Сув хўжалиги вазирлигини матбуот анжумани ўтказишга ким мажбурлади?

10.08.2023 09:27

Сув хўжалиги вазирлиги 8 август куни Миллий матбуот марказида саҳналаштирилган матбуот анжумани ўтказиб, жамоатчилик учун ёпиқлигини яна бир бор исботлади.

Ушбу матбуот анжумани учун бир марталик янги қонун жорий қилиниб, 40 дақиқа чегараланган вақт ажратилди.  

Матбуот анжуманининг мавзуси экинларни томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланди.

Мавзу номидан ҳам ушбу тадбирнинг қанчалик жиддий эканлиги кўриниб турибди. Аммо, муҳим мавзудаги матбуот анжумани мендан кетгунча, эгасига етгунча тарзида, фақат ҳисобот учун ўтказилди.

Сценарий кайфиятига кўра, матбуот анжумани мажбуран ўтказилаётгани яққол кўриниб турарди.

Яъни, белгиланган қимматли 40 дақиқада кўплаб журналистлар қатори Rost24.uz'га ҳам савол бериш учун навбат етмади. Тадбирдан сўнг саволимизга мутахассисдан жавоб олишга ҳаракат қилдик, аммо доимгидек савол боғдан келса, жавоб тоғдан келди.

Сув хўжалиги вазирлиги бош мутахассиси Давронбек Хидирбоев “Томчилатиб суғориш билан ер шўрини ювиб бўлмайди, лекин бизда асосан шўр ерларда ҳам экинлар экилади. Мисол учун, Сирдарё вилоятида. Хоразм вилоятида ҳам сув кўп талаб этиладиган шоли майдонлари бор. Бу икки вилоятда томчилатиб суғориш тизимига ўтилганда қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигида унумдорлик тушиб кетмайдими?" мазмунидаги саволимизга қуйидагича жавоб берди:

— Аслида шўрланиш сув миқдорини ошишидан келиб чиқади. Бу тажриба эса шўр ерлар учун ҳам қулай. Бундан ташқари бу тажриба орқали экин майдонлари ҳам бегона ўтлардан тозаланади. Бегона ўтларнинг ҳаммаси сув орқали келади», — деди у.

Шу пайтгача журналистлар ва жамоатчилик учун ёпиқ бўлган ташкилотлар ўтказган матбуот анжуманида ҳам савол беришга имкон бўлган.  

Аммо сув хўжалиги вазирлигининг матбуот анжуманида берилган иккита савол  ҳам олдиндан келишилгандек туюлди. Чунки унга жавоб сифатида берилган узундан-узун ҳисоботлар маълумот олиш учун келган ҳолис журналистларнинг савол беришига ҳам имкон қолдирмади.

Хулоса шуки, Сув хўжалиги вазирлигининг 8 август куни саҳналаштирилган ҳолда ўтказган матбуот анжумани брифинг тарзида ўтгандек таассурот қолдирди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
10
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар