Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тартиби янги қонун билан кенгайтирилди.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 29-моддасига кўра, ҳар кимнинг малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланган. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади.
Жорий йил 16 июн куни "Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди.
Хўш бу қонунда эскисига нисбатан қандай ўзгаришлар бўлди? Давлат томонидан юридик ёрдам олишда кимларга бепул ёрдам берилади? Эски қонунга нисбатан янгисида бепул ёрдам олиш катергориялари кўпайди. Аммо эскисида ҳам бор эди. Эски қонун бўйича қанча одамга бепул ёрдам кўрсатилган? Бундан ташқари адвокатларга ариза ёзиш, судга мурожаат қилиш учун ҳам тўлов қилинади. Бу тўловлар қандай тарзда амалга оширилади? Ҳар бирига алоҳида тўлов қилинса, бу жараёнда коррупцион ҳолатлар бўлмайдими?
Rost24.uz мухбирининг ушбу мазмундаги саволларига адлия вазирлиги масъул ходими Ёқутхон Юсупова жавоб берди:
— Адвокатлар юридик ёрдам кўрсатгандан кейин нима ишлар қилганлиги тўғрисида маълумотнома топширади. Ушбу қонун бўйича бу ҳолат такомиллаштирилди, яъни, адвокатлар электрон тарзда маълумотнома топширади, унда адвокатнинг нима ишлар қилганлиги, қайси судда қатнашганлиги, қанча вақт у ерда бўлганлиги, танаффус жараёнлари ҳам ёзилади ва иш якунига етганидан кейин маълумотномани махсус ваколатли органга топширади (Қонун бўйича махсус ваколатли орган Адлия вазирлиги этиб белгиланган. Келгусида вазирлик ушбу ваколатни ҳудудий адлия органларига ҳам беришни режалаштирган).
Маълумотнома ўрганиб чиқилгач, молия органларига берилади ва адвокатлик тузилмаси ҳисоб рақамига тўловлар амалга оширилади. Бундан ташқари, бепул ёрдам олиш имкониятига эга бўлган фуқаролар томонидан охирги уч йилда 70 млрд. сўмдан ортиқ тўловлар амалга оширилган. Бу борадаги статистика қанчадир фуқарога эмас, ишларга қараб амалга оширилади. Сўнги йилларда бу 100-150 мингга етган. Бу жиноий ишлар бўйича, агар бундан сўнг фуқаролик, маъмурий ва бошқа ишлар қўшилган ҳолатларда бу сонлар 2-3 баробарга ортиши тахмин қилинмоқда», — дея жавоб берди Ё. Юсупова.
Эслатма, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатган адвокатлар ҳақидаги маълумотлар “Юридик ёрдам” ахборот тизимида эълон қилинади.