Олий Мажлис депутати жиддий эътироз билан чиқди
Тошкент шаҳридаги “аквапарк”лардан биридаги аёллар кийиниш хонасида камера ўрнатилгани билан боғлиқ ҳолат эътиборимни тортди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 31-моддасида аниқ қилиб ёзиб қўйилган: “Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга”.
Бугун одамларимиз ўзгарган, уларнинг дунёқараши, фикрлаши, ҳуқуқий маданияти ўсган. Назаримда, юқоридаги ҳолатда фуқаро ўз шаъни ва шахси билан боғлиқ ножоиз тасвирлар чиқиб кетиш эҳтимолидан, умуман уларни камералар орқали кузатиб турган бўлишлари мумкинлигидан ўринли хавотирланган ва ўзининг конституциявий ҳуқуқини тўғри талаб қилган. Тадбиркор эса ўзининг ҳимояси учун камералар гўёки “хавфсизликни таъминлаш” мақсадида қўйилгани важини кўрсатган.
Ҳолат бўйича ўрганиш олиб борган мутасаддиларнинг расмий муносабати эса ундан-да таажжубланарли. Эмишки, Юнусобод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари ўрганиш олиб борганида, “бассейнга келганларнинг фото ёки видеоси тарқатилганлигини тасдиқловчи маълумот топилмаган ҳамда муассаса маъмурияти ёки ходимлари томонидан мижозларга оид тасвирлар тарқатилганлиги ҳолати бўйича шикоят ёки маълумот келиб тушмаган”.
Қолаверса, расмийлар камералар кийиниш хонасида эмас, балки ташриф буюрувчиларнинг шахсий буюмлари сақланадиган кийим жавони жойлаштирилган майдонда эканлигини, улар мижозларнинг буюмлари ўғирланишининг олдини олиш мақсадида ўрнатилганлигини маълум қилган. Якунида орган ходимлари бассейнга келувчиларнинг шахсий расм ёки видеоларини тарқатмасликлари бўйича муассаса ишчилари билан профилактик суҳбатни ҳам ўтказишибди.
Тошкент шаҳридан парламентга сайланган депутат ҳамда шу шаҳарнинг фаол хотин-қизларидан бири сифатида ушбу ҳолат бўйича олиб борилган ўрганиш ишлари қайтадан ва холисона ўтказилишини талаб қиламан. Бу ерда гап опа-сингилларимизнинг шаъни, ор-номуси, ҳуқуқлари ҳимояси ҳақида бораяпти. Ахир камера кийиниш хонасида ўрнатилмаганида мижознинг шикоят қилишидан нима наф? Тадбиркорнинг хизматидан баҳраманд бўлиб, тинчгина келиб-кетмасмиди?
Видео ҳеч қаерда чиқмаган бўлиши мумкин (ҳозирча!), лекин уни чиқармаслик кафолатини ким бера олади? Эртага бу каби “учар” фактлар айнан шу аёлимизнинг оиласида тазйиқ ва зўравонликка учрашишига сабаб бўлиб қолмаслиги бўйича ҳам профилактик суҳбатлар ўтказилдими?!
Нега биз кўп ҳолларда ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш эмас, балки у содир этилганидан кейин чора кўришни маъқул деб биламиз? Умуман, фуқаронинг шикояти ва хавотирига нисбатан “Қани, қаерда видео бор? Йўқ-ку! Муассаса раҳбариятини огоҳлантирдик, видеони чиқармайди” қабилида муносабат билдирилганини ёқлаб бўлмайди. Бу борада расмийларнинг тезкор ва холисона ҳуқуқий баҳосини кутиб қоламиз.
Гулруҳ Аъзамова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.