Ўз даврида “Ўзбекистон маликаси” бўлган Гулнора Каримованинг Швейцария банкларида тўпланиб қолган 840 миллион долларлик бойлиги – ҳукумат буйруғи билан музлатиб қўйилган эди.
Financial Timesʼнинг ёзишича, Швейцария бўйлаб фуқаролик судларида узоқ давом этган ҳуқуқий урушга яқинда барҳам берилиб, суд бойликка ким эга бўлиши кераклигини ҳал қилиши мумкин. Булар: Швейцария ва Ўзбекистон ҳукуматлари; Zeromax номи билан кенг тарқалган холдинг компаниясининг кредиторлари ёки қамоқхонадаги 51 ёшли Каримованинг ўзи.
28 сентябрь куни, ўн йиллик терговдан сўнг Швейцария прокуратураси Каримовага қарши жиноий иш қўзғатди. Нашрга кўра, айблов хулосаси Швейцариянинг Зуг шаҳрида жойлашган Zeromax кредиторларининг даъволарига сабаб бўлган. Ушбу холдинг компания 2010 йилда банкрот бўлиб, 4,6 миллиард доллар қарзга ботган эди. Бунгача эса компания конгломерат тўқимачиликдан тортиб табиий газ саноатигача бўлган ўндан ортиқ тармоқларда активларни қўлга киритиб, Ўзбекистондаги энг йирик иш берувчи даражасига чиққан бўлган, кўпчилик уни Гулнора Каримовага алоқадор деб ҳисоблаган.
Zeromax кредиторларининг даъволари шуки, Каримованинг $840 миллионидан тегишли қисми уларга компенсация қилиши керак. Нашрга кўра, компаниянинг кредиторлари – бразилиялик футбол юлдузларидан тортиб, Германиянинг Қора ўрмонидаги ҳунармандларгача бўлган бир гуруҳ шахслардир.
Швейцария ҳукумати Zeromax ва Каримова ўртасида ҳеч қандай алоқа йўқ, деб ҳисоблайди: 2018 йилги суд қарорига кўра, Zeromax на Каримова томонидан назорат қилинган, на унга фойдали бўлган. Шунинг учун, пулларни Ўзбекистон ҳукумати олишга ҳақли.
Бироқ, Financial Times нашри Швейцария полициясининг ҳисоботларидан бирини қўлга киритганини ёзмоқда. Унда кредиторлар иддао қилганидек, Каримова ва Zeromax ўртасидаги алоқалар батафсил баён этилган.
Бир мисолда 2016 йилда Швейцария полицияси Каримованинг Женевада ижарага олган сейфларини тинтув қилиш учун ордер олгани тасвирланган. Тинтувда ҳашаматли заргарлик буюмлари, жумладан, Боучерон брендидан бўлган 2,5 миллион долларлик битта олмос узук топилган, уларнинг барчаси Zeromax томонидан молиялштирилган.
Женевадаги заргарлик дўконларидан бирининг эгаси полицияга берган баёнотида Каримова заргарлик буюмларини шахсан сотиб олгани ва пулни Zeromax назоратидаги банк ҳисобварағидан ўтказганини айтган.
Гулнора Каримова эса ўзи ва Zeromaxʼга қўйилган порахўрлик айбловларини рад этган.
«У (Каримова) барча айбловларни рад этади ва оқланиши учун курашади. Швейцария банкларида музлатилган пул қонуний равишда уники», — дейди Каримованинг Женевадаги адвокати Грегуар Манже.
Швейцария Ўзбекистон билан Каримованинг пулларини 2020 йилда қайтаришни бошлаш бўйича келишув имзолаган.
Бироқ, бойлик учун кураш давом этаётганини ҳисобга олсак, барча томонлар яқинда бўладиган Швейцариядаги суд — ниҳоят қонуний чигалликни бартараф этишига умид қилмоқда. Лекин, жиноий суд жараёнининг аниқ санаси ҳали белгиланмаган.