АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг айтишича, агар Украина донини хавфсиз экспорт қилиш бўйича келишув қайта тикланса, Россия озиқ-овқат маҳсулотларини эркин экспорт қилишини таъминлаш учун Қўшма Штатлар “керак бўлган ҳамма нарсани” қилади.
Ушбу Қора денгиз бўйича келишув ўтган йилнинг июль ойида БМТ ва Туркия воситачилигида Россия-Украина уруши натижасида кучайган глобал озиқ-овқат инқирозига қарши тузилган эди. Бироқ, Россия ўтган ойда бу келишувдан чиқиб кетди.
«Шартнома қайта тикланса, албатта, биз ҳар бир давлат, жумладан Россия ҳам ўз озиқ-овқат маҳсулотларини эркин ва хавфсиз экспорт қилиши учун зарур бўлган барча имкониятларни ишга соламиз», — деди Блинкен журналистларга берган интервьюсида. «Биз ўша озиқ-овқатни жаҳон бозорларида кўришни истаймиз. Нархларнинг арзонлигидан ҳамма манфаатдор бўлишини хоҳлаймиз», — деди у.
Кўплаб давлатлар Россия келишувдан чиққанидан ҳафсаласи пир бўлганини билдирган ва буни қайта кўриб чиқишга чақирган.
Россияни Қора денгиз келишувига рози бўлишга кўндириш учун 2022 йил июль ойида яна бир пакт тузилди. Унда БМТ расмийлари Россияга озиқ-овқат ва ўғитни ташқи бозорларга олиб чиқишда ёрдам беришига келишиб олинган эди.
Россиянинг озиқ-овқат ва ўғит экспорти Ғарб жорий этган санкцияларга боғлиқ эмас. Бироқ, Москва логистика ва суғуртага қўйилган чекловлар юк ташишга тўсқинлик қилаётганини таъкидламоқда.
Кеча бўлган Хавфсизлик Кенгашининг йиғилишида Россиянинг БМТдаги вакили Дмитрий Полянский Ғарб давлатларини БМТнинг Москва билан келишувини бажармаётганликда айблади.
Унинг таъкидлашича, Россия жаҳон буғдой бозорида Украинага қараганда кўпроқ улушга эга ва асосий ўғит экспортчиси ҳисобланади.
«Ғарб давлатлари Россиянинг дон ва ўғитлари муҳтож мамлакатларга тўсиқларсиз етиб боришини таъминлаши керак», — деди Полянский.