МИБнинг битта туман бўлимининг мансабдорлари давлатга кўп миқдорда моддий зарар етказди

07.11.2024 16:04

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг хабар беришича, агентлик томонидан ўтказилган ўрганишда Мажбурий ижро бюросининг Шайхонтоҳур туман бўлими мансабдор шахслари бир қанча қонун бузилишини содир этган.

"Ўрганиш жараёнида мансабдорларнинг мансабига совуққонлик билан қараш, хизмат вазифаларига лоқайдлик билан муносабатда бўлиш, иш юритувидаги ижро ҳужжатларини асоссиз тамомлаш оқибатида фуқаро, жамият ва давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда моддий зарар етказилгани аниқланди.

Хусусан, 200 та ижро ишида 202,9 млрд сўмлик қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилган", – дейилади Антикоррупция хабарида.

Жумладан, Бюронинг туман бўлими иш юритувидаги биргина МЧЖдан давлат фойдасига ундириш керак бўлган 19 млрд сўмлик солиқ қарздорлигин тўғрисидаги ижро ишлари асоссиз тугатилган. Оқибатда ушбу солиқ қарздорлиги бугунги кунга қадар ундирилмаган.

Шунингдек, яна бошқа кўпгина давлат фойдасига ундириш лозим бўлган солиқ қарздорликларининг ундириш тўғрисидаги ижро ишлари мазкур корхоналар фаолият юритиб келаётган манзили аниқ бўла туриб, асоссиз тамомланган.

Баъзи қарздор корхоналарнинг номига расмийлаштирилган мол-мулклар мавжуд бўлсада, ҳужжатлар асоссиз якунланган.

Агентлик хабарига кўра, мазкур ҳолатлар юзасидан ўрганиш мобайнида тўпланган ҳужжатлар асосида Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган экан.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар