Қозоғистон Давлат сиёсати институтининг иккинчи экзит-полл натижаларига кўра, сўровда қатнашган қозоғистонликларнинг 72,3 фоизи АЭС учун, 27,7 фоизи эса АЭСга қарши овоз берган.
6 октябрь, якшанба куни Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш бўйича референдум бўлиб ўтди.
Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига кўра, Қозоғистонда референдумда 63,87 фоиз овоз берувчилар иштирок этган.
АЭС қурилишига қаршилар нимадан хавотирда?
Қозоғистон дунёдаги энг йирик уран қазиб олувчиси, аммо электр қуввати тақчиллигидан азият чекмоқда. Атом электр станцияси бу вазиятни ўзгартиришни мақсад қилган. Айни пайтда кўплаб экологлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ва фуқаролик фаоллари АЭС қурилишига қарши. Улар келгусида станцияни фойдаланишдан чиқариш учун катта миқдорда маблағ талаб қилинишини таъкидламоқда. Бундан ташқари, улар АЭС қуриш ғояси Қозоғистон расмийлари томонидан фақат Россия манфаатларини кўзлаб илгари сурилаётганидан хавотирда.
Лекин энг муҳими, атом энергетикаси мухолифларини беқарор Балхаш кўли бўйида АЭС қуриш режалари ташвишга солмоқда. Қайд этилишича, авария юз берган тақдирда мамлакат аҳолиси зич жойлашган ҳудуднинг салмоқли қисми радиоактив ифлосланишга дучор бўлади.
Фақат Қозоғистон эмас
Эслатиб ўтамиз, Россия Қирғизистонда ҳам атом электр станциясини қурмоқчи. Бу масалани ўзаро ҳамкорликда ўрганиб чиқиш бўйича шартномалар имзоланган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида ҳам кам қувватли АЭС қурилишини бошлаш арафасида турибди.