Зўравонликка қарши курашиш учун уйма-уй юрибмиз – ИИВ мутасаддиси

16.12.2023 09:59

Ички ишлар вазирлиги ходимининг маълум қилишича, хотин-қизларга нисбатан зўравонликни аниқловчи илова яратилган. Ушбу иловадаги SOS тугмаси ёрдамида қаерда зўравонлик ҳолатлари юз берса, унинг манзилини аниқлаш мумкин. Лекин мобил алоқа яхши бўлмаган ҳудудлар бор, уларни аниқлашда қандай ишлар қилинмоқда? 

Бундан ташқари, негадир, буни бошқа жамоатчилик фаоллари ҳам сезса керак, Хотин-қизлар қўмитасининг борлиги сезилмайди. Педофиллар билан боғлиқ ҳолатлар ижтимоий тармоқларда жуда кўп муҳокама бўлганидан сўнг Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳам муносабат билдирди ва бирдан кўп вақтдан бери қабул қилиниши муҳокамада бўлиб турган қонун маъқулланди. Шу давр мобайнида Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот жим турмасдан нимадир дейиши мумкин эди-ку?

Rost24.uz журналистининг ушбу мазмундаги саволига Ички ишлар вазирлиги Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Умида Абдуллаева қуйидагича жавоб берди:

- Хотин-қизларга, болаларга бўлган тазйиқ бутун дунёда глобал муаммо ҳисобланади. Дунёнинг ҳеч қайси бир давлати бу муаммони тўлиқ ечимини топганман, деб мақтана олмайди. Биз ҳимоя ордерини 2020 йилда бериб бошлаганимизда, бу дунёнинг 126 та давлатида берилган эди. Яна бир нарса, қонунга ўзгартиришлар киритилгунча нега таклифлар берилмаган деган саволингизга, оилавий маиший зўравонлик тушунчасини киритиш бўйича таклифни биз неча йиллардан бери киритиб келамиз. Сабаби, битта тан жароҳати етказилганлиги ёки қўпол муносабат бўлганлиги учун бизнинг жавобгарликка тортишимиз етарли эмас эди. Чунки бизда оилавий зўравонлик тушунчаси йўқ эди. Апрель ойида тасдиқланган қонун билан май ойидан бошлаб бу модда бизда қўлланиляпти. Шу пайтгача 6 мингдан зиёд фуқаро жавобгарликка тортилди, 400 дан зиёд жиноят ишлари қўзғатилди. Буни маҳаллаларда уйма-уй юриб, бешлик аниқлаяпти. Хотин-қизлар фаоли хабардор, у профилактика инспекторига хабар беряпти. У қонуний чора кўриш мақсадида маъмурий жавобгарликка тортяпти. Агар йил давомида иккинчи марта жавобгарликка тортиладиган бўлса ёки оқибатлари оғир бўладиган бўлса, ЖКнинг 126-моддаси билан жавобгарликка тортяпмиз. Бундан ташқари, 2023 йилнинг 10 ойи давомида 32 мингдан ортиқ ҳимоя ордери берилган бўлса, салкам 60% да руҳий зўравонлик статистикаси бўйича берилган. 20 % жисмоний, 85 % ҳолатда оилавий зўравонлик бўлгани учун ҳимоя ордери сўраб келишяпти аёллар. Лекин бу ҳам ўз-ўзидан бўлмайди. Биз уйма-уй юрибмиз, ишонч телефонлари ишлаяпти, аёлларда мурожаат қилишга имконият бўляптики, биз ҳимоя ордерларини расмийлаштириб беряпмиз.

Яна бир саволингизга жавоб берадиган бўлсам, тўғри, SOS тугмаси мобил илова орқали ишлайди, лекин ундан ташқари бизда ишонч телефонлари 24 соат давомида ишлаяпти (1259, 1286). Асосий мақсадимиз зўравонлик ҳолатларини барвақт аниқлаш, аёллар жабрланишининг олдини олиш. Бизда қанчалик кучли қонунлар бўлмасин, лекин қонун тарғиботи кучли бўлмаса, ҳуқуқий билим паст бўлса, қонун ишламайди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар