Ота-онасиз болаларни қандай асраб олиш мумкин?

02.02.2023 19:00

Топиб олинган боланинг ҳужжатлари қандай расмийлаштирилади?

Бугунги кунда Ўзбекистонда жами 16 та «Меҳрибонлик» уйлари мавжуд бўлиб, уларда 1 541 нафар бола, бундан ташқари, 4 та Болалар шаҳарчаларида 236 нафар бола, 5 та оилавий болалар уйларида 46 нафар бола ва 13 та Болалар уйларида 506 нафар бола тарбияланади.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг «Гўдаклар уйлари» бор.

Болаларни боқиб олиш тизими эса, жамоатчиликнинг фикрига кўра, Ўзбекистонда анча мураккаб экан. Аслида қандай?

Ўзбекистонда қаровсиз қолдирилган ёки ташлаб кетилган болаларни боқиб олган ёки боқиб олмоқчи бўлган оилаларни қизиқтирадиган саволлардан бири – бундай болаларнинг ҳужжатлари қандай расмийлаштирилади?

Бухоро вилоят Ғиждувон туман ФҲДЁ бўлими катта инспектори Зулфизар Сайфиеванинг хабар беришича, Ўзбекистондаги қонунчиликка кўра, қаровсиз қолдирилган болаларга фуқароликни расмийлаштириш тартиби қуйидагича амалга оширилади:

Топиб олинган (ташлаб кетилган) боланинг туғилганлигини қайд этиш ички ишлар, васийлик ва ҳомийлик органлари, бола жойлашган муассаса маъмурияти ёки тиббиёт муассасасининг аризасига биноан амалга оширилади. Болани топиб олган шахс йигирма тўрт соат мобайнида ушбу тумандаги ички ишлар органига ёки васийлик ва ҳомийлик органига хабар бериши керак.

Топиб олинган (ташлаб кетилган) боланинг туғилганлигини қайд этишда қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

✅ички ишлар органи ёки васийлик ва ҳомийлик органининг боланинг топиб олинган вақти, жойи ва топиб олинган пайтдаги ҳолати тўғрисидаги далолатномаси;

✅тиббий муассасанинг топиб олинган боланинг ёши, жинси, вазни ва бўйи ҳақидаги маълумотномаси;

✅топиб олинган (ташлаб кетилган) боланинг туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувига ота-онасининг фамилияси, исми ва миллати тўғрисидаги маълумотлар мазкур қоидаларнинг 28-бандида санаб ўтилган органларнинг кўрсатмалари асосида киритилади. Бундай ҳолда боланинг ва боланинг ота-онаси сифатида кўрсатилган шахсларнинг фамилияси бир хилда ёзилади.

✅"Белгилар учун" устунига "Бола топилган" ёки "Ташлаб кетилган" деб ёзилади ва ота-онаси ҳақидаги маълумотлар кимнинг кўрсатмасига асосан ёзилганлиги кўрсатилади.

Хорижда қандай?

Бугунги кунда Америка Қўшма Штатларида узоқ муддатли яшаш учун мўлжалланган болалар уйлари мавжуд эмас. Ота-она қарамоғисиз қолган болаларни вақтинча сақлаш учун махсус муассасалар мавжуд бўлиб, уларнинг мақсади ҳар бир бола учун имкон қадар тезроқ янги оилани топишдир.
Ҳозирда қарийб 428 минг америкалик бола гўдакликдан 18 ёшгача ҳомийлик остида  фостер оилаларда  яшашади.

«Foster care» болани тарбиялашга ихтисослашган оилалар ҳисобланади. Бундай оилалардаги ота-оналар профессионал тайёргарликдан ўтган бўлиб, уларга бола тарбияси учун нафақалар белгиланади.

Буюк Британияда ҳам «Foster care» тизими шаклланган бўлиб, унда болалар ихтисослашган оилаларга бир неча соатдан бир неча кунгача жойлаштирилади. Боланинг оила аъзоси кутилмаганда касалхонага тушиши натижасида бола қаровсиз қолса шу турдан фойдаланилади. 
Шунингдек, Британияда узоқроқ – икки йилгача бўлган муддатга болаларни ихтисослашган оилаларга жойлаштириш тури ҳам мавжуд.

Руминияда болалар ҳимояси борасида янги жараён бошланган бўлиб, ушбу мамлакатда болаларни меҳрибонлик уйларига   жойлаштириш жараёни тўхтатилган.

Бу борада Ўзбекистон бошқа давлатлар тажрибасида кўрилган усуллардан фойдаланиши, болалар ва ўсмирларни аввало мукаммал даражада ҳимоялашга, шунингдек, руҳиятини ҳисобга олган ҳолда сифатли таълим-тарбия беришга асосланган тизимни ривожлантириши, Болалар уйларини тугатиш ва болаларнинг оддий оилавий муҳитда вояга етишини таъминлаши айни вақтларда ўта муҳимлиги, айниқса кейинги вақтларда болаларга бўлаётган тажовузлардан ҳам яққол билинди. Бу ўринда боланинг руҳияти ва ҳимояси биринчи ўринда бўлиши керак.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар