“Humo” сотилгани битим тузилганидан 3 ҳафта ўтиб эълон қилинди, нега?

16.01.2025 12:19

Аввалроқ Давлат активларини бошқариш агентлиги “Humo” тўлов тизимини бошқарувчи Миллий банклараро процессинг марказининг 100 фоиз улушини сотишга келишгани ҳақида хабар берилганди. Учта даъвогардан энг юқори нарх — 65 млн доллар таклиф билан “Paynet” ғолиб бўлганди.

“Paynet” билан “Humo"ни хусусийлаштириш бўйича битим 2024 йилнинг 25 декабрида тузилганига қарамай, Давактив агентлиги бу ҳақда орадан деярли уч ҳафта ўтиб — 13 январь куни Корпоратив ахборот ягона порталида расман эълон қилган.

Тўлов муддати ва тартибига аниқлик киритилмаган

Ўтган йилнинг 1 ноябрь куни “Paynet” акциядорларининг навбатдан ташқари йиғилишида МБПМнинг 100 фоиз давлат улушини сотиб олиш тўғрисида бир овоздан қарор қабул қилинди. Ижроия органи “Humo” учун тўлов кунидаги Марказий банк курси бўйича максимал қиймати 65 млн доллар  бўлган олди-сотди шартномасини тузишни маъқуллаган. Мажбурий таклифни топширишнинг охирги муддати этиб 15 ноябрь белгиланган.

Акциядорлар ижроия органига 15 млрд сўм миқдорида гаров пули тўлаш, МБПМдаги давлат улушини 65 млн долларга сотиб олиш бўйича Давактивга таклиф юбориш, олди-сотди шартномасини имзолаш ва маблағларни “шартномада белгиланган тартибда ва муддатларда” ўтказиш топширилди. Бироқ, тўлов муддати ва тартибига томонларнинг ҳеч бири томонидан аниқлик киритилмаган.

Битим қиймати 840,3 млрд сўмни ($65 млн) ташкил этди, бу эса “Paynet"нинг соф активлари миқдоридан (261 млрд сўм) уч баравар юқоридир.

“Paynet” қачон ташкил қилинган?

Ботир Арифжанов томонидан 2005 йилда ташкил этилган “Paynet” тўлов хизмати кейинчалик “Халқ банки"га сотилди. 2023 йилнинг кузида компания хусусийлаштирилди, аммо таъсисчиларнинг ўзгаргани 2024 йилнинг баҳорига келиб маълум бўлди.

Янги эгаси ““New Industrial Technologies” фирмаси бўлиб, унинг 40 фоизи “Asia Alliance Bank"нинг мажоритар акциядори Мустафо Абдураҳмоновга тегишли эди. Май ойида “Paynet” Марказий банкнинг тўлов хизматларига бўлган талабларига мувофиқ акциядорлик жамиятига айлантирилди.

“Humo” хронологияси

2018 йил 15—16 сентябрда UzCard тўлов тизими ишламай қолди. Шундан сўнг 19 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти “Миллий тўлов тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. 24 сентябрда Марказий банк янги тўлов тизими номини аниқлаш бўйича танлов эълон қилди. 26 октябрда янги миллий тўлов тизимига Humo номи берилди. 2019 йил апрел ойида эса Humo тўлов тизими ишга туширилди.

“Humo"нинг хусусийлаштирилиши

Июль ойи ўрталарида Давактив агентлиги “Humo"нинг 100 фоиз улушини хусусийлаштириш бошланганини маълум қилди. Жараён уч босқичда ташкил этилиб, биринчи босқич 22 августда якунланди.

Активни сотиб олишга Ўзбекистон, Европа ва Осиёдан 8 нафар инвестор қизиқиш билдирган. 6 нафар талабгор эса кейинги босқичга ўтди. Қозоғистоннинг “Kaspi fintex” гуруҳи тўлов тизимини сотиб олишга қизиқиш билдирганди. Бироқ, ноябрь ойига келиб, компания хусусийлаштириш жараёнида иштирок этмасликка қарор қилди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар