Санкцияга учраган Қирғиз компаниялари Россияга ҳарбий воситачи бўлган

22.07.2023 09:06

АҚШ Молия вазирлигининг хориж активларини назорат қилиш бошқармаси ва АҚШ Давлат департаменти Қирғизистоннинг бир қанча компанияларига санкция эълон қилди. Санкция ҳужжатида Қирғизистоннинг 4 та корхонаси Россияга чет элда ишлаб чиқарилган электроника ва технологияларни қайта экспорт қилиб, воситачи ролини бажариб келганликда айбланган. Маълумотларга кўра, бу компаниялар Россия-Украина урушидан кейин очилган.

Санкцияга учраган компаниялар ва уларнинг фаолияти

"RM Desing and Development" (РМДД) МЧЖ 2022 йил март ойида ташкил этилган бўлиб, Қирғизистонда электрон ва телекоммуникация ускуналари ҳамда эҳтиёт қисмлари сотиш билан шуғулланган. Ташкил этилганидан бери бу корхона Россияга, жумладан, Россиядаги мудофаа компанияларига электроника етказиб берувчи фирмаларга икки томонлама мақсадли товарларни жўнатувчи сифатида ишлаб келмоқда. "РМДД" Россиянинг "Бasis Trade Prosoft" МЧЖ, "Радиотехснаб", "Регион-Проф LLC"  компанияларига яримўтказгичли қурилмалар, электрон интеграл микросхемалар ва конденсаторларни ўз ичига олган юзлаб товарларни жўнатди.

"РМДД", "РТС" ва "Регион-Проф" компанияларига Россиянинг 14024-сонли ижроия буйруғига биноан Россия федерацияси иқтисодиётини электроника буюмлари билан таъминлаш вазифаси юклатилган эди.

"Прогресс лидер" компаниясининг бош директори Татьяна Григоревна Иванова Россия фуқароси, Россияда жойлашган "СиAиCи" (CIC) нинг ҳам раҳбари ҳисобланади. "Прогресс лидер" компанияси 2022 йил март ойида ташкил этилган ва "СиАиСи"га кўплаб жўнатмаларни амалга оширган.

"ГТМЕ Технологии" 2022 йил июн ойида ташкил этилган, Қирғизистонда жойлашган корхонадир. "ГТМЕ Технологии" Россияга ўнлаб товарларни, жумладан,  "FinCEN-BIS" қўшимча огоҳлантиришига киритилган тантал конденсаторлари ва электрон қурилмаларини жўнатди. "ГТМЕ технологии"нинг асосий мижози электрон ва рақамли ускуналар сотувчиси, Россияда жойлашган  "Technologies Systems and Complexes Limited" бўлган.

"Cargoline" МЧЖ 2022 йил март ойида ташкил этилган, Қирғизистонда жойлашган корхона бўлиб, Россияга, жумладан, АҚШ экспорт назорати остидаги авиакомпанияларга миллионлаб долларлик хорижий авиация ускуналарини тўғридан-тўғри жўнатган. "Cаrgoline" Россия иқтисодиётининг аерокосмик соҳасида фаолият юритиш учун тайинганликда даъво қилинади.

Қўлланилган санкциялар бўйича тушунтириш берар экан, АҚШ Ғазначилик котиби ўринбосари Уолли Адеемо, "Бугунги ҳаракатларимиз Россиянинг ҳарбий салоҳиятини, жанг майдонидаги таъминотини ва иқтисодий фойдасини чеклаш бўйича яна бир қадамдир. Россия Украинага қарши асоссиз ва шафқатсиз уруш олиб боришда давом этар экан, биз Россияни керакли технологиядан маҳрум қилиш ва Россия қурол саноатини қайта таъминлаш қобилиятини бузиш учун санкциялар қўллаймиз", - деди.

20 июль куни эса Қирғизистон Республикасининг Украинадаги элчиси Идрис Қодирқулов Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтиш учун Қирғизистон юрисдикциясидан фойдаланиш, хусусан, қурол-яроғ буюмлари ва юқори технологияли маҳсулотларни етказиб бериш бўйича тушунтиришлар олиш мақсадида Украина Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.

Дипломатга Қирғизистон Республикаси жаҳон ҳамжамиятининг аъзоси сифатида Россияга қарши халқаро санкциялар сиёсатига риоя қилиш учун жавобгар бўлиши шартлиги айтиб ўтилган.

Учрашувда, шунингдек, Қирғизистон ҳудудидан Россияга ҳарбий техникани жиҳозлашда ишлатилиши мумкин бўлган товарларнинг ре-экспорт қилиниши Украина томонидан Россиянинг Украинага қарши босқинчилик урушини қўллаб-қувватлашга қаратилган нодўстона ҳаракатлар сифатида баҳоланиши алоҳида таъкидланган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар