2024 йил ноябрь ойида тармоқларда халқаро имтиҳонларда юқори балл олган ёшларнинг имтиҳон харажатлари қоплаб берилмаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев тез кунларда харажатлар тўлаб берилишини маълум қилганди ўшанда.
“Юқори балл тўплаган ёшлар биз прогноз қилганимиздан кўпроқни ташкил қилди. Шу сабабли биз агентлик бюджетига қўшимча маблағ учун манба топишимиз керак”, – деганди у.
Шундан сўнг 27 декабрь куни Адлия вазирлиги бу борада маълумот берди.
Вазирлик ўтказган мониторингда аниқланишича, халқаро имтиҳон тизимларида юқори балл олган 309 нафар ёшнинг пули тўлаб берилмаган. Вазирлик Ёшлар ишлари агентлигига имтиҳон топшириш харажатларини маъмурий регламентга мувофиқ тўлиқ қоплаб берилишини таъминлаш юзасидан тақдимнома киритган.
“Мазкур тақдимнома ижроси натижасида жами 132 нафар ёшларнинг 236 850 000 сўм миқдоридаги имтиҳон топшириш харажатларининг тўлиқ қоплаб берилиши таъминланди. Бугунги кунда ваколатли орган томонидан қолган 177 нафар ёшларнинг имтиҳон топшириш харажатларини қоплаб бериш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда”, – дейилган адлия ахборотида.
Қайд этилишича, аниқланган қонунчилик бузилиши ҳолатлари юзасидан агентлик масъул ходими маъмурий жавобгарликка тортилган.