Инфляцияни 5 фоизга тушириш 2025 йил охиригача узайтирилди

26.10.2023 17:57

Марказий банк доимий инфляцияни 5 фоизлик таргетга тушириш мақсадини 2025 йил иккинчи ярмигача узайтирди. Лекин Халқаро Валюта Жамғармаси Ўзбекистон 2028 йилгача 5 фоизлик инфляция кўрсаткичига эриша олмаслигини айтди. Аслида қайси сценарий тўғри? Марказий банк инфляция кўрсаткичини 5 фоизга тушириш муддатини яна ортга сурадими? Rost24.uz сайти журналисти бу бўйича Марказий банк раиси ўринбосаридан жавоб олди.

Беҳзод Ҳамраев

«Авваламбор, таргетдан келиб чиқиш керак, бизда таргет 5 фоиз, бу атрофимиздаги давлатларнинг даражасидан келиб чиқиб белгиланган. 2020 йил январь ойидан мана шу таргет бўйича ишлашни бошлаган бўлсак, шу даврдан пандемия бошланди, 2021 йилда пандемиянинг давоми, 2022 йилда эса ташқи дунёдаги геосиёсий вазият натижасида бутун дунёда инфляция юқори бўлди», - дейди Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев.

Унинг сўзларига кўра, эндиликда чиқарилган асосий йўналишда 2025 йилнинг иккинчи ярмида 5 фоизлик инфляцион кўрсаткичга тушиш белгиланган ва ушбу таргетга эришишга ҳар доим ҳаракат қилинади.

«Халқаро Валюта Фонди ҳар йили дунё мамлакатлари бўйича прогнозларни тақдим этади ва бу ташкилотнинг ўзининг фикри. Ташкилот 5 фоизлик инфляцион прогнозни жуда узоқ даврга қўйган. Лекин бир нарсани инобатга олиш керак, Валюта Фонди ҳам ўз прогнозларини йилда 2-3 марта ўзгартиради. Масалан, апрель ойида бутун дунё бўйича 2024 йилги кутилаётган инфляция даражасини 4,1 фоиз деб кўрсатган бўлса, октябрда 5,1 фоиз бўлади, деяпти. Ҳали январда яна эълон қилади. Шунинг учун айтишим мумкинки, асосий йўналишларимизда белгиланган базавий сценарий бўйича мўлжалланган ишлар, чора-тадбирлар, айтайлик, иқтисодиётни эркинлаштириш ва шу каби ислоҳотларнинг ҳаммаси амалга ошириладиган бўлса, 2025 йилнинг охирига бориб 5 фоизлик инфляцион кўрсаткичга эришиш эҳтимолимиз юқори»,- деб жавоб берди Марказий банк раиси ўринбосари.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар