Сенатор Бурхоновнинг ёлғонлари ошкор бўлдими?
"Миллий қонунчилигимизда ички ишлар органлари ходимларини тасвирга олишга ҳеч қандай таъқиқ қўйилмаяпти" номи билан 11 январь куни эълон қилинган Сенатнинг баёнотида мазкур норма қатор чет давлатларда ҳам мавжудлиги айтилган. Бироқ ушбу баёнотдаги айрим маълумотларни интернетда текшириб кўриш орқали Сенат бирмунча чалғитувчи нохолис ахборот берганлигига гувоҳ бўлиш мумкин.
Масалан, Сенатнинг 11 январдаги хабарида Буюк Британия қонунчилигида мавжуд дея, қонундан сўзма сўз мисол келтирилган:
"Буюк Британияда кўчаларда ёки биноларда хизмат вазифаларини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини уларнинг розилигисиз суратга олишни тақиқловчи норма мамлакат парламенти томонидан 2000 йилда тасдиқланган. Мазкур нормага кўра, хизмат вазифасини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимини унинг розилигисиз камера ёки видеокамера ёки мобил телефон орқали тасвирга олишга уринган шахс ҳибсга олиниши ва кейинчалик 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин".
ББС берган ҳақиқий маълумотда эса Сенат мутлақо ёлғон маълумот берганлиги исботланган:
Олий мажлис сенати Буюк Британия парламенти томонидан 2000 йилда қабул қилинган "Террорчиликка қарши кураш" тўғрисидаги қонунни тилга олган. Ушбу қонуннинг 2 та моддасида ҳақиқатдан ҳам полиция ходимини тасвирга олишни тўхтатишни талаб этиш ва ёзиб олиш қурилмасини мусодара қилишга ҳақли эканлиги айтилган. Аммо фақатгина полиция ходими шахснинг террорчи экани ёки олинган тасвир террорчилик ҳаракатлари учун ишлатилишига кучли ва асосли шубҳага эга бўлсагина шундай қилишга ҳақли. Агар бу шубҳаси ўз тасдиғини топмаса полиция ходимининг ўзи жавобгарликка тортилади.
Лондон марказида тартибни сақлашга масъул бўлган "Метрополитен Полис" веб-сайтида аҳоли учун эълон қилинган тавсияларда масалага янада ойдинлик киритилган. Яъни аҳоли ва матбуот вакиллари жамоат жойларда тасвирга олиш учун рухсат сўрашга мажбур эмас, ҳамда полициянинг ҳолатлар ва полиция ходимларининг суратга олинишини тўхтатиш ваколати мавжуд эмас. Бу қоида Британия полициясининг барча бошқармалари томонидан бирдек қабул қилинган. Бундан ташқари, Британия полицияси зиммасига воқеа жойларида ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятига ҳалал бермаган ҳолда матбуот вакиллари учун жараённи кузатув, суратга олиш нуқталарини имкон қадар яратиб бериш вазифаси ҳам юклатилган.
Сенат демократик давлатлардан яна бири – Германия тажрибасини ҳам мисол келтирган:
"Германияда полиция ходимларини суратга олиш тақиқланган эмас, бироқ ушбу фотосуратлар ёки видеоларни ижтимоий тармоқлар ва интернетга жойлаштириш тақиқланган".
ББС:
Бу жумла бир томондан тўғри яна бошқа томондан чалғитувчи ахборот ҳисобланади. Ҳақиқатдан Германияда шахсий ҳуқуқлар қонун билан ҳимояланади. Жамоат жойида алоҳида шахсни берухсат суратга олиш ва уни тарқатиш мумкин эмас, полиция ходимлари ҳам айни фуқаровий ҳуқуқлардан фойдаланадилар. Бироқ, полиция ходимлари тасвирларини тарқатишни таъқиқловчи бирор алоҳида қонун ёки норма Германия қонунчилигида мавжуд эмас. Бундан ташқари Германия қонунлари жамоатчилик манфаатини шахсий ҳуқуқлардан устун қўяди. Агар сиз немис полиция ходими ўз ваколатидан четга чиқиб фуқаровий ҳуқуқларни топтаётгани ёки бошқа қонунни бузаётганига гувоҳ бўлсангиз, бу ҳаракатларни тасвирга олиб тарқатишингиз мумкин.
Сенат баёнотида халқаро тажриба дея келтирилган навбатдаги асосни ҳам мутлақо нотўғри маълумот дейиш мумкин. Яъни Сенат Франция қонунчилигини ҳам мисол келтирган:
"Францияда бир ва бошқа операциялар давомида полиция ходимлари ёки жандармалар шахсни идентификация қилишга ёрдам берадиган тасвирларни тарқатиши 1 йиллик қамоқ ва 45 минг евро жарима билан жазоланади"
ББС:
2021 йил апрелида Франция парламенти полиция ходимларининг юзи ёки исм-шарифи очиқ кўриниб турган суратларни ғараз мақсадларда интернетда тарқатганлик учун жазолашни кўзда тутувчи банди бўлган қонунни ҳақиқатдан маъқуллаган. Қонуннинг илк таҳририда бундай ҳуқуқбузарлик учун 1 йиллик қамоқ ва 45 минг евро жарима қўллаш кўзда тутилган.
Аммо, Олий мажлис сенати хабарини ёзганлар қонуннинг якуний таҳририда жазо чоралари оғирлаштирилиб, қамоқ муддати 5 йилгача, жарима миқдори эса 75 минг еврогача оширилганидан бехабар қолишган кўринади.
Бундан ташқари ушбу қонун бўйича айрим полициячилар суратларини тақиқлашни кўзда тутувчи банд ўша йилнинг май ойида Франция конституциявий суди томонидан мамлакат асосий қонунига зид бўлгани учун бекор қилинган. Яъни ҳозирда Францияда полициячилар суратини тарқатувчи ушбу норма амалда эмас.
Хулоса ўрнидан: 2020 йил 19 декабрда Сенатнинг ўзи тасдиқлаган Ўзбекистон Республикаси Қонунига (ЎРҚ-658-сон) кўра, ёлғон маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланган. Қонунга амал қилинадиган бўлса, Сенат жазоланиши керакми, деган ҳақли савол пайдо бўлмоқда.