Ўзбекистонда 60 минг эшитиш қобилияти паст инсон бор, улар дуч келаётган қийинчиликларга қачон ечим топилади?

10.10.2024 16:37



ЖСТТнинг маълумотларига кўра, 2050 йилга келиб тахминан 2,5 миллиард одам у ёки бу даражада эшитиш қобилиятини йўқотишдан азият чекади, 700 миллион инсон эса эшитиш қобилияти бузилганлиги туфайли реабилитацияга муҳтож бўлади. Қулоғи оғирлик енгил, мўътадил, оғир ва чуқур кўринишда бўлиши мумкин. Эшитиш қобилияти шикастланиш, касаллик ёки туғма касалликлар натижасда йўқотилади.

Қандай муаммолар қийнамоқда?

Ўзбекистон карлар жамияти маълумотига кўра, мамлакатида деярли 60 минг эшитиш қобилияти паст инсонлар мавжуд. Эшитиш қобилияти бузилган шахслар дуч келаётган муаммолар ҳам талайгина. “Юксалиш” ҳаракати шу тоифадаги инсонлар ўртасида сўровнома ўтказди.

Унда Ўзбекистонда яшаётган 18 ёшдан 65 ёшгача бўлган эшитиш қобилияти бузилган ногиронлиги бўлган шахслардан 102 киши иштирок этди. Жумладан, респондентларнинг ярмидан кўпроғи, яъни 53,9% ишлаётган фуқаролар бўлиб, шу қаторида саволларга жавоб берган талабалар (19,8%), пенсионерлар (11,8%) ва ишсизлар (14,7%)ни ташкил этди.

Респондентларнинг умумий сонидан имо-ишора тилидан фойдаланишдаги қийинчиликларга ҳар доим дуч келганлар 34,3%, кўпинча – 21,6%, баъзан 31,4%, камдан-кам 6,9% ва ҳеч қачон дуч келмаганлар 5,9% ни ташкил этди.

Бунда респондентларнинг 55,9% мулоқот учун технологиялардан фойдаланишини айтган. Респондентларнинг 26,5% ўқув материаллари очиқлигини, 39,2% эса уларни олиш қийинлиги, 34,3% умуман бу материалларни ололмаслигини таъкидлаган.

Ихтисослашган мактаблардаги ўқувчиларнинг 52,9% шароитлар ўртача, 24,5% – яхши, 11,8% – аъло, 10,8% эса ёмон, деб баҳолаган.

Ишга жойлашиш қанчалик осон?

Ишга жойлашиш жамиятга интеграциялашувнинг яна бир муҳим босқичи ҳисобланади. Ишга жойлашиш шарт-шароитлари бўйича 7,8% респондент аъло, 18,6% – яхши, ярмидан кўпи – 51,5% эса уларда ҳамма имкониятлар ҳам берилмаганлигини таъкидлаган ва 22,5% респондент ишга жойлашишнинг имкони йўқлигини айтган.

59,8% респондент тиббий хизматлар ҳар доим ҳам очиқ эмас, деб ҳисоблайдики, бу соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммоларни ўрганишга алоҳида ёндашишни талаб этади. Ижтимоий фаоллик учун имкониятларни 49% респондент яхши, 39,2% – чекланган деб баҳолаган ва 11,8% имконият йўқлигини айтган.

Сўровнома эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар турмушнинг турли соҳаларида ҳануз қийинчиликларга дуч келаётганини кўрсатади. Асосий муаммолар алоқа, таълим, технологиялар, тиббий хизматлар очиқлиги ва ишга жойлашиш имкониятлари билан боғлиқ.

Респондентларнинг жавоблари асосида ишлаб чиқилган таклифлар

Технологиялар очиқлигининг таъминланиши эшитиш қобилияти бузилган шахсларнинг турмушига сезиларли таъсир кўрсатиб, уларнинг мулоқот қилишини осонлаштиради, маълумотларга йўл очилишини яхшилайди ва таълим олиш ҳамда ишлаш учун янги имкониятлар тақдим этади. Тиббий хизматлар соҳасида ҳам, ихтисослашган мактабларда ҳам эшитиш қобилияти бузилган ногиронлиги бўлган шахсларга хизматлар тақдим этишнинг очиқлигини чуқур ўрганиш зарур. 

Эшитиш бўйича муаммоси бўлган инсонларга мослаштирилган дарсликлар яратиш ва имо-ишора тилида ўқитиш сифатини яхшилашни давом эттириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун янги иш ўринлари яратиш ёки уларни ишга оладиган иш берувчилар учун имтиёзларни кенгайтириш зарур. Эшитиш қобилияти бузилган инсонлар дуч келадиган муаммолар, шунингдек, уларни қўллаб-қувватлаш имкониятлари ҳақида жамиятни хабардор қилиш алоҳида аҳамиятга эга.

Бу йўналишда кўриладиган чора-тадбирлар нафақат эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмушини яхшилашга, балки уларнинг жамиятга интеграциялашувига кўмак беради.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар