Нодавлат ОТМга берилган “махсус” имтиёзларни йўқотиш керак – депутат

26.09.2023 09:06

Халқ депутатлари Янгиҳаёт туман Кенгаши депутати Абдуқаҳҳор Иминохунов нодавлат олий таълим муассасалари очилишда уларга индивидуал тарзда имтиёзлар берилганига эътироз билдирди. Фармон ва қарорлар билан хусусий олийгоҳлар учун алоҳида махсус чиқартирилган ҳар бир имтёзни бекор қилиш вақти келганини билдирган депутат қуйидагича изоҳ берди:

Ўзбекистондаги барча нодавлат олий таълим ташкилотлари учун ягона шарт-шароитлар яратилиши, ягона талаблар қўйилиши керак.

Президент фармони, Вазирлар Маҳкамаси қарори каби ҳужжатлар билан айрим нодавлат олий таълим ташкилотларига берилган индивидуал имтиёзлар бекор қилиниши ва барча учун ягона қонун-қоидалар ишлаб чиқилиши керак.

Тошкентдаги Вестминстер халқаро университети, Тошкентдаги Турин политехника университети, Тошкентдаги Инха университети, Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти каби (ҳалқаро ҳамкорлик асосида ташкил этилган деб аталувчи) бир қатор университетларга айнан улар учун қабул қилинган Президент фармони ёки Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ўзбекистон Давлат таълим стандартлари ва Малака талаблари меъёрларига мос келмайдиган хорижий университетлар ўқув режалари асосида таълим хизматларини кўрсатиш ҳуқуқи берилган.

Мазкур университетлар ташкил этилган пайтда мамлакатимизда улардан бошқа нодавлат таълим муассасалари бўлмаган, бу шароитда уларга маълум бир имтиёзлар берилиши тушунарли эди.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда жуда кўплаб нодавлат олий таълим ташкилотлари фаолият олиб борилмоқда. Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига кўра уларнинг барчасида таълим жараёни Давлат таълим стандартлари ва Малака талаблари асосида ташкил этилиши шарт.

Махсус фармон ва қарорлар билан ташкил этилган баъзи бир нодавлат университетларида мазкур талабларга риоя қилмаслик имтиёзи мавжуд.

Олий таълим хизматлари бозорида ҳалол рақобат муҳитини шакллантириш учун бозордаги барча иштирокчиларга бир хил шарт-шароит яратилиши талаб этилади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигидан олий таълим тизимини тартибга солувчи барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни монополияга қарши кураш нуқта назаридан қайта экспертизадан ўтказиш ва индивидуал имтиёзлар тақдим этувчи   норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилиб, барча учун баробар, ягона қонун ҳужжатларини жорий этилишида амалий ёрдам беришларини сўраб қоламиз.

Тошкентдаги Вестминстер халқаро университетига лицей ўқувчиларини лицейнинг сўнгги курсида ўқиш билан бир вақтда университетнинг 1-курсида ҳам ўқиш, лицейда ўқишни тамомлаганда университетнинг 1-курсини ҳам якунлаш, кейин яна 3 йил ўқиб, бакалавр даражасига эришиш ҳуқуқи берилган, бу ҳуқуқ бошқа нодавлат университетларига берилмаган. 

Мана шунинг ўзи тизимда носоғлом рақобат муҳити шаклланганлигини кўрсатади. Бир нодавлат университетига рухсат берилган фаолият бошқа барча нодавлат университетларига ҳам рухсат берилиши шарт.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар