган. Хусусан, сўнгги кунларда Наманган вилоятида юз берган бир қатор аянчли ҳодисаларни келтирган.

2024 йилнинг октябрида Наманган шаҳрида Gentra автомашинасини 200 минг сўмга ижарага олган 5 нафар ўқувчи катта тезликда йўлнинг қарама-қарши қисмига чиқиб кетиб, юк машинаси билан тўқнашган. Оқибатда улардан 3 нафари вафот этган. Бу йил бошидан буён шаҳарда машина ижарага олган ўқувчилар иштирокида содир бўлган тўртинчи ЙТҲ бўлган.

Ноябрь ойида яна Наманган шаҳрида икки нафар 9-синф ўқувчиси Gentra машинасида ЙТҲга учраган, улардан бири ҳалок бўлган. Улар машинани 150 минг сўмга вақтинча ижарага олган.

2025 йилнинг 6 апрель куни Давлатобод туманида икки мактаб ўқувчиси Nexia 3 машинасида ЙТҲга учраб, оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Улар машинани 150 минг сўмга вақтинча ижарага олган. 15 апрель куни эса Янги Наманган туманида 2 нафар 8-синф ўқувчиси иштирокида ЙТҲ содир бўлган. Улар машинани 1 млн сўм эвазига 8 соатга ижарага олган.

«Енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисида»ги низом талабларига кўра, транспорт воситаларини ижарага бериш фаолияти билан фақат қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган юридик шахслар шуғулланиши ва ижарачи, албатта, тегишли ҳайдовчилик гувоҳномасини тақдим этиши шарт.

Депутатнинг таъкидлашича, Telegram`даги Namangan yezda moshina каби гуруҳлар орқали юқоридаги қарор талабларига зид равишда, ҳатто вояга етмаган ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларга ҳам автомобиллар ижарага берилмоқда.

Шу муносабат билан, Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмаилов транспорт ва ички ишлар вазирларидан қуйидаги масалаларга ойдинлик киритишни сўраган:

Aвтомототранспорт воситаларини қисқа муддатга ижарага бериш фаолиятини ноқонуний амалга оширувчи шахсларни барвақт аниқлаш борасида қандай ишлар қилинмоқда?

аниқланган қонунбузарларга нисбатан қандай чоралар кўрилмоқда?

бу каби ҳуқуқбузарликлар келиб чиқишининг олдини олиш бўйича қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

мазкур масала юзасидан вазирларнинг шахсий нуқтаи назари қандай?

Дилмурод Исмоилов бундай ноқонуний фаолият мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам учраётган бўлиши мумкинлиги ва уларнинг ҳаракатларига ўз вақтида ҳуқуқий баҳо берилмаслиги янада мудҳиш оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар