Аҳоли коммунал хизматлар ва ёқилғи нархининг ошишидан қаттиқ хавотирда

11.02.2025 11:13



Марказий банк томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, аҳолининг инфляцияга оид ҳавотирлари ўтган ойга нисбатан кескин ўзгармаган. Тадқиқотда 3 674 нафар респондент иштирок этиб, ўзининг келгуси 12 ой ичидаги нархларнинг ошиши бўйича кутилмаларини ифода этди.  

Аҳоли орасида энг катта хавотирга сабаб бўлаётган омиллар орасида коммунал хизматларнинг қимматлашиши (57%), ёқилғи ва энергия нархининг ошиши (45%) ҳамда валюта курсининг ўзгариши (32%) биринчи ўринларда турибди.  

Тадбиркорларнинг энг катта хавотири коммунал хизматларнинг қимматлашиши

Январь ойида тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари 12,9 фоиз даражасида қайд этилиб, ўтган ойга нисбатан пасайиш кузатилди. Тадқиқотда 1 608 нафар тадбиркор қатнашди. Улар орасида энг катта хавотир коммунал хизматларнинг қимматлашиши (56%), валюта курсининг ўзгариши (41%) ва ёқилғи ҳамда энергия ресурслари нархининг ошиши (36%) бўлди.   

Транспорт харажатларининг қимматлашиши (29%), иш ҳақи ва тарифларнинг ошиши (27%), хомашё нархининг кўтарилиши (25%) ҳам тадбиркорлар томонидан энг муҳим инфляцион омиллар сифатида қайд этилди. Шу билан бирга, солиқларнинг ошиши ҳақидаги хавотир олдинги ойга нисбатан бироз пасайган.   

Соҳалар бўйича инфляция кутилмалари

Инфляцион кутилмалар аҳолининг фаолият юритаётган соҳаси бўйича ҳам сезиларли фарқ қилади. Савдо соҳаси вакиллари инфляциянинг келгусида кескин ошишини кутаётган бўлса, қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари нисбатан паст инфляцион даражани тахмин қилмоқда.   

Аҳоли орасида энг юқори инфляцион кутилмалар савдо соҳасида қайд этилиб, бу кўрсаткич 15,5 фоизни ташкил этди. Давлат ташкилотларида ишловчилар ҳам инфляциянинг ошишини жиддий хавотир сифатида баҳолаб, уларнинг кутилмалари 15,2 фоиз даражасида шаклланган. 

Бошқарув соҳасида ишловчилар инфляция даражаси 15 фоиз атрофида бўлишини тахмин қилса, банк-молия соҳасидаги ходимлар инфляция кутилмаларини 14,8 фоиз деб баҳолашган.   

Тадбиркорлар орасида эса таълим соҳаси вакиллари энг юқори инфляцион хавотирни билдирган (14,8%). Туризм (14,5%), молия-хизмат (14,0%) ва савдо (12,3%) ҳам тадбиркорлар учун энг катта инфляцион таҳдид сифатида баҳоланган. Энг паст инфляцион кутилмалар ахборот технологиялари соҳасида кузатилган.   

Ҳудудлар бўйича инфляцион кутилмалар 

Аҳолининг инфляцион кутилмалари ҳудудлар бўйича сезиларли фарқ қилмоқда. Энг юқори инфляцион хавотир Тошкент вилоятида қайд этилган бўлиб, бу кўрсаткич 15,7 фоизни ташкил этди. Бухоро вилояти ҳам нархларнинг ошишидан катта хавотир билдираётган ҳудудлардан бири бўлиб, у ерда инфляцион кутилмалар 15,6 фоизга етган. Тошкент шаҳри аҳолиси ҳам нархларнинг ошишини сезиларли даражада кутиб, бу ҳудудда инфляция кутилмалари 15,5 фоиз даражасида шаклланган. Сирдарё вилоятида эса инфляцион хавотир 15,2 фоиз бўлиб, бу ҳудудда ҳам нархларнинг ошиши борасида аҳолининг сезиларли ташвиши кузатилмоқда.   

Барча ҳудудлар ичида энг паст инфляцион кутилмалар Жиззах вилояти аҳолиси томонидан қайд этилган бўлиб, ушбу ҳудудда инфляция босими бошқа вилоятларга нисбатан пастроқ баҳоланган.  

Тадбиркорлар бўйича эса энг катта инфляцион хавотир Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлиб, бу ерда тадбиркорларнинг кутилмалари 16,2% даражасида шаклланган. Энг паст кутилмалар эса Сурхондарё вилоятидаги тадбиркорлар томонидан билдирилди.   

Даромад даражасига қараб инфляцион кутилмалар қандай фарқ қилади? 

Аҳолининг инфляцияга бўлган қараши уларнинг даромад даражасига боғлиқ равишда сезиларли фарқ қилмоқда.

Даромади 5 миллион сўмдан юқори бўлган фуқаролар инфляциянинг ошишидан анча кўпроқ хавотир билдирган. Энг катта хавотир 15 миллион сўмдан юқори даромадга эга респондентлар орасида кузатилган бўлиб, улар инфляцион кутилмаларни 18,2 фоиз даражасида баҳолаган.   

Даромади 10—15 миллион сўм оралиғида бўлган аҳолининг инфляция кутилмалари 16,1 фоизни ташкил этган бўлса, 7—10 миллион сўм даромадга эга қатлам орасида бу кўрсаткич 16,3 фоизга етган. 5—7 миллион сўм даромадга эга фуқаролар эса инфляциянинг ошиши борасида нисбатан пастроқ хавотир билдирган бўлиб, уларнинг кутилмалари 14,9 фоиз даражасида шаклланган. 

Аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси қандай шаклланди? 

Январь ойининг якунларига кўра, аҳолининг сезган инфляция даражаси ўтган ойга нисбатан ўзгаришсиз қолиб, 14,7 фоиз даражасида шаклланди. Ҳудудлар кесимида энг юқори сезилган инфляция Сирдарё вилоятида қайд этилиб, бу кўрсаткич 16,8 фоизни ташкил этди. Аксинча, энг паст инфляцион хавотир Навоий вилоятида кузатилиб, бу ҳудудда аҳолининг сезган инфляция даражаси 12,6 фоиз бўлди.   

Декабрь—январь ойларида аҳолининг фикрига кўра, нархлари энг тез ошган маҳсулот ва хизматлар қаторида гўшт ва сут маҳсулотлари (41%), электр ва табиий газ (48%), бензин ва ёқилғи (47%), мева ва сабзавотлар (38%) ҳамда уй-жой ижараси (29%) етакчилик қилди. 

Ушбу маҳсулот ва хизматлар аҳоли учун энг зарур бўлган соҳаларга тегишли бўлгани боис, уларнинг нархи ошиши инфляцияни сезиш даражасига бевосита таъсир кўрсатди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар